Купер супер...ми?

Энди бизда ҳам дунё тан олган топ-савиядаги мураббий бор. Ҳа, гап Эктор Купер ҳақида кетмоқда. Ниҳоят, миллий терма жамоамиз янгича қиёфага кириб боряпти. Аниқроғи, футболимизда янги саҳифа очилмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз.

Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз янги бош мураббий бошчилигида илк бор хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Австралияга бориб келди. У ерда вакилларимиз Ливан ҳамда Жанубий Кореяга қарши иккита ўртоқлик учрашувида иштирок этишди. Аммо кўнгилни хира қилгани томони шундаки, мазкур учрашувлардан сўнг аксарият мухлислар Эктор Купернинг тажрибасига шубҳа билан қарай бошладилар. Боиси, биздан кучсиз бўлган Ливан билан нурсиз дуранг ўйнаган бўлсак, Жанубий Кореяга қарши баҳсда футболчиларимиз ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмадилар ва якунда корейслар дарвозамиз томон жавобсиз тўртта гол уришди. Мазкур йиғин ва ўйинлар ҳақида ҳакамсбларимиз томонидан турли танқидий фикрлар айтиляпти ва ёзиляпти. Айниқса, корейсларга ҳеч қандай қаршиликсиз йирик ҳисобда бой берилган ўйин ҳеч кимга ёқмади. Шу туфайли бош мураббийга жиддий равишда танқидлар бўлаётгани ҳам табиий. Эътиборлиси, ўйиндан кейин Купер гарчи жамоаси йирик ҳисобда ютқазган бўлса-да, тактик томонлама футболчиларнинг ўсишга эришаётгани ҳақида айтган гаплари ажабланарли бўлди. Ўйинни кўрган мухлис борки, ҳамманинг кайфияти бузилди. Ўйин тўлиқ корейсларнинг назоратида ўтди ва ҳимоя чизиғимизни остин-устун қилиб ташлашгани ҳам рост. Чиндан ҳам агар рақиб янада йирик ҳисобда ютиши керак бўлса, ўша куни улар бу ишни уддалашлари аниқ эди. Рақибга 4:0 ҳисобида ютқазган бўлсагу, футболчиларнинг ўйини тактик жиҳатдан қандай қилиб ўсишга эришишаётган бўлиши мумкин? Очиғи, шуни тушунмадик. Ёки Купернинг билдирган фикрларини нотўғри таржима қилишганмикин, деган хаёлга ҳам боряпмиз. Бунга бош мураббийнинг ўзи аниқ жавоб бергани маъқул.

Эктор Купер авлиё ёки сеҳргар эмас. У ҳам оддий инсон, фақат фарқи шундаки, Купер – мураббий ва унда тажриба чиндан ҳам катта. Айниқса, шу пайтгача ҳаётда кўп нарсаларни кўрди, ўрганди, билди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Экторнинг мураббийлик малакаси катта. Унинг иш принципларидан бири шундаки, асосан олдиндан ўйлаган тактик режалар асосида ўйин қуришни яхши кўради. Бўлса бўлди, бўлмаса йўқ, қабилида таваккал ишга қўл урмайди. Бунгача терма жамоамизнинг ўйинига эътибор берсак, футболчилар Купернинг тактик режалари асосида ўйнашаётгани кўриниб турганди. Лекин Корея билан баҳсда аргентиналик мутахассиснинг режалари “сочилиб” кетди. Ишонамизки, ўша беллашувдаги мағлубият ва ўйин Купер учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши аниқ. Зеро, у ўйинимизда ва футболчиларимизда муаммолар қанчалик кўп эканлигини аниқ-тиниқ кўриб олди. Яна бир жиҳатни ҳам ҳисобга олиш керак, бугунги кунда Осиё футболи бир жойда туриб қолмаяпти ва ўсишда давом этяпти. Купер эса фаолиятида илк бор бизнинг қитъамизда ишлаяпти. Аммо кўряптики, ҳаммаси қийин.

Яна бир гап: Купер навқирон ёшдаги мураббий эмас. У кекса тоифадаги мутахассислар қаторига киради. Шуни инобатга олиб, эндиликда Куперни қариб қолган, тактикалари эскирган, деганлар ҳам топиляпти. Балки шундайдир, аммо унутмаслик керакки, у шу йили Миср терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа олди. У айнан ҳозирги тактикалари билан фиръавнлар юртини мундиал сари етаклаб борганди. Албатта, мағлубиятдан кейин истаганча танқидий фикрлар пайдо бўлиши табиий. Қолаверса, мураббийнинг биринчи навбатда ҳимоядан ўйинни қуриш тактикаси ҳам кўпчиликка ёқмаётгани бор гап. Аммо унинг оқарган сочлари мураббийлик ҳаётида кўп нарсаларни бошидан кечирганини айтиб турибди. Шундай экан, у нима қилишни ва терма жамоани қандай қилиб кучайтиришни билса керак деб умид қиляпмиз. Балки Австралия йиғинидан сўнг аргентиналик мутахассис қаерлардадир хатоларга йўл қўяётганини ҳам ўзи учун белгилаб қўйган бўлса ажаб эмас.

