Намангандаги стадион майсаси қачон яхши ҳолатга келиши маълум бўлди
Маросимдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшод Сариков ҳам иштирок этди ва журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
Жумладан Сариков "Марказий" стадионнинг майсаси қачон яхши ҳолатга келишини ҳам айтиб ўтди.
"Наманганда “Пахтакор”га қарши ўтган учрашувлардан сўнг сўнг пойтахтликлар устози Шота Арвеладзе майдон майсаси ҳақида салбий фикрлар билдирганди. Биринчи ўйиндан кейин майдон чимидан нолиган мутахассис, бир ярим ойдан сўнг яна Наманганга келиб, майдон ҳолати ҳақида яна гапирди. Ҳар қандай футбол мутахассиси ҳам бир ярим ой ичида майсани аъло даражада келтириш мумкин эмаслигини яхши билади. Яъни қисқа вақт оралиғида бу ишни қилиш жуда мушкул. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда камида олти ой ёки бир йил вақт кетади.
Бу ҳақда жуда кўп бора бош қотирдик. Бу масала бўйича ҳозирда айрим ташкилотлар билан музокара олиб бормоқдамиз. Тез кунларда Қаршидаги “Марказий” ўйингоҳ майдони билан шуғулланган мутахассислар Наманганга етиб келишади. Айни дамда келгуси йилнинг июнь ойи охирига қадар ўйингоҳ чимини яхши ҳолатга келтиришни ўйлаб турибмиз. Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида фойдаланилган майдон чимларидан олиб келиш режалаштирилган. Ҳозирда Косонсойдаги стадион ҳолатини ҳам ўрганмоқдамиз ва иш режасини ишлаб чиққанмиз. Яқин кунларда бу масала ҳам ўз ечимини топади", - деди Сариков.
Фикрлар