Мутолаа: Мен - Златанман

Мутолаа лойиҳасининг дастлабки сонида эътиборингизга Швеция терма жамоаси юлдузи Златан Ибрагимович ҳаётига бағишланган "Мен - Златанман" асарининг ўзбек тилидаги талқини ҳавола этиб борилади. 

Zlatan-book

***

Ушбу китоб оғир кунларимда ёнимда туриб мени қўллаб-қувватлаган оилам ва дўстларимга бағишланади.

Шунингдек, ушбу китобни қоидалар доирасига сиғмайдиган, ўзини бошқалардан фарқли ҳисоблайдиган дунёдаги барча болаларга бағишладим. Ўзгалардан фарқланиш у қадар ёмон иш эмас. Ўзлигингизча қолишда давом этинг. Бу менга доимо асқатган.

Биринчи бўлим

“Барселона”нинг безовта нигоҳли кулранг костьюм кийган бош мураббийи Пеп Гвардиола менга ташвишли қараш билан олдимга келди.

main-qimg-591a99dc484fe9d97c9dd7fedf821e7e

Албатта ўйлашимча, у Моуриньо ёки Капелло даражасида бўлмаса-да яхши йигит эди. Бу воқеалар у билан ўртамизда жанжал юзага келишдан олдин юз берган эди. Ўша вақтлар 2009 йил ҳам оёқлаб қолганди. Мен эса болалик орзуларим оғушида яшардим. Хусусан, энди дунёнинг энг яхши жамоаси таркибида 70 000 мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган “Камп Ноу”да тўп сурардим. Мен гўёки еттинчи осмонда учиб юрардим. Ҳа, мен учун бу ерда ҳаммаси бутунлай ажойиб эди дея олмайман. Қоғозлар билан боғлиқ баъзи тушунмовчиликлар ҳам бўлганди. Мен ҳамон ўша-ўша ёмон бола эдим ва бу ташвишларни ким биландир бўлишишни истамасдим. Бироқ, Элена ва болалар ҳам яхши эди. Шунингдек, Эспулюгес де Льобрегатда шинамгина ҳовлимиз бор эди. Мен бор кучим билан ўйнашга тайёр эдим. Бу ерда нима ҳам хато бўлиши мумкин?

- Эй, сен, - деди бир куни Гвардиола. – Бу ер “Барса”. Оёғинг зинҳор ердан узилмасин.

- Хўп, – дедим мен. – Яхши.

- Бу ерда ҳеч ким машғулотларга “Порше” ёки “Феррари”ларда келиши мумкин эмас.

Мен бош силкиб буни ҳам тасдиқладим. Мен қандай машинада юришимнинг унга нима алоқаси борлигига тушунмасам-да, мураббийга ҳаддимдан ошиб ўдағайлашга ғурурим йўл қўймасди. Аммо у мендан нима хоҳлаётганига ҳам тушунолмасдим. Умуман, бундай ҳаракатлар, муносабатлар ўзи нимани англатади? Ишонинг, мен машинани пиёдалар йўлагида қолдириб ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўядиган даражада олифта эмасман. Бу ҳаммаси эмас. Мен машиналаримни яхши кўраман. Улар доимо менга ўзгача иштиёқ бағишлайди. Аммо Гвардиоланинг гапларидан бир нарсани тушундим: ўзингни бу ерда беназирман деб ҳисоблама.

Мен бу вақтда аллақачон “Барса”нинг худди мактабга ўхшашини тушуниб бўлгандим.  Ўйинчилар ҳам жуда яхши эди. Улар ҳеч бир ишни хато бажаришмасди. Шунингдек, у ерда мен билан бирга “Аякс” ва “Интер”да тўп сурган Максвелл ҳам тўп сурарди. Аммо ростини айганда, бу ерда ҳеч бир футболчи ўзини суперюлдуз каби ҳис қилмас, бу эса менга жуда содда бўлиб кўринганди. Месси, Хави, Иньеста, умуман, жамоадаги барча йигитлар худди мактаб болаларига ўхшашарди. Дунёнинг энг яхши футболчилари мураббий олдида бошларини қуйи солганча туришарди, мен эса бунинг сабабини тушунолмасдим. Бу жуда кулгили эди. Италияда агар мураббий сенга “сакра” деб буйруқ берса, футболчилар “Нима, нега сакрашимиз керак?”, деб сўрашарди.

