Очерк: Беқиёс профессор ёхуд миллий терма жамоа мураббийлари учун эталон ким?
Бундан бир неча кун муқаддам ўз якунига етган Осиё ўйинларида кўплаб мухлисларимиз футболчиларимиздан Хиросима мезбонлигида ўтган Осиё ўйинларида қайд этилган натижани кутишган эди. Хоҳ олимпия, хоҳ миллий терма жамоа миқёсида бўлсин, футболимиз тарихида қайд этилган энг юқори натижа Рустам Акрамов бошчилигидаги терма жамоа томонидан қўлга киритилганди. Ҳа, айнан Рустам Акрамов футболимизга энг юқори планкани қўйиб кетгач, унинг натижасини ҳали ҳеч бир мутахассис такрорлай олганича йўқ.
Рустам Акрамов. Ушбу номни эшитганда кўпчиликнинг ёдига 1994 йилда Хиросима мезбонлигида ўтказилган Осиё ўйинларидаги шонли тарих гавдаланади. Ўша мусобақада Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони каби терма жамоалар ўзининг энг кучли таркиби билан қатнашганига қарамасдан, кўпчилик наздида у қадар кучли бўлмаган, ҳали мустақиллигини-да тўла мустаҳкамлаб ололмаган Ўзбекистон терма жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганди. Ушбу ғалабада, албатта терма жамоа бош мураббийи Рустам Акрамовнинг хизматлари беқиёс эди.
Рустам Акрамов 1948 йилнинг Тошкент вилоятининг Янгибозор шаҳарчасида туғилган. Болалигидан футболга бошқача меҳр қўйган ёш Рустам 1970 йилда Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия институтининг футбол бўлимини танлади. 1975 йилда Москва Жисмоний тарбия институтида “Миллий терма жамоа футболчиларини саралаш ва мусобақаларга тайёрлаш усулларини тадқиқ этиш” мавзусида аспирантура босқичи диссертациясини ёқлади. Кейинчалик Москвада қолиб, 1976 йилга қадар ЦСКА клубининг ёшлар жамоасини бошқарди. 1980-90 йилларда у ўз фаолиятини Жазоирда давом эттирди. Аввалига 1987-89 йилларда Жазоир миллий универститетининг футбол кафедраси профессори сифатида фаолият олиб борди. Шу билан биргаликда Франциянинг “Бордо” клубида ўз малакасини оширди. Кейинчалик 1990-1991 йилларда Жазоирнинг “УСМ Алжир” клубида ишлади. 1992 йилда Жазоир терма жамоаси мураббийлар штабида ўз фаолиятини давом эттирди. 1992 йилда Ўзбекистон терма жамоасини қабул қилиб олди ва уни 1994 йилга қадар бошқарди. Якунда эса Осиё ўйинларида ғалаба қозониб, ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирди.
Ўзбек футболининг тирик афсонаси журналистлар томонидан тирик энциклопедияга қиёсланадиган устоз Ахбор Имомхўжаев Рустам Акрамовнинг Жисмоний тарбияга кириш имтиҳонларини топшириб юрган вақтларни хотирларкан, шундай дейди: “Жисмоний тарбия институтига кириш имтиҳонлари бўляпти. Мен имтиҳон олувчи комиссия аъзосиман. Талабаликка даъвогарларни бирма-бир синовдан ўтказаяпмиз. Шу пайт кўзим дарвоза ортида тўпни жонглёр қилаётган баланд бўйли забардаст бир йигитга тушиб қолди. У тўпни шу қадар ажойиб тарзда ўйнатардики, буни кўриб ҳайратда қолдим. Ҳудди компютер клавиатурасига асло қарамасдан матнни умуман беҳато ва шу даражада тезлик билан терадиган усталар каби, бу йигит ҳам тўпга умуман қарамасди. Ошналари билан гаплаша туриб, жонглёрни эпчиллик билан давом эттирарди. Шунда мен ёнимга ўша йигитни чақириб келишларини сўрадим. Абитуриент тезда олдимга этиб келди. Мен уни имтиҳондан ўтказмасдан, ўша жонглёрининг ўзиниёқ кўриб, аъло баҳо қўйиб бердим. "5" баҳони қўйиш учун ундан имтиҳон дафтарчасини беришини сўрадим. У менга дафтарчани узатди. Баҳо қўяётиб исми-фамилиясига қарадим: Рустам Акрамов. Энди ўзингиз ўйланг, қайси ўқитувчи имтиҳон олмасдан шундоқ беш баҳо қўйиб юборишга ўзида ботирлик топа олади. Рустам Акрамов ўшанда шунга мос равишда ҳаракат қилган эди.”
