Кападзе: "Терма жамоани ўзим бошқарганимда ҳам муаммо бўлмасди"
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Темур Кападзе Индонезияга ташрифи чоғида маҳаллий “Гаруда ТВ”га берган интервьюсида Каннаваронинг жамоага келиши ҳақида фикр билдирди.
“Жаҳон чемпионатига бориш насиб қилмади. Аммо жуда кўп мухлислар бизнинг мураббий ўзимизнинг терма жамоани мундиалга олиб бориши кераклигини айтиб, эътироз билдиришди. Бу ҳолатни одамлар оғир қабул қилди. Ахир бу тарихимизда биринчи маротаба Жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз бўларди ва катта натижалар ҳам талаб қилинмаётган эди.
Ўзим ҳам жамоани бошқарганимда муаммо бўлмасди, деб ўйлайман. Шу билан бирга, бу мен учун катта тажриба бўлар эди. Бироқ раҳбарият бошқача қарор қабул қилди. Бу қарорга сабаб — биз илк бор мундиалга чиқаётганимиз ва у ерда бизни нима кутаётганини билмаслигимиздир. Тажрибага эга, Жаҳон чемпионатида қатнашган мутахассис бўлиши мақсадга мувофиқ деб топилди”, — деди Кападзе.



Фикрлар