Мальком – “янги Коутиньо”ми?
“Барселона” ўз сафини яна бир бразилиялик иқтидор эгаси билан тўлдирди. “Бордо”да ўтган мавсумда порлагач, унга бир қатор клублар қизиқиш билдира бошлади. Футболчининг ўзи “Рома” билан шахсий келишувга ҳам эришди. Бироқ сўнгги дақиқаларда курашга Каталония гранди қўшилгач, “Бордо” раҳбарияти етакчисини ваъдадан кўра қимматроққа сотишни афзал кўрди, яримҳимоячининг ҳам бундай таклифдан кўнгли эриб кетди ва Ла Лига чемпиони сафига кўчиб ўтди.
Мальком “Барселона”нинг бу ёздаги иккинчи, йил ҳисобидан эса учинчи бразилиялик вакилига айланди. Ундан бироз аввал “Гремио” вакили Артур “Барса” таркибини тўлдирган эди. Қишки трансфер бозорида эса “Энфильд”дан Филиппе Коутиньо кўчиб ўтган эди.
Коутиньо 120 миллион евро эвазига “кўк-анорранглилар” сафига кўчиб ўтганидан кейин “Ливерпуль” айнан Малькомни Коутиньога ўринбосар сифатида олиб келишни ният қилган эди.
“Рома” футболчи билан шахсий келишувга эришгунига қадар бир қатор инглиз клублари унга кўз олайтирди. Якунда на “Рома”, на инглиз жамоалари уни олиб келишнинг уддасидан чиқди. “Барса” футболчини 41 миллион евро эвазига ўзиники қилиб олди.
Ўз навбатида “Бордо” бразилиялик вингерни 2016-йилда “Коринтианс”дан атиги 5 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Тарихан, “Бордо” Франциянинг номдор жамоаларидан бири ҳисобланади. Улар 2009-йилда 1 Лига чемпионига айланишган эди. Ҳозирда эса уларнинг ишлари унчалик юришмаяпти. Январда янги мураббий Гус Пойе келганидан кейин улар турнирни 6-ўринда якунлашди.
Мальком эса жамоа пастга қараб шўнғиётган бир пайтда халоскорга айланди. Ўтган мавсумда клуб уни “Вольфсбург”га 15 миллион еврога сотмаган эди ва бу қарор ўзини оқлади. У асосий таркибда ўзини тўлиқ кўрсата олди. Ўйин кўрсаткичлари анча язшиланди. Энг муҳими томошабоп ўйини янада ёрқинроқ тус олди.
Ўтган мавсумда тўлиқ 38 ўйинда майдонга тушган Мальком 12 гол уришга эришган. Шунингдек, 7 голли узатмани амалга оширган. Жамоадошлари учун 87 хавфли вазиятларни яратиб берган.
У “Бордо” учун гол уриш билан бирга, 30 метрдан кучли зарбалар йўллай олиши, жарима майдончасига аниқ узатмаларни ошириши билан ҳам қадрлидир. Инглиз клублари уни ўз сафига олишмоқчи бўлганида француз клуби раҳбарияти уни умуман сотмоқчи эмасликларини айтганидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.
“У қишда сотилмайди” – деган эди Стефан Мартин l’Equipe нашрига берган интервьюсида. Аммо пул барибир ўз сўзини айтиб келган. Юқори марраларни кўзлаган 21 ёшли вингерни узоқ вақт клубда олиб қолиш имконсиз. 1 Лигада жон сақлаб қолишга катта ёрдам бергани ҳаққи ҳурмати клуб уни қўйиб юбориши керак эди.
Ўтган мавсумда собиқ бош мураббий Гурвеннек Мальком сабр қилиши кераклиги, вақти келиб унга гранд жамоадан албатта таклиф тушишини башорат қилганди. Якунда барчаси ҳақиқатга айланди. “Барселона” уни “Рома”дан тортиб олди!
Бразилиядан Францияга эндигина кўчиб ўтганида у 6 ой мобайнида асосий таркибга мослашган эди. Энди эса у Европа ҳавосида “балиқдек сузмоқда”.
“Янги Коутиньо” бўлиши кутилган ярим ҳимоячи тақдирнинг ҳазили билан айнан у Коутиньога ўринбосар бўлади.
Техникаси юқори футболчи “Барса”да вингер сифатида қўлланилиши мумкин. Шунингдек, у “ўнлик” вазифасига ҳам жуда мос тушади. Мальком ривожланишдаги ёш иқтидор вакили ҳисобланади. Уни афтидан “Камп Ноу”да порлоқ келажак кутмоқда.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади
Фикрлар