“МЮ” – “Реал” ўйинидан қилинган беш хулоса

Халқаро Чемпионлар Кубоги турнири доирасида “Манчестер Юнайтед” “Реал Мадрид”ни 2-1 ҳисобида мағлуб этди. “Қизил иблислар” АҚШдаги мавсумолди тайёргарлик йиғинини “қаймоқранглилар” устидан ғалаба қозониб юқори нотада якунлашга муваффақ бўлди. Моуриньо шогирдлари биринчи бўлим стартида урилган икки гол эвазига ғолиб бўлди. Хўш, бу ўйинда биз нималарга гувоҳ бўлдик. Қуйидаги таҳлил шу ҳақида.

  1. Алексис қайтди

Алексис Санчес ўтган мавсумда “Манчестер Юнайтед”даги энг ёмонларидан бири бўлганди. Унинг Генрих Мхитарян билан алиштирилиб ярим мавсумни “МЮ”да ўтказгани чилилик футболчининг фойдасига ишламади. У жамоанинг ритмини ва темпини тушириш билан овора бўлди.  Афтидан унга “Арсенал”да бўлгани каби тўлиқ ҳукмронлик йўқлиги ўзини кўрсатишида панд берди.

Бироқ ёзги ҳордиқ (2013-йилдан бери биринчи марта) ва чиройли соч турмаги Алексисга қайта ишонч бағишлаган кўринади. Унинг “МЮ” етакчисига айланиши ва “Реал”га қарши баҳсда яна трендга чиққанини кўрдик. Хуан Мата билан ҳужум чизиғида ҳаракат қилган “Барселона”нинг собиқ вакили мадридлик ҳимоячиларга бутун учрашув давомида жиддий таҳдид солиб турди. Унинг иккала голдаги ҳиссаси жуда катта бўлди.

  1. Винисиус Жуниор

Бу ўйин “Реал”нинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги учун бироз мураккаб бўлди. “Қироллик клуби” сиртдан анча жипс кўринмади, шунга қарамай Винисиус Жуниор томошабинларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратди. Бразилиялик футболчи ҳужумнинг чап қанотида жамоасининг олға боришига сабабчи бўлди.

У тўпга эгалик қилган пайтда “МЮ”ни бир ўзи таслим қиладигандек таассурот қолдирди. Ёш ҳужумчидан туғма иқтидор борлиги намоён бўлди. Айниқса униг Фосу-Менсани доғда қолдирган вазияти анча эсда қоларли бўлди. Хуллас, у “Реал”нинг навбатдаги бразилиялик жавоҳирига айланишига етарли асос бор.

  1. Матич йўқ, муаммо йўқ

Мавсумолди тайёргарлик босқичининг аввалида “МЮ” мухлислари Неманья Матичнинг жароҳатдан қутулиб яна сафга қайтганини катта қувонч билан кутиб олган эди. Бироқ сал ўтмай маълум бўлишича Матич жарроҳлик амалиётига муҳтож ва мавсум стартини ўзтказиб юборади. Бу клуб мухлислари орасида саросима уйғотди. Улар сербиялик таянч ярим ҳимоячисиз қандай ўйнашади?

Бироқ клуб 3-5-2 ўйин схемасида Матичнинг йўқлиги жамоага таъсир қилмаслиги ойдинлашди. Андер Эррера, Андреас Перейра ва Фред учлиги марказия ярим ҳимояда анча мустаҳкамликни кўрсатишди. Бу учала ярим ҳимоячи ҳимояланишни ҳам боплайди, шунингдек, тўп билан олдинга боришни ва ҳал қилувчи узатмаларни етказиб беришнинг ҳам уддасидан чиқа олишади.

Агарда бу учовлон спорт формасида Матичнинг жойи захирада эканлигини кўрсатиб қўйишлари мумкин. Маруан Феллайни ҳимоявий ўйинларда майдонга туширилиши каби Матич ҳам махсус ўйинларда жамоага ёрдам бериши мумкин.

  1. “Реал” ҳужумчига муҳтож

“Реал Мадрид” ушбу беллашувнинг фақатгина иккинчи бўлимида тўпга эгалик қилди. Боиси Моуриньо минимал тактик ўзгаришларга қўл урди ва ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнагандек таассурот уйғотди. Бироқ португалиялик мутахассис мавсумолди ўртоқлик учрашувида ҳисобни ушлаб қолиб, “Лестер”га қарши дастлабки учрашувга тайёргарлик кўрдими? Бу кулгили.

“Манчестер Юнайтед” ҳимояси оптималликдан анча йироқ. Асосий таркибда тушган Скотт МакТомини учинчи ҳимоячи эканлигини ўзи кўп нарсани англатади. Моуриньо шу сабабли ушуб чизиқни кучайтириш ниятида. Қандай қилиб “Реал”га қарши учрашувда захира ҳимоячиси билан “ҳимояга ётиб олади”? Шунчаки “қаймоқранглилар”да инглиз клубига раҳна соладиган ҳақиқий ҳужумчининг ўзи йўқ.

Албатта Карим Бензема жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. Унинг ўринбосари Борха Майоральда “жаллодлик” инстинкти ҳали ривожланмаган. “Реал” трансфер бозорига қайта мурожаат қилиши зарур.

  1. 3-5-2 – “МЮ”нинг ечими

“МЮ” раҳбарияти трансфер бозорида етарлича фаоллик кўрсата олмаяпти. Афтидан Моуриньода ўнг қанот вингер сотиб олишдан бошқа чораси йўқ. У фақатгина марказий ҳимоячи олиб келишни талаб қилаётган эди. Бу муаммолар сабаб португалиялик мураббий нафақат мавсумолди тайёргарлик йиғинида балки бутун мавсум давомида ҳам 3-5-2 ўйин услубини қўллаши мумкин.

Агарда барча асосий таркиб футболчилари сафга қайтса ва Антони Марсяль кетса, клуб вингерлар хизматидан тўлиқ фойдаланиши мумкин.

3-5-2 ўйин схемаси баъзи муаммоларга ечим бўлиши мумкин. Бунда Люк Шоу ва Маттео Дармиан кўпроқ ҳужум ҳақида қайғуриб, ҳимоя ҳақида ўйламасликлари ҳам мумкин.

Бу ўйин тизими ярим ҳимоядаги ажойиб учликни дунёга намойиш қилиши мумкин. Фред, Перейра ва Эррералардан ташқари клуб ихтиёрида Погба ва Лингард каби моҳир футболчиларга эга. Лингард бундай услубда Англия билан Мундиалда яхшигина кўрсаткичга ҳам эришишга муваффақ бўлди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!