Миржалол Қосимов: “Мен ўзимни кўрсатмоқчи эмасман, шунчаки сидқидилдан ишимни бажаряпман холос”
“Бунёдкор” клубининг ҳозирги пайтда қийин шароитда тушиб қолгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Шунга қарамасдан Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоанинг кўрсатаётган ўйини ва натижасини таҳсинга сазовор деб аташимиз мумкин. Тўғри, ҳали мавсум тугагани йўқ ва курашлар олдинда. Бироқ “Бунёдкор” деярли ўз тарбияланувчилари билан ҳам чемпионлик учун курашда иштирок этяпти. Бунда эса шубҳасиз Қосимовнинг ҳиссаси жуда катта. Бундай қийин шароитдаги жамоани бошқариш ва уни барқарорликда ушлаб туриш анча-мунча мураббийнинг қўлидан келмаслиги аниқ. Бироқ Миржалол Қосимов мураббийлик салоҳиятини намойиш этган ҳолда ҳамон “Бунёдкор”нинг мавқеини сақлаб турибди. Куни-кеча унинг Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангани ҳам бежиз эмас. Унинг “Бунёдкор”да олиб бораётган ишлари ва меҳнатлари яққол намоён бўлиб турибди ва бундан кўз юмиб бўлмайди ҳам. Яқинда Андижонда Ўзбекистон Кубоги чорак финал доирасида мезбонларни 1:2 ҳисобида енгган “Бунёдкор” энди ярим финалда иштирок этади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу суҳбатдан сўнг Қосимов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Аммо унинг “Бунёдкор” ҳақидаги фикрлари ҳеч кимни беэътибор қолирмаса керак.
- Чемпионлик учун курашда “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” каби жамоаларнинг имкониятлари юқори баҳоланяпти. Аммо уларнинг орасида “Бунёдкор”нинг ҳам борлигини унутмаслик керак. Ҳозирги шароитдан келиб чиққан ҳолда жамоангизнинг бу борадаги имкониятини қандй баҳолайсиз?
- Ҳамма нарса ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун қандай ўйнашимизга боғлиқ. Юқори олтиликдаги ҳар бир жамоада медаллар учун имконият бор. Номлари келтириб ўтилган тўртта жамоа эса Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун бор кучини ишга солишяпти. Бизнинг ҳам мақсадимиз чемпионат орқалими ёки Кубок орқалими, чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритишдир.
- Яқинда “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе Суперлиганинг ҳозирги форматига эътироз билдирди. Яъни, ёзги танаффусга 1-ўринга чиқиб, 3-ўринда қайтганини айтди. Умуман айтганда, ушбу форматга муносабатингиз қандай?
- Агарда бу формат ҳақида иккита давра тугаганидан кейин айтилганида бу бошқа гап эди. Аммо ассоциация томонидан йилнинг бошида ҳар бир клуб раҳбарлари ва мураббийларига формат ўзгариши ҳақида айтилган. Шу боис бу ҳақида ҳамманинг хабари бор эди. Демак, бундан ҳайрон қолишга ҳожат йўқ. Масалан, биз ҳам янги формат асосида ўйнадик ва иккинчи босқичга ўтганда 4-ўринга тушиб қолдик.
- Демоқчиманки, сиз бу борада жар солмаяпсиз...
- Йўғ-е, жар солишнинг нима кераги бор? Ахир бизга чемпионат бошланишидан ҳаммаси маълум эди. Ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ, мавсум тугашигача вақт бор. Олдимизда 9 та ўйин турибди. Ўз кучимизни ушбу ўйинлар орқали яна синаб кўрамиз.
- “Бунёдкор”нинг кейинги тақдири барчани ўйлантириб қўйди. Қисқа муддат ичида ўзбек футболи мавқеини кўтаришда муносиб ҳиссасини қўша олган жамоанинг келажаги мавҳум бўлиб қолаётгани ажабланарли. Яъни, келаси йилга “Бунёдкор” бўладими-йўқми, деган саволлар ҳам кўп янграмоқда.
- Олдин ҳам айтганман, Худо хоҳласа, “Бунёдкор”нинг умри узоқ бўлади. Албатта, бундай жамоа йўқ бўлиб кетмаслиги керак. Қуриш осон эмас, аммо бузиб ташлаш жуда осон. Аммо кейин бу нарсани қайтариб бўлмайди. Жамоамиз академиясига мингга яқин болалар келишади. Ҳозирги таркибимизнинг 70-80 фоизи академиямиз тарбияланувчилари ташкил этади. Умид қиламанки, “Бунёдкор”нинг умри узоқ бўлади.
