Исроил Мадримов: Ўзбекистонга ғалаба билан қайтишни мақсад қилганман
Хабарингиз бор, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ва “Uzbek Tigers” жамоаси аъзоси Исроил Мадримов фаолиятини профессионал рингда давом эттиришга қарор қилди.
Айни дамда боксчимиз илк профессионал жангига тайёргарликни океанортида ўтказмоқда.
– Бўлажак жангга тайёргарликлар яхши ўтмоқда. Жангга яқин қолгани сабабли машғулотлар кучайтирилмоқда. Албатта, ҳар бир боксчи янги босқичга чиққандан кейин ўзгача ҳиссиётларни ҳис қилади. Мен ҳам бундан мустасно эмасман, бироқ эътибор асосий мақсадга қаратилган. Ўзимизни қўлга олиб, ҳиссиётларга берилмасдан жангга муносиб тайёргарлик кўриш зарур, чунки у ерда мени тажрибали, мендан олдин бир қанча жанглар ўтказган рақиб кутиб турибди. Жангнинг яна бир муҳим жиҳати, илк тўқнашувимдаёқ чемпионлик камари учун рингга кўтариляпман. Бунақаси камдан кам бўлади.
– Бу ерда ўзим эмасман. Мен билан бир неча йиллар ҳаваскорлар боксида бирга фаолият олиб борган дўстларим қийинчиликларни енгиб ўтишга яқиндан ёрдам бермоқда. Улардан миннатдорман. Насиб қилса, бу меҳнатларимиз самараси ғалаба билан якунланади. Юртимизга зафарлар билан қайтамиз, – дейди Исроил Мадримов SPORTS.uz нашрига.
– Жанг 10 раунд давом этади. Одатда профессионал боксга кириб келган боксчи учун бу бироз кўп. Аммо машғулотлар ҳам шунга яраша. Рақибни ўзганиб чиқяпмиз. Бўлажак жангда режа бўйича иш қилиб, муваффақият қозонишимга ишонаман.
Эслатиб ўтамиз, боксчимиз Россиянинг “Мир Бокса” промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаган. Унинг илк жанги 24 ноябр куни Атлантик-Ситида ўтказади. Рақиб мексикалик Виктор Ернандес бўлади. Бу боксчи профессионал рингда 12 жанг ўтказиб, 10 ғалаба (6 нокаут) ва 2 мағлубият қайд этган.
Фикрлар