"Навбаҳор" таркибига Виталий Денисовнинг жамоадоши қўшилди

Бугун "Навбаҳор" жамоаси таркибига россиялик футболчи Янис Линда келиб қўшилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

1994 йилнинг 1 мартида туғилган Янис Москванинг “Локомотив” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Линда майдонда қанот ҳимоячиси сифатида тўп тапади. Илҳом Мўминжонов клуб матбуот хизматига футболчини ҳимоянинг ҳар икки қанотида ҳам ҳаракат қила олишини билдирди. Шунингдек, Мўминжонов россиялик легионер кўрикдан муваффақиятли ўта олса, “Навбаҳор” аъзосига айланишини маълум қилди. Шу ўринда ҳимоячининг бўйи 187 см. эканлигини қўшимча қилиш жоиз.

Футболчи 2017/2018 йилги мавсум биринчи ярмини Новомосковскнинг “Химик” жамоаси сафида ўтказган. Ушбу клуб Россия иккинчи дивизионининг “Марказий” минтақасида иштирок этмоқда. Москванинг “Локомотив” клуби футбол мактаби тарбияланувчиси бўлмиш Линда футболчилик фаолиятини 2011 йили Набережние Челни шаҳрининг “Камаз” клубида бошлаган. 2012/13 йилги мавсумни эса “темирйўлчилар” таркибида ўтказган ҳимоячи 2013 йилдан 2016 йилгача Лискининг “Локомотив” жамоаси шарафини ҳимоя қилган. 2016/17 йилги мавсумни Туланинг “Арсенал” клубида ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, "Локомотив"да Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов фаолият олиб боради. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!