
Терма жамоамиз устози Хитойга қарши баҳсдан кейин: "Бу ўйинлар биз учун катта тажриба бўлмоқда"
Ўзбекистон U16 терма жамоамиз Хитойда йиғин ўтказиб, халқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказмоқда. Жумладан, ўтган сафар Жанубий Корея U16 термаси билан беллашиб 0:1 ҳисобида имконият бой берилди. Иккинчи ўртоқлик учрашувида Сергей Чигодаев бошчилик қилаётган ўсмирлар терма жамоамиз хитойлик тенгқурларига қарши майдонга тушди.
Қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтган ўйинда дарвозаларга учта гол урилди. Якуний ҳисоб эса 2:1 Хитой терма жамоаси фойдасига. Ўзбекистон U16 терма жамоамиздан ягона гол Аҳрорбек Равшанбеков ҳисобига ёзилди.
"Шенянг Урбан" стадионида ўтказилган учрашувда дастлаб Куанг Жаоле 2-дақиқада ҳисобни очган бўлса, биринчи бўлимнинг қўшиб берилган дақиқалари - 45+2 да Аҳрорбек Равшанбеков мувозанатни тиклади. Бироқ баҳснинг 88-дақиқасида Жу Юну томонидан киритилган гол эвазига Хитой ёшлари 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритдилар.
Ўйиндан кейин матбуот анжумани ташкил қилинди. Ўзбекистон U16 терма жамоамиз бош мураббийи Сергей Чигодаев қуйидагича фикр билдирди:
"Авваламбор, рақибларимизни ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин қизиқ ва курашлар остида ўтди. Иккала жамоа ҳам кўплаб вазиятларга эга бўлди. Ўйин голгача бўлди, яъни ким ўз имкониятидан фойдаланса ғалаба қозониб кетди.
Вазиятларимиз жуда ҳам кўп бўлди, лекин уларни голга айлантира олмадик. Хатоларимиз бор, ўйинни таҳлил қиламиз ва камчиликларимиз устида ишлаймиз. Бу ўйинлар жамоамиз учун катта тажриба бўлмоқда", - деди Чигодаев.
Шунингдек, учрашувда терма жамоамиз таркибида гол муаллифига айланган Равшанбеков ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Афсуски, имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Етарлича вазиятларга эга бўлдик. Рақибимиз ҳам яхши ўйин кўрсатди, бироқ биз ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Энди кейинги ўйинда ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз", - дея фикр билдирди, Аҳрорбек.
Фикрлар