Рустам Акрамовнинг терма жамоадаги фаолияти ҳақида узоқ йиллар давомида “Нефтчи” клубини бошқарган ва айни пайтда “Бунёдкор” клубида фаолият олиб бораётган Юрий Саркисян шундай дейди: “Рустам Акрамов ҳақида гап кетганда, мен фақат биргина фактни келтириш билангина чекланаман. Рустам Акрамович Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мураббийи ҳисобланади. Шу кунга қадар терма жамоани кўплаб мураббийлар қабул қилиб олишди. Табиийки, уларнинг олдига ҳам турли вазифалар қўйилди. Бироқ фақатгина Рустам Акрамовгина ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олди. Унга Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида ғалаба қозониш топширилган эди. У эса буни шараф билан уддалади.” Шунингдек, Ўша мусобақада терма жамоа таркибида тўп сурган Миржалол Қосимов: “Осиё ўйинларида қозонилган ғалабада Рустам Акрамовнинг улуши барчаникидан кўра кўпроқ бўлганди”, дея хотирлайди.
Рустам Акрамов терма жамоамиз билан хайрлашгач, бир муддат “Пахтакор” клубида ишлади. 1995 йилда у ФИФА қошида ташкил этилган мураббийлар академиясини тугаллагач, 1997 йилга қадар Хиндистон терма жамоасини бошқарди. Ушбу терма жамоа Рустам Акрамов бошқарувида Жанубий Осиё ўйинлари олтин медали, Жанубий Осиё федерацияси кубогининг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритди.
70 ёшли мутахассис ўша йилларни шундай хотирлайди: “Ҳиндистон терма жамоасида ўтган йилларим мураббийлик фаолиятимдаги энг яхши даврлардан бири эди. Мен ҳамон ўша вақтларда ўзининг алоҳида иқтидори билан ажралиб турган Басудеб Мондал, Жо Пол Анчери ва майдоннинг исталган қисмида тўп билан эркин муомала қила оладиган Акил Ансари, шунингдек, ўзига хос иқтидор соҳиблари бўлган Бхутиа Бхаичунг, Иниваллапил Мани Вижаян, Паша Шаббир кабиларни хотирлайман. Аммо агар биргина футболчини ажратиб кўрсатишим лозим бўлганида, мен ўйланмай, Ажай Сингхни таъкидлаган бўлардим. Унда курашувчанлик руҳи устунлик қиларди.”
1998 йилдан фаолиятининг сўнггига қадар Рустам Акрамовга собиқ Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги Ўзбекистон футбол ассоциацияси)да иш олиб борди. Бундан ташқари, узоқ йиллар ФИФА техник қўмитаси аъзоси, ФИФА инструктори, ОФК президентининг техник масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимларида ҳам ишлади. Ўтган йиллар мобайнида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” унвони, “Шуҳрат” медали ва ОФКнинг “Олтин юлдуз” орденлари билан тақдирланди.
Рустам Акрамов футбол ривожи учун унинг илмий масалаларига бағишланган 30 дан ортиқ илмий иш, юзлаб илмий мақолалар ва 6 та китобга муаллифлик қилди. Шунингдек, ҳам футбол, ҳам илм майдонида юзлаб шогирдларга устозлик қилди.
“Мен Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Жазоир, Мальдив, Непал, Шри-Ланка, Уммон БАА ва бошқа мамлакатлардан 1000 лаб мураббийларга ФИФА ва ОФК доирасида 40 дан ортиқ курслар ўтказдим. Ушбу маросимда тақдирланганлар 38 киши орасида мен ҳам борлигимдан бахтиёрман", деган эди Рустам Акрамов ОФК томонидан “Олтин юлдуз” орденини топшириш учун ташкиллаштирилган тақдирлаш маросимида.
Ҳа, Рустам Акрамов нафақат Ўзбекистон, Осиё балки Жаҳон футболи учун жуда кўп ишларни амалга оширди. У ҳар қандай жамоанинг ўйинига тактика призмасидан қарарди. Ҳар қандай футболчининг яширин иқтидорини кўра оларди. Қайси жамоани бошқармасин, футболчиларни ғалабага ишонтирар, уларга ғолиблик руҳини сингдира оларди.
Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, Рустам Акрамов Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келган ҳар қандай мураббий учун ҳақиқий эталон бўлиб қолмоқда. Унинг ҳар бир футболчига нисбатан индивидуал ёндашуви ундан кейинги бирор мураббийда учрамади. Кўрамиз, унинг натижасини балки Купер уддалар. Яна қайдам...
Фикрлар