Жалолиддин Машарипов: Австралиядан аламимизни олмоқчимиз
Футболчиларимиз Австралияга қарши ўйинга жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Машғулотлар якунига етгандан кейин терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Австралияга қарши ўйин олдидан ЎФА Матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Япониядан учралган мағлубият бизга қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилади. Одатда, жамоа мағлубиятга учраса, кўпчиликда тушкунлик кайфияти бўлиши мумкин. Лекин бизда Японияга қарши ўйиндан кейин иштиёқ катта. Биз японларга қарши муносиб курашдик. Чиройли ва мазмунли ўйин намойиш қилдик. Австралия билан ҳам мана шундай курашамиз. Охиригача. Фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Рақибдан қўрқиш, чўчиш умуман йўқ. Японияга қарши ўйинда қандай ўйнай олишимизни кўрсатдик. Австралияга қарши бундан ҳам кучлироқ ўйин намойиш қиламиз.
Австралия терма жамоаси аъзолари кўпроқ юқоридан тўп узатмаларини амалга ошириб, бош билан ўйнашни маъқул кўради. Шундан келиб чиқиб, уларга қарши ўйинда тўпни ерда сақлашга, кўпроқ қисқа паслар билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга ҳаракат қиламиз. Қатардаги Осиё Кубогида Австралия бизни 6:0га мағлубиятга учратган. Нимчорак финал баҳсида ана ўша мағлубият учун аламимизни олмоқчимиз. Худо хоҳласа, ғалаба биз томонда бўлади", - дейди Машарипов.
Фикрлар