МОҚ Бош котиби Буэнос-Айресда «Olympism in action» форумида иштирок этди
Нуфузли мусобақа олдидан бир қатор расмий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 5-6 октябрь кунлари «Olympism in action» («Олимпизм ҳаракатда») форуми ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
МОҚ Бош котиби ушбу форум давомида Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Шайх Аҳмад ал Фаҳад ал Сабах билан учрашув ўтказди. Томонлар учрашувда 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини муҳокама қилишди. Ўз навбатида ал Сабах яқин вақтлар ичида Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу мавзу бўйича алоҳида учрашув ташкил қилиниши бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Жасур Матчанов Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах билан ҳам учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ХОҚ форумларига, нуфузли тадбирларига мезбонлик қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Форум дастуридан яна бир қатор масалалар ўрин олган. Жумладан, олимпизм қадриятлари ва уларнинг нафақат халқаро, балки миллий ва глобал миқёсдаги ўрни ҳақида, шунингдек, допинг масалалари, ўсмирлар Олимпия ўйинларининг ташкилий масалалари борасида ҳам фикр алмашилди.
Ушбу форум шубҳасиз спорт ташкилотлари вакиллари учун янги ғоялар ва лойиҳалар бўйича фикр алмашиш учун ҳақиқий тажриба майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Фикрлар