Олег Зотеев: БААда бошқача терма жамоани кўрасизлар
“Локомотив”нинг чап қанот ҳимоячиси Олег Зотеев Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ушбу позицияси учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Чунки Эктор Купер уни доимий равишда йиғинларга чақирмоқда. “Локомотив”нинг чемпионликни қўлга киритилишида ҳам унинг ҳиссаси катта. Энди эса футболчининг легионерга айланиш мақсади катта. Аммо ҳозирда бор эътиборини Осиё Кубогига қаратмоқда. У билан суҳбатимизда шу ва яна бошқа мавзуларда гап борди.
“Эрон ва Россиядан таклиф бор”
- Чемпионликни қўлга киритиш биз учун осон бўлгани йўқ, - дейди Зотеев. - Ёдингизда бўлса, мавсумни яхши бошлай олмадик, бирин-кетин очколарни йўқотдик ва турнир жадвалида пастлаган пайтларимиз ҳам бўлди. Лекин вазият бундай давом этишига йўл қўймаслигимиз ва тезроқ ўз ўрнимизга қайтишимиз лозим эди. Биз омадсиз ўйинларимиздан керакли хулосаларни чиқариб, кейинчалик барқарор ўйин намойиш этишни бошладик. Якунда эса олдимизга қўйилган вазифани муваффақиятли тарзда бажариб, чемпионликка эриша олдик. Айтмоқчиманки, мавсум биз учун оғир ўтди. Аммо биз йