Мейвезер ва Пакьяо ўртасида реванш жанг ўтказилиши мумкин
Америкалик боксчи Флойд Мейвезер ва филиппинлик Мэнни Пакьяо ўртасидаги реванш жанг ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда The Money Team (TMT) Russia (Мейвезернинг Россиядаги вакили) Тимофей Кургин ТАСС нашрига маълум қилган.
Якшанба куни Пакьяо ҳакамларнинг қарорига кўра, америкалик Эдриен Бронерни мағлуб этди. Жангдан сўнг филиппинлик боксчи Мейвезер фаолиятини янгилайдиган бўлса, реванш жангга тайёрлигини айтиб ўтди.
– Пакьяо - Бронер анчагина қизиқарли ўтди, – дейди Кургин. – 40 ёшда ва оғир жанглардан сўнг Пакьяо ҳамон дунёнинг энг яхши боксчиларидан бири эканлигини исботлади. Албатта, ҳозир асосий савол Мейвезер ва Пакьяонинг иккинчи жанги қачон бўлади? Барча маълумки, Флойд ўша залда бўлган ва ҳаттоки Мэннининг кийим алмаштириш хонасига ҳам ташриф буюрди.
– Бунда ҳеч қандай кафолат йўқ, аммо Мейвезер ҳар доим режа билан юради ва тинмайди. Фақатгина шуни айта оламанки, CBS корпорацияси ва Showtime канали бу жангга жуда қизиқиш билдирмоқда ва уни ташкиллаштиришни кучайтириб юборган. Аминманки, бу икки спорт афсонасининг рингда учрашиши бутун дунёдаги мухлисларга қизиқ бўлади, – дея қўшимча қилди Кургин.
Эслатиб ўтамиз, Пакьяо ва Мейвезер ўртасидаги биринчи жанг 2015 йил 2 май куни Лас-Вегасда ўтказилган. ОАВ уни “аср жанги” деб номлаган. Америкалик боксчи очколар бўйича устун келган ва Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC), Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ва бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) чемпионлик камарларига эга чиққан. Бу жангда Мейвезер бокс тарихида рекорд гонорар – 210 млн доллар, Пакьяо эса 120 млн доллар олган.
40 ёшли Пакьяо ҳисобида 61 ғалаба (39 нокаут), 7 мағлубият мавжуд бўлса, 41 ёшли Мейвезер 50 жангнинг барчасида зафар қучган. Шулардан 27 тасини нокаут билан якунлаган.
Фикрлар