Ҳеч ким унинг ишига аралашмаяпти ва жамоани ўзи билганича, тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шакллантиряпти. Қолаверса, у футболни ўзига хос тарзда кўради. Ҳар кимнинг дунёқараши ва фикрлаши ҳар ҳил. Шу томонлама олиб қараганда, Купернинг футболдаги назарияси бошқаларникидан фарқ қилади. Унда натижага олиб борувчи йўллар бор ва буларни футболимизда амалга татбиқ этмоқда. Доим унинг қиёфасига назар ташласангиз, хаёлларида бир нималар яширингандек бўлади ва доим унда режалар борлиги сезилиб туради. Купер биз учун супер мураббийга айланишидан умидвормиз. Аммо бир нарса аниқки, ҳозирги таркибга албатта Одил Аҳмедовдан ташқари Виталий Денисов ва Сардор Рашидов ҳам кераклиги Жанубий Корея билан учрашувда яққол билинди. Бундан ташқари, Россия премъер-лигасида яна бир ҳамюртимиз Вадим Афонин ҳам тўп суряпти. Аммо негадир мураббий уни бирор марта бўлса ҳам йиғинга чақириб синаб кўргани йўқ.

 Терма жамоамизда августдан бери ишлаб келаётган мураббий шу кунгача футболимизда анча-мунча нарсаларни кўриб ўрганди ва футболчиларнинг имкониятларини ҳам чамалаб олди. Катта эҳтимол билан у Осиё Кубогига борадиган таркибнинг негизини аниқлаб олган, албатта ўзи учун. Лекин олдинда яна декабрь ойида бўладиган йиғин турибди ва бу муҳим мусобақа олдидан асосий ва охирги репетиция жараёнини ўтаб беради. Айнан 2018 йилнинг охирги ойига чақириладиган футболчиларнинг аксарияти Купернинг Осиё Кубогига борадиган рўйхатидан жой олса ажаб эмас. Лекин ҳали мураббийнинг олдида қиладиган ишлар кўп ва у ҳаммасига улгуриши керак. Зеро, Жанубий Корея билан ўйин терма жамоамизнинг асл юзини кўрсатиб берди. Ўз уйимизда Қатар, КХДР сингари ўртамиёна рақибларни мағлубиятга учрата олсак-да, аммо кучли рақибларга қарши, айниқса, сафардаги беллашувларда ўйин жараёнидаги муаммоларимиз бош мураббий учун янада яхшироқ кўринаётганига ишоняпмиз. Лекин унинг қўллаётган тактикаси Осиё Кубогида қанчалик самара бериши ҳозирча биз учун жумбоқ бўлиб турибди. Балки кекса мураббийнинг ўйлаб қўйган режалари бордир, балки БАА майдонларида умуман бошқа Ўзбекистонни кўрармиз. Бунисини энди вақт кўрсатади. Аммо ҳавотирларимиз ҳам йўқ эмас, буни тан олиш лозим. Ҳаётида ўта жиддий танқидларни кўрган ва эшитган мураббий учун ҳозирги пайтдаги танқидларимиз бу ҳеч нарса эмас. Боз устига ҳали унинг бошчилигида расмий ўйин ўтказганимиз йўқ. Ҳаммамиз биламизки, барибир ўртоқлик учрашуви билан расмий баҳснинг фарқи катта. Агар терма жамоамиз Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашадиган бўлса, ҳозирги пайтдаги ҳолатни ва ўртоқлик учрашувларидаги натижаларни фақат яхшиликка бўлган экан деб қўямиз. Мабодо, муваффақиятсизликка учраса... Келинг, миллий терма жамоамиз ҳақида гап кетганда муваффақиятсизлик ҳақида гапирмайлик. Барибир бу бизнинг Ватанимиз, миллатимиз, туғилиб ўсган она юртимиз. Шундай экан, ЎЗБЕКИСТОНимиз ҳақида гап кетганда, доим байроғимиз юқори чўққиларда хилпирашини, муваффақиятлар қозонишимизни тилаймиз ва дуода бўламиз.

Тўғри, муаммо ва камчиликсиз иш бўлмайди. Аммо қанча муаммо ва камчилик бўлса ҳам бу ўзимизнинг ички ишимиз ҳисобланади, буни ҳал қилиш учун масъуллар бор. Лекин халқаро майдонларда Ўзбекистон номини оқлаш, уни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи ҳисобланади.

Шуҳратбек Жўраев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!