МОҚ ўзбекистонлик совриндор спортчиларга соат совға қилмоқда
Мусобақанинг ортда қолган етти кунида ўзбек спортчилари 22та медаль қўлга киритишга муваффақ бўлишди.
Бугун, 25 август куни Жакартадаги Олимпия шаҳарчасида мазкур Осиё ўйинларида совриндор бўлган бир қатор спортчиларимизга эсдалик совғаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Олимпия шаҳарчасидаги Ўзбекистон спорт делегацияси ишчи гуруҳи штабида Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилган бир қатор спортчиларимизга МОҚ буюртмасига биноан махсус ишлаб чиқарилган эксклюзив қўл соатларини тақдим этди.
Биринчилардан бўлиб ушбу эсдалик совғалари Оксана Чусовитина, Никита Рафалович, Дмитрий Шокин, Адҳам Эргашев, Достон Ёқубов, Мурод Холмуродов, Нигора Турсунқулова, Светлана Осипова, Мадина Маннопова ва уларнинг мураббийларига топширилди.
Миллий Олимпия қўмитаси бундан кейин ҳам ушбу анъанани давом эттиради ва мусобақада шоҳсупага кўтариладиган ҳар бир спортчимиз ва уларнинг мураббийларини алоҳида эсдалик совғалари билан тақдирлаб боради.
P.S. Ушбу эксклюзив соатлар Осиё ўйинларида муваффақиятга эришган спортчиларимизнинг кайфиятини кўтариш, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиш мақсадида совға қилинди. Ҳамюртларимиз ватанимизга қайтганларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилган алоҳида пул мукофотлари билан ҳам тақдирланадилар.
Фикрлар