Оксана Чусовитина: Токио олимпиадасида ҳам қатнашишни мақсад қилганман
Ads

Унда ўзбекистонлик спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этишмоқда. Бир неча кун олдин ўзбек спорти афсонаси, Олимпия ўйинларининг етти карра иштирокчиси Оксана Чусовитина спорт гимнастикасининг таяниб сакраш баҳсларида кумуш медаль соҳибасига айланди.

Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти ушбу муваффақиятдан сўнг Оксана Чусовитина билан суҳбат уюштирди.

- Биласизми, мусобақага тайёргарлик жараёни жуда қаттиқ ўтди. Бу кумуш мен учун олтинга тенг. Шоҳсупада иккинчи бўлиб турибманки, демак ҳали қиладиган ишларим бор. Хатоларни тўғирлаб, олдинга қараб ҳаракат қилишим керак. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сизнинг қандай тайёргарлик кўрганингизни мусобақа ва унинг якуний натижаси кўрсатиб беради.

-Рақибларингизга эътибор берадиган бўлсак, улар 16-17 ёшда эканлигини кўришимиз мумкин. Уларга қарши курашиш қийин бўлмайдими?

-Рақибларимнинг ёшига хеч қачон аҳамият бермайман. Мен ўзим тайёрлаган машқларни кўрсатиб бераман. Унга ҳакамлар баҳо беришади. Барчаси сиз машқни қандай бажаришингизга боғлиқ.

-Сиз Ўзбекистон терма жамоаси сафида кўплаб комплекс мусобақаларда иштирок этгансиз. Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинлари қолган мусобақалардан нимаси билан фарқ қилмоқда? Умуман, ташкилий масалалар ҳақида нима дея оласиз?

-Ташкилий томонлама… Буни муҳокама қилишимиз шарт эмас. Чунки, барча спортчи бир ҳил шароитда чиқиш қилади. Кимдир ажратиб қўйилмаган. Барча бир ҳил хоналарда яшайди, битта жойда овқатланади, битта жойда машғулотлар олиб боради. Муҳими, мусобақага чиқиб, охиригача курашиш лозим.

-Сиз еттита Олимпиадада иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи ҳисобланасиз. Айнан шу сабабли ҳам сизни «Гиннес рекордлари» китобига киритишган, шунингдек, халқаро гимнастика федерациясининг «Шон-шараф зали»дан ҳам ўрин олгансиз. Эътиборлиси, сиз фаолиятингизни тугатмай туриб ушбу эътирофга сазовор бўлдингиз. Бу муваффақиятлардан қай даражада фаҳрланасиз ва улар сизга қай даражада куч бера олади?

-Мен бундан жуда фаҳрланаман. Ушбу муваффақиятларга Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб эришганман. Ватанимга қайтиб, мамлакатимиз номидан мусобақаларда иштирок этишни узоқ вақт кутдим. Менинг катта орзуим бор. Мен айнан шу мақсад сари олға боряпман. Барча мендан сўрайди: «Сен нима учун ҳалиям мусобақаларда иштирок этасан, бунга қандайдир мотивация борми?». Бунга доимо бир ҳил жавоб бераман. Менда ҳали ушалмаган бир орзуим ва мақсадим бор. Унга эришишни жуда-жуда истайман. Еттита Олимпия ўйинларида иштирок этган бўлсамда, Ўзбекистон учун медаль ютиб бера олмаганман. Ватаним учун Олимпиада медалини тақдим этиш менинг энг асосий мақсадимдир. Олимпиадада совриндор бўлиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.

-Оксана, ушбу Осиё ўйинларини сиз учун Токиодаги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг навбатдаги босқичи десак бўладими? Ўша пайтда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафида бўласизми?

-Биласизми, ҳар бир мусобақада биз рақибларимизни ўрганамиз, уларнинг ҳаракатларини кузатамиз, қаттиқ тайёргарлик кўрамиз. Мен ўз ҳолатимга доимо реал баҳо бераман. Шу йилнинг ноябрь ойидан Олимпия ўйинлари учун саралаш мусобақалари, яъни Жаҳон кубоги босқичлари бошланади. Ўша мусобақалар орқали биз рейтинг очколари тўплаб борамиз. Ўз олдимга мақсад қўйдимми, уни албатта амалга ошираман. Ўтган йили декабрь ойида мамлакатимиз Президенти билан учрашгандим. У шундай сўзларни айтдики, мен янада рухланиб кетдим. Республикамиз раҳбари мени кузатмоқда, менга мухлислик қилмоқда. Ушбу ишончни оқлаш, мен билан фаҳрланишлари учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Осиё ўйинларида қўлга киритган ушбу медалимни айнан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бағишлайман ва уларга каттадан-катта раҳмат айтиб қоламан.

-Фаолиятингизни якунлагандан сўнг мураббийлик қилиш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

-Ҳали яна икки йил бор. Бу гимнастикачи учун жуда катта вақт. Мен Ўзбекистонда гимнастика янада ривожланишини, юқори савияга кўтарилишини ва бунга ўз ҳиссамни қўшишни жудаям истайман. Бизда бир неча йилдан сўнг катта ареналарга чиқа оладиган кўплаб ёшларимиз бор. Шунинг учун, мен мураббий ва ёшларга ўз тажрибамни, маслаҳатларимни бериб бораман.