ЎФА клубларни лицензиялаш бўйича якуний текширув жараёнини бошлади

Хабарингиз бор, Суперлига ва Про-лига клублари янги мавсум учун футболчи ва мураббийларини рўйхатдан ўтказиши учун аввало бир қатор талабларни бажариши лозим бўлади.

Олдиндан маълумот берилганидек, “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент”да кўрсатилган талаблар, жумладан ўз академиясига эга бўлиш, уй стадиони майдони яхши ҳолатда бўлишини таъминлаш ҳамда футболчилари олдида қарздорлиги мавжуд эмаслигини кўрсатган клуб ҳафтанинг исталган кунида янги футболчилари билан шартномаларни рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Бироқ янги мавсум старти борган сайин яқинлашаётган бўлса-да, юқорида санаб ўтилган у ёки бу талабни бажаришни бироз пайсалга солаётган клублар ҳам йўқ эмас.

Клубларда янги мавсумга тайёргарлик жараёни қандай олиб борилаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида ПФЛ мониторинг гуруҳлари 9 февраль куни бир қатор клубларга ташриф буюриб, қандай камчиликлар мавжуд экани ва уларни бартараф этиш тўғрисида клубларга тавсиялар берган эди.

Бугундан лицензиялаш бўлими якуний текширув жараёнини бошлади. Бугун дастлаб “Бунёдкор” клуби лицензиялаш бўйича талабларни қай даражада бажаргани мониторингдан ўтказилди. Эртага АГМК жамоаси лицензиялаш бўйича текширувдан ўтади. Мазкур жараён 20 февралга қадар давом этади ва барча клублар бўйича якуний хулосалар ЎФАнинг махсус комиссиясига тақдим этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!