Оғир атлетикачиларимиз ЖЧда Олимпия ўйинларига учта лицензияни қўлга киритди
Олдин хабар белганимиздек, 4-10 апрель кунлари Бангкокда ўсмирлар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларнинг сўнгги кун беллашувларида 94 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Саидмухтор Саидаҳроров ва Александр Ли медалларни қўлга киритди.
Александр Ли даст кўтаришда 138, силтаб кўтаришда 173 кг – жами 311 кг тошни ўзига бўйсундириб бронза медалини қўлга киритди.
Саидмухтор – даст кўтаришда 130 кг билан саккизинчи, ссилтаб кўтаришда эса – 175 кг билан кумуш медалга эга чиқди. Умумий ҳисобда Саидмухтор 305 кг тошни кўтариб, тўртинчи ўринни банд этди. Ҳар икки спортчи терма жамоамизга 48 очко тақдим этди.
Аввалроқ Кумушхон Файзуллаева бронза, Гулноза Аҳмадова кумуш медалини қўлга киритган эди. Умумжамоа ҳисобида хотин-қизлар жамоамиз Хитой ва Қозоғистондан сўнг кучли учликдан ўрин эгаллаб, и Олимпия ўйинларига 2 лицензияни қўлга киритди. Шунингдек, қизлар баҳсида Далера Давронова +75 кг вазнда 7 ўринни эгаллади ва терма жамоамиз ҳисобига 19 очко қўшиб қўйди.
Ўсмирларимизга келадиган бўлсак, улар атиги битта лицензияга эга чиқди. Эслатиб ўтамиз, терма жамоалар регламентига кўра, 1-7 ўринларни эгаллаган жамоа Олимпиадага 2 лицензияни қўлга киритади. 8-17 ўриндан эса битта. Шу сабаб спортчиларимизга кучли еттиликка кириш учун бир очко етмади.
Ўғил болалар ўртасида дастлабки еттита ўрин Хитой, Қозонистон, Эрон, Туркия, АҚШ, Россия ва Таиланд термаларига насиб этди. Ўзбекистон саккизинчи поғонада. Энди жамоамиз Аргентинада ўсмирлар ўртасида ўтадиган учинчи Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўради.
Фикрлар