Миллий олимпия қўмитасида Ижроқўм йиғилиши - мақсад Токио Олимпиадасида кучли ўнликка кириш

Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Бош котиб Жасур Матчанов, вице-президент Аҳмаджон Раҳимов ва Ижроия қўмита аъзолари иштирок этишди. Маълумот учун, Ижроий қўмита 23 нафар аъзодан иборат.

МОҚ раҳбари йиғилишни очиб берар экан, Токио 2020 Олимпиадаси учун қўйилган вазифани бажариш учун ҳамжиҳатликда иш олиб боришнинг аҳамияти катта эканлиги ҳақида гапирди.

«Бугунги йиғилишимиздан асосий мақсад Токио Олимпиадасига тайёргарлик масаласидир. МОҚ Ижроқўм аъзоларининг ҳар бири ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Хабарингиз бор, Япония мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинлари учун МОҚ томонидан стратегия ишлаб чиқилган. Бугун ана шу режа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни билдиришингиз мумкин бўлади. Сир эмаски, асосий мақсадимиз Токио Олимпиадасида яхши натижа кўрсатиб, халқимизни, Президентимизни хурсанд қилишдир. 2019 йил лицензион йил ҳисобланади. Шунинг учун, спорт федерациялари бир ёқадан бош чиқарган ҳолда иш олиб боришимиз лозим. Чунки, барчамизнинг мақсадимиз бир», – деди МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов.

Кун тартибига биноан, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ҳам сўзга чиқар экан, ушбу стратегияни ишлаб чиқишдан мақсад ва вазифаларни тушунтириб берди. Унга кўра, эндиликда терма жамоа аъзоларининг ўқув-машғулот йиғинлари янгича тизимда олиб борилади. Авваллари тайёргарликлар жамоавий тартибда олиб борилган бўлса, энди индивидуал тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, жисмоний ва фармокологик тайёргарлик бўйича ҳам алоҳида иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Nazir hudayqulov

Йиғилиш давомида эндиликда ҳар бир спорт федерациясига ошпаз бириктирилиши маълум қилинди. У терма жамоа диетологи ва шифокори билан биргаликда иш олиб боради ва Олимпиадага тайёргарлик кўраётган спортчиларимизга бириктирилади.

Аввалроқ, Миллий олимпия қўмитаси Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритган ҳар бир спортчи учун 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ажратиши ҳақида маълум қилинганди. Уларнинг мураббийилари эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлган спортчиларга ҳам МОҚ томонидан алоҳида пул мукофотлари ажратилиши ҳақида таъкидланди.

2-1024x682

Спортчиларимизнинг Олимпиадага тайёргарлик кўришида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, марказ мутахассислари терма жамоа аъзоларининг ҳолатини доимий равишда назорат қилишлари қайд этилди. Айнан уларнинг текширувлари, ҳулосалари ёрдамида спортчиларга мураббий томонидан индивидуал юкламалар берилади.

Шунингдек, Бош котиб Жасур Матчанов ҳам йиғилишда сўзга чиқиб, Олимпиадага тайёргарлик жараёни махсус тузилган бешта комиссия ёрдамида назорат қилиб борилиши ҳақида гапирди. Унга кўра, Токио Олимпиадаси олдидан бешта – Интизом, Спорт тиббиёти ва антидопинг, Ҳакам ва инспекторлар, Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ва Аппеляцион комиссия тузилади ва тегишли йўналишларда иш олиб борилади.

Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинлари олдидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда бир неча янги спорт турлари бўйича лицензия қўлга киритиш имконияти бор. Шунингдек, Токио Олимпиадасига лицензиялар сонини сезиларли даражада ошириш, Олимпиаданинг ўзида кучли ўнликка кириш учун салоҳиятимиз етарли. Бунинг учун эса юқорида таъкидланганидек, ҳамжиҳатлик билан, йўлга қўйилган тизим асосида иш олиб бориш талаб этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!