- Жамоада сизнинг қилаётган меҳнатларингиз асосий ўринга чиқмоқда...
- Бу битта менинг меҳнатим эмас. Клубимизда қоровулдан тортиб президентигача барчанинг меҳнати бор.
- Бундай шароитда ва бундай таркиб билан Миржалол Қосимов эплай олмайди деб гапиришганди. Ҳозирги пайтда эса “Бунёдкор” ва сиз ўз савиянгизни кўрсатяпсизлар...
- Гап-сўзлар ҳеч қачон тугамайди. Бу – ҳаёт, кимгадир ош, мастава ёки андижонча ош ёқади. Ҳар бир инсоннинг гапига қулоқ солсак, ҳаёт ҳаёт бўлмай қолади. Муаммолар бўлиб туради. Доим ҳамма нарса бир текисда бўлавермайди. Авваламбор пулни эмас, балки ўйинни асосий ўринга қўйиш керак. Жамоамизнинг ўйинига келадиган мухлислар чиройли футбол кўришади. Шунинг учун ҳам биз мухлислар учун ўйнаймиз. Доим чиройли, ҳужумкор, томошабоп ва маъноли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз шу нарсани йўлга қўйдик. Муҳими, жамоамиз жуда аҳил.
- Бошқа жамоаларга керак бўлмаган ва “Бунёдкор”га кераксиз футболчиларга айланган йигитларни яна қайтариб “ўйнатиб” юбордингиз. Ҳатто терма жамоа даражасигача чиқара олдингиз. Уларни қандай “уйғота” олдингиз?
- Ҳаммаси оддий. Уларга оддий, инсон тушунадиган сўзларни айтаман. Осмондан олинган сўзлар эмас. Йигитларимиз нима учун ўйнашаётганини билишади. Уларнинг ўйинидан мухлислар хурсанд бўлишяпти ва ўзлари ҳам ўйинларидан мамнун бўлишяпти.
- Ташқаридан қараганда, “Бунёдкор” гўёки ҳеч кимга керак эмасдек, аммо сизлар ниманидир исботлаш учун ҳаракат қилаётгандексизлар...
- Четдан бировнинг хотини қиздек кўринади. Ҳа, ўзимизга яраша муаммоларимиз бор. Бу эса ҳеч кимга қизиқ эмас. Лекин муаммоларни ечишга ҳаракат қиламиз, ҳаёт эса давом этади.
- Ўрнингизда бошқаси бўлганида бундай шароитда “Бунёдкор”ни эплай олмаслиги ҳам кўп таъкидланмоқда...
- Буни билмайман. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди.
- Миллий терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланган Эктор Купер ҳақида фикрингиз қандай?
- Фикрим ўша-ўша. Москва ҳам бир кунда қурилмаган. Шу боис ҳаммасига вақт керак. Купер дунёда танилган мураббий. Хоҳлаймизми-йўқми, у янги муҳитга келди. Шу боис албатта унга вақт керак. У футболимизни яхшилаб ўрганиши керак. Ўйлайманки, унга қийин бўлади. Аммо ҳаммасини вақти соати билан тўғрилаб олади.
- Нима деб ўйлайсиз, миллий терма жамоамизнинг мураббийлар штабига ўзимизнинг бирор-бир мутахассисларимиз қўшилгани мақсадга мувофиқ бўлармиди?
- У ўз ёрдамчилари билан келган. Балки бирор мураббийимиз штабидан ўрин олганида фойдаси теккан бўларди.
- Яхши футболчидан яхши мураббий чиқмайди деб кўп айтишади. Аммо бу сўз сизга нисбатан айтилган эмасдек...
- Четда туриб олиб гапириш осон, чунки тилнинг суяги йўқ. Футбол ҳам бир санъат. Қўлда эмас, оёқда ўйналади. Футболда майда-чуйда нарсалар бўлмаслиги керак.
- Лекин ҳозирги қийин шароитда ҳам мураббий сифатида ўзингизни кўрсатиш учун иштиёқингиз кучли, тўғрими?
- Мен ўзимни кўрсатмоқчи эмасман, шунчаки мураббий сифатидаги ўз ишимни сидқидилдан бажаряпман холос.
- Шунчаки, маълум танаффусдан кейин катта иштиёқ билан қайтгандек кўриняпсиз-да?!
- Билмадим, буниси энди сизларга ҳавола. Ҳар холда четдан туриб кузатиш осон.
ОЗОДБЕК суҳбатлашди.
Фикрлар