barcelonas-aleksandr-hleb-and-manager-josep-pep-guardiola-picture-id663031592

Бу ерда эса буйруқлар сўзсиз бажариларди. Мен эса бунга мослаша олмадим. Аммо мен ўзимча ўйлардим: вазиятга мослашиш лозим. Улар сен ҳақингда нотўғрни ўйлашаётганини исботла. Шу тариқа мен жамоага мослаша бошлагандим. Мен жуда юмшоқфеъл бўлиб қолгандим. Бу жуда ғаройиб эди. Агентим ва дўстим Мино Райола: “Сенга нима бўляпти? Сени таниёлмай қолаяпман” дея бот-бот такрорларди. Умуман, мени ҳеч ким таниёлмай қолганди.  Мен қандайдир зерикарли инсонга айлангандим. Ваҳоланки, “Малмьо”да тўп суриб юрган вақтларимдан буён мен фақат бир фалсафага бўйсунардим: мен фақат ўз пойгамдагина югураман. Мен ҳақимда кимнинг нима деб ўйлаши билан ишим йўқ. Мен ҳеч қачон ҳокимият билан чиқиша олмаганман. Менга қизил чироқдан ўтиб кетадиган йигитлар ёқади, нима деётганимни тушундингиз.

Аммо ҳозир... Мен нима истаётганимни айта олмасдим. Мен фақат одамлар мендан нимани кутишса, шуни гапирардим. Мен қандайдир аҳмоқона ҳолатга тушиб қолгандим. Мен фақатгина клубга тегишли “Ауди” ҳайдардим. Мен ҳам мактаб болаларига ўхшаб қолгандим. Жамоадошларимга ҳам ортиқча ҳазил қила олмасдим. Златаннинг Златанлиги қолмаганди. Мактаб даврларимдан буён илк маротаба шундай вазиятга дуч келишим эди. Бироқ шу шароитда ҳам мен мавсумни ажойиб тарзда бошладим. Гол кетидан голлар урардим. Биз УЕФА Суперкубогини қўлга киритдик. Мен тобора ёрқинроқ ўйин намойиш эта бошлагандим. Мен майдонда ҳукмронлик қила бошлагандим. Аммо мен бошқа бировга айлангандим. Мен билан нимадир содир бўлганди. Бу у қадар жиддий бўлмаса-да, нимадир ўзгарганди. Мен қандайдир сокин бўлиб қолгандим. Ишонинг бу мен учун анча хавфли эди. Мен яхши щйин намойиш этишим учун асабий ҳолатда бўлишим керак. Кимгадир бақиришим, қандайдир томоша қўйишим керак. Бироқ ўшанда буларнинг барчасини ичимга ютишимга тўғри келди. Балки буни қандайдир босим остида қилгандирман. Янаям билмадим.

zlatan-ibrahimovic-pep-guardiola-barcelona_3781668

Мен футбол тарихидаги иккинчи энг қиммат ўйинчи эдим. Ҳужжатлар ҳам менинг турган битганим муаммо эканлигига гувоҳлик билдирарди. Шунингдек, шахсиятим билан боғлиқ гап-сўзлар ҳам кам эмасди. Бахтга қарши буларнинг барчаси мен учун анча оғир юкка айланди ва мен “Барса”га киришиб кета олмадим. Тахминимча, мен ҳар қандай жамоага мослашиб кета олишимни исботлашга уринардим. Бу менинг бутун ҳаётимдаги энг аҳмоқона қарор эди. Мен майдонда ҳамон хавфли футболчи эдим. Аммо бу менга ортиқ завқ бағишламас эди.

Баъзида ҳатто фаолиятимни якунлаш ҳақида ҳам ўйлаб қолардим. Албатта ҳар қандай ҳолатда буни жамоа билан тузилган шартномани бекор қилиш эвазига бажармаслигим аниқ эди. Ҳар қалай мен профессионал футболчиман. Аммо мен футболдан завқланишни деярли унутгандим. Шу пайтларда Рождество таътилига чиқдик. Биз таътилни Оре (Швециянинг Яамтланд ҳудудида жойлашган дам олиш маскани – изоҳ таржимондан)да ўтказдик. Мен у ерда сноумобилни ижарага олдим. Менга қандайдир экшн керак эди. Мен доимо машинани маниаклардаек ҳайдардим. Бир куни ортимдан қувиб келаётган полициячиларни ҳам адаштириб “Порше Турбо”нинг тезлигини 325 км/соатгача олиб чиқдим. Мен уларни (“Барселона”дагиларни - изоҳ таржимондан) унутиш учун ҳар қандай жинниликка тайёр эдим.  Шу тариқа мен тоғдаги асосий вақтимни сноумобилда ўтказдим ва унда боримни бериб қорларни ёндирардим.

Ниҳоят, мен ўзимда бироз адреналинни ҳис қилдим! Ниҳоят ўша олдинги, ҳақиқий Златан ўзим ҳақимда ўйлай бошладим. Мен нима учун бу ишларни қилаяпман? Менда пул бор. Мен мана бундай жиннича мураббий билан ишлашга мажбур эмасман. Мен ҳаётдан завқланиб яшашим ва оиламга ғамхўрлик қилишим керак. Бу жуда ажойиб вақтлар эди, бироқ у узоққа чўзилмади. Биз Испанияга қайтгач, биз нохушлик билан тўқнаш келдик. Албатта, бирданига эмас, секин-аста. Нохушлик бутун атрофни қамраб олганди.

Испанлар худди аввал қорни кўрмаганга ўхшашарди. Улар Барселона тепасидаги қояларда гоҳ ўнг, гоҳ сўлда тўқнашиб ётишарди. Мино эса, эсини еган семиз – агар кимдир мени нотўғри тушунган бўлса, ажойиб бўрсилдоқ – ёзги оёқ кийими ва елкасига илиб олган енгил пиджагида қорда музлаб қолганди ва айнан у мени “Ауди”да юришга кўрдирганди. Бу эса деярли нохушлик билан якун топди. Тоғдан тушаётган вақтимиз нишабликда биз назоратни йўқотдик ва тош деворга бориб тўқнашдик. Машинанинг ўнг томони деярли бутунлай пачоқ бўлганди. Умуман, бундай об-ҳавода ҳалокатга учраган машиналар кам эмасди. Бироқ ҳеч кимнинг машинаси меникичалик пачоқ бўлмаганди. Мен ушбу тўқнашувда ҳам ғолиб чиққандим ва биз буни эслаганда ҳамон кулишамиз. Мен баъзида ўзимни яхши ҳис қила бошлагандим.  Аммо кейинчалик Месси гапира бошлади. Месси ажойиб футболчи. У ишониб бўлмас даражада ғаройиб. Мен уни унча яхши билмайман. Биз икки хил дунё одамларимиз. У “Барса”га 13 ёшида келганди ва мана шу муҳитда улғайганди. Бу расво мактабда у ҳеч қандай муаммога дуч келмасди. Жамоада эса табиий равишда бутун ўйин унинг атрофига қуриларди. У яхши ўйин намойиш атаётганди. Бироқ мен келишим билан ундан кўра кўпроқ гол ура бошлагандим. Бир куни у Гвардиоланинг олдига бориб: “Мен ортиқ қанотларда ўйнашни истамайман, мен марказда ўйнамоқчиман” деди.

0505_lm_ap

У ерда эса мен ўйнардим. Гвардиола эса гапни чўзмасдан тактикани ўзгартириб қўя қолди. Яъни у 4-3-3 дан 4-5-1 га кўчиб қўя қолди. Бунда мен юқоридаги чизиқда эдим, Месси эса шундоққина мен сояда қолдирган ҳолда, ортимга жойлашганди. Барча тўп айнан Месси орқали менга етиб келарди. Бу тактикада мен майдонда қуш каби эркин бўлиб қолгандим. Мен барча жабҳаларда ажралиб туришни истайдиганлар тоифасиданман. Аммо Гвардиола мени иккинчи даражага тушириб қўйганди. Ҳақиқат шундаки, у мени ҳужумга қамаб қўйганди. Мен бунинг сабабини тушуниб турардим: Месси жамоанинг юлдузи эди.

Гвардиола ҳам уни эшитиши лозим эди. Аммо шу вазиятда ҳам мен гол ортдан голлар уравердим. Аммо бу ҳам мен учун яхшиликка эмасди. У жамоани бир йигит атрофига жам бўлишга мослаштира олмаган эди. Айтмоқчиманки, у мени нега сотиб олди? Ҳеч ким мен каби майдондаги ҳақиқий вахший футболчи учун бунчалик даражада катта пул тўламас эди. Гвардиола ҳар иккаламизни ўйлаши керак эди ва албатта клубдаги менежмент ҳолати анча асабий эди. Мен уларнинг энг йирик инвестициялари эдим ва янги позицияда ўзимни умуман яхши ҳис қилмасдим. Бунинг учун эса, албатта, анча қимматлик қилардим. Жамоа спорт директори Чики Бегиристайн мени туртиб Гвардиола билан гаплашиб олишим лозимлигини тайинлади. “Машғулотларда кўпроқ ишла”.

Мен буни ёқтирмасдим. Аммо футболчи сифатида вазиятга мослашишим лозим эди. Яхши бунга ҳам кўникдим! Бир куни жўстларимдан бири бир гапни айтиб қолди: “Златан, “Барса” “Феррари” харид қилди, бироқ ундан “Фиат” каби фойдаланмоқда” мен учун эса бу жуда тўғри таъриф эди. Гвардиола мени оддийроқ, ёмонроқ футболчига айлантиришни истарди. Бундан эса бутун жамоа ютқазаётган эди.

Давоми бор...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!