Жаъфар Ирисметов: Ҳамдамов келгач, Гонсалвешга эхтиёжимиз қолмади

“Пахтакор” клуби янги мавсум учун тайёргарликни БААда олиб боряпти. Ўтган йили белгиланган ишлар охиригача етказилмагани туфайли бу йил “шерлар” хато ва камчиликларидан керакли хулосаларни чиқарган ҳолда режалар ишлаб чиқиб, янги мавсум учун жиддий ҳозирлик кўришмоқда. “Пахтакор” 12 февралда дастлабки синовдан ўтиши керак. Шу куни Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Ироқнинг “Эйр Форс” клубига қарши ўйнайди ва ундан кейин яна бир плей-офф учрашуви кутиб турибди. Янги мавсумда ҳам “Пахтакор”нинг олдига энг юксак мақсадлар қўйилган.

Жамоа таркибидаги ўзгаришлар эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Айниқса, охирги пайтларда клубга келган ва кетган ўйинчилар борасида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Шу мақсадда клубнинг спорт директори Жаъфар Ирисметов билан гаплашдик ва у кўплаб масалаларга ойдинлик киритди.

“Безеррага қатарликлар кўп пул таклиф қилишди”

- Бизнинг биринчи режамиз 12 февраль куни Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги Ироқнинг “Эйр Форс” жамоасига қарши ўйин учун жиддий тайёргарлик кўришдан иборат – деб гап бошлади, Ирисметов. - 24 декабрдан бошлаб илк машғулотларга киришгандик. Шундан сўнг 3 январдан бутун жамоа бўлиб йиғилдик. Яъни, шу кундан легионерларимиз ҳам қўшилишди. Имкони қадар 12 февраль куни бўладиган учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўришимиз керак. Лекин бу масалада бизда бироз қийинчиликлар бўляпти. Чунки терма жамоаларимизга кетган ўйинчиларимиз кўп эди. Мана, энди 25 январдан Абу-Дабида ўқув-машғулот йиғинларимизни бошладик. Бу ерда 6 февралгача шуғулланамиз. Бор эътиборимизни юқорида айтганимдек, 12 февраль куни бўладиган учрашувга қаратганмиз.

- “Эйр Форс” жамоасини ўрганиш ишлари қандай олиб бориляпти?

- Мураббийларимиз бўлажак рақибни диққат билан ўрганиб чиқишяпти. Деярли ҳар куни “Эйр Форс” ҳақидаги маълумотларни кўришяпти. Бу клубда кўплаб муаммолар борлигидан ҳам хабаримиз бор. Лекин бу ўйинга таъсир қилмайди деб ўйлайман. Уларнинг таркибида легионерлари ва терма жамоада ўйнайдиган уч нафар ўйинчилари ҳам бор. Биз уларни Осиё Кубогида кўрдик. Айтишим мумкинки, жамоа яхши шаклланган. Уларнинг марказида суриялик футболчиси бор ва ўзидан илиқ таассурот қолдиряпти. “Эйр Форс” таркибидаги футболчиларни курашувчан дейиш мумкин. Лекин биз асло рақибдан қўрқмаяпмиз. Шунчаки, улар ҳақидаги маълумотларни айтяпман холос. Кейинги босқичга чиқишимизга ишонаман.

- Жамоанинг ўтган йилги тўпурари Тиаго Безерра Қатар клубига ўтиб кетди. Уни олиб қолишнинг иложи бўлмадими?

- Безерранинг биз билан тузган шартномаси тугаганди. Лекин уни осонликча қўйиб юборишни истамадик ва жамоада олиб қолиш учун охиригача курашдик. Афсуски, Тиаго билан барибир келиша олмадик. У Қатар клубини танлади. Биз эса Қатар жамоалари билан молиявий томондан рақобатлаша олмаймиз. Лекин биз охиригача унга энг яхши таклиф билан чиқдик. Аммо қатарликлар биздан кўра кўпроқ пул таклиф қилгани учун уларга ўтиб кетди. Аммо унинг “Пахтакор”га қайтиб келишини жуда хоҳлагандик.

“ҚОНУН БЎЙИЧА ТУРҒУНБОЕВ “ПАХТАКОР”ГА ҚЎШИЛИШИ ШАРТ”

- Навбатдаги саволим Азиз Турғунбоев масаласи билан боғлиқ. Ўйлашимча, бу ҳаммани қизиқтиряпти. Яқинда “Пахтакор” ОЧЛнинг қайдномаси учун футболчилар рўйхатини эълон қилди ва унда Азиз Турғунбоев ҳам бор эди. Лекин у “Навбаҳор” билан ҳам шартнома имзолаган ва ҳозирда наманганликлар билан Қримда шуғулланиб юрибди. Ушбу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз?

- Азиз Турғунбоев билан ҳаққоний тарзда шартнома тузганмиз. Яъни, барча қонун-қоидаларга зид бўлмаган равишда ўзаро келишган ҳолда шартнома имзолаганмиз. Шундай экан, Азиз “Пахтакор”нинг футболчиси ҳисобланади. Тўғри, у айни пайтда “Навбаҳор” жамоаси билан шуғулланяпти. Терма жамоанинг лагеридан тўғри Қримга учиб кетган. Лекин биз футболчини қайтариш масаласида ПФЛга мурожаат қилганмиз. Бемалол айтишим мумкинки, биз уни ҳаққоний равишда ПФЛнинг рўйхатидан ўтказиб Осиё Чемпионлар лигаси учун “заявка” қилганмиз. Албатта, бу вазиятда футболчининг хоҳишига ҳам қаралади. Аммо биз Турғунбоев билан шартнома тузаётганимизда унинг жамоамизда ўйнаш учун хоҳиши бор эди. Ҳозир ҳам футболчининг “Пахтакор”да тўп суришга хоҳиши бўлиши керак. Яна нима дейишим мумкин? Азиз аввало “Пахтакор”га келиб машғулотларга қўшилиши лозим. Шундан кейингина агар унинг ўзи кетишни истаса, “Навбаҳор” билан музокараларга киришишимиз керак бўлади. Бироқ қонун бўйича Турғунбоев “Пахтакор”га қўшилиши шарт.

- Шунингдек, Жалолиддин Машариповнинг кейинги тақдири ҳам барчани қизиқтиряпти. Аввалига футболчи Европага кетмоқчиман деди, кейин эса “Пахтакор” билан шартнома имзолагани ҳақида хабарлар чиқди. У чиндан ҳам клубда қолдими ёки кетяптими? Шу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз яхши бўларди.

- Машарипов билан музокаралар олиб боряпмиз. Қўлимиздан келганича уни жамоада олиб қолишга ҳаракат қиляпмиз. У чиндан ҳам Европага кетаман деган ва у ердан футболчи учун яхши таклифлар бўляпти. Агар унинг “Пахтакор”да ўйнашга қанчалик хоҳиши катта бўлса, бу ерда қолиш учун имконияти шунчалик юқори. Лекин ҳали музокаралар давом этяпти. Биз у билан ҳозирча оғзаки келишувга эришганмиз. Бироқ шартнома имзолаганимиз йўқ.

- Жамоада легионерлар борасида ҳам янгиликлар бўладими?

- Ҳозирча олдимизда Жалолиддин Машарипов ва яна бир-иккита ўйинчилар билан шартномаларни узайтириш ва янги битимлар имзолаш масалалари бор. Агарда ўзимиз истаган барча футболчилар билан шартномалар туза олсак, бошқа легионерларга эхтиёжимиз қолмайди. Аммо ҳозирча биргина таянч ярим ҳимоячиси борасида бошимиз қотяпти. Балки ушбу позицияга янги легионерни рўйхатдан ўтказишимиз мумкин. Бу борада ўзбекистонлик икки нафар футболчи билан гаплашяпмиз. Мабодо, улар билан келиша олмасак, легионер масаласини кўриб чиқишимиз мумкин.

“ПАХТАКОР” ТРАНСФЕРЛАРДАН ФОЙДА КЎРЯПТИ”

- Умуман олганда, шу кунга қадар “Пахтакор” кимлар билан расман шартномалар имзолади ва клубни тарк этган ўйинчилар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

- Клубдан кетган ўйинчиларга келсак, Камолиддин Тожиев, Акмал Шораҳмедов, Александр Лобанов, Жамшид Искандеров, Акбар Исматуллаев, Станислав Андреев, Аббос Отахонов, Жасур Ҳакимов, Исмоил Гонсалвеш, Тиаго Безерра кабилар “Пахтакор”ни тарк этишди. Энди шартнома имзолаган футболчиларга тўхталсам, Достон Ҳамдамов, Акром Комилов ва Сардор Собирхўжаев расман “Пахтакор”нинг янги ўйинчиларига айланишди. Дарвоқе, Санжар Қувватов билан ҳам икки йиллик шартнома туздик. Шунингдек, Марат Бикмаев ва Садриддин Абдуллаев билан ҳам келишувга эришдик. Машарипов билан боғлиқ вазиятни боя айтдим, Егор Кримец билан эса янги шартнома туздик.

- Шораҳмедов “Пахтакор”нинг асосий ўйинчиларидан бири эди. У билан келиша олмадингларми ёки мураббийнинг режасига тўғри келмай қолдими?

- Акмал АГМКга қўшилди. Олдин ҳам Миржалол ака Қосимов билан ишлаган. Шу боис у билан келишган ҳолда хайрлашдик.

- Гонсалвеш “Пахтакор”нинг Тошкентдаги йиғинида ҳам қатнашганди. Унинг кетиши нима билан боғлиқ?

- Достон Ҳамдамовни қўлга киритганимиздан кейин Исмоил Гонсалвешга эхтиёжимиз қолмади. Қолаверса, бизда унинг жойда ўйнайдиган Жасур Яхшибоев ҳам бор. Терма жамоаларимизга номзод бўлган футболчилардан фойдаланиш мақсадида Исмоилдан воз кечдик. Яхшибоевга ҳам кўпроқ ўйин амалиётини бериш учун ҳам ушбу трансферларни амалга оширяпмиз. Лекин Гонсалвеш “Пахтакор”да ёмон ўйнамади. Айниқса, мавсум охирларига келганда ўйинини кучайтирди. Лекин эндиликда Гонсалвешни Эрон клубига трансфер қилдик.

- Унинг Эрон жамоасига трансфер қилингани “Пахтакор”нинг моддий томондан фойда кўрганини билдирадими?

- Албатта, шундай. Клуб бу трансфердан фойда олади. “Пахтакор” фақатгина бошқа ўйинчиларни қўлга киритиш орқали трансфер қилмайди, биз ҳам ўйинчиларни сотиб фойда кўришимиз мумкин. Гонсалвеш бунга мисол бўла олади.

- “Пахтакор” ҳозирги селекция жараёнида яна қайси ўйинчиларнинг трансфери орқали фойда кўрмоқчи?

- Аббос Отахонов, Акбар Исматуллаев, Станислав Андреев каби футболчиларни “Металлург” клубига трансфер қилдик. Лекин аниқ маблағни айта олмасам-да, яхши даромад олдик. Бир жамоада 30-40 нафар футболчини ушлаб туриб бўлмайди. Ҳаммага ҳам ўйин амалиёти керак. Қолаверса, Акмал Шораҳмедов билан Жасур Ҳакимов ҳам ОКМК клубига трансфер қилинди. Қишки трансфер ойнасида “Пахтакор” ўйинчиларни сотиш орқали яхши фойда кўрди деб ўйлайман. Лекин бизга биринчи ўринда даромад қилиш эмас, балки клуб манфаатидан келиб чиққан ҳолда футболчилар керак. Мен ҳам, Собир Ходиев ҳам ўз вақтида футболчи бўлганмиз ва уларни яхши тушунамиз. Исматуллаев, Андреев кабилар шундай ёшдаки, улар роса ўйнайдиган пайтда. Шу боис икки томонлама келишиб, уларни ҳам трансфер қилдик. Шунингдек, ўйинчини ижарага бераётганда ҳам ҳаммасини ўйлаймиз. Масалан, ўша клубда футболчимиз 50 фоиздан кўп ўйинларда майдонга тушса, биз ижара пулининг миқдорини камайтирамиз. Бизга пул ишлашдан кўра футболчимизнинг ўйин амалиёти муҳимроқ. Бу бизнинг “Пахтакор” раҳбарияти билан ўзаро келишган ҳолдаги формуламиз ҳисобланади. Менимча, бундай қонун-қоидалар бошқалар учун янгилик бўлса керак.

- Ҳозирги қишки трансфер бозорида “Пахтакор” билан “Локомотив”нинг ўзаро рақобатлашаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Чиндан ҳам иккала жамоа таркибини кучли футболчилар билан бойитиб боряпти.

- “Локомотив” билан ким зўр трансферларни қилади, деган мазмунда рақобатлашмаяпмиз. Бу асосан клуб “филасофияси” бўйича амалга оширилаётган ўзгаришлардир. Ўзимизга керакли футболчиларни қўлга киритяпмиз. “Локомотив” билан ким ўзарга ўйинчи олаётганимиз йўқ. Шунчаки, ўз мақсадларимиздан келиб чиқиб футболчиларни оляпмиз. Шу билан бирга сифат даражасига ҳам эътибор беряпмиз. Қолаверса, клубнинг бош директори Дмитрий Адисман ва маркетинг бўлими бошлиғи Аваз Муталовнинг ҳам ҳиссаси катта. Ҳаммамиз олдимизга олий мақсадларни қўйиб ишлаяпмиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
AzizGazieff-Marco Simic 55 PFK Pakhtakor Tashkent Uzbekistan GoLions
30/01/2019 18:06
Бу жамоани энди Пахтакор деб аташгаям тил бормайди.
ФК "ЛОКОСАФ"
Металлург эса Пахтакор
&
Futbol muxlisi
30/01/2019 18:47
Shu irismetov bilan muminjonov.ga qoil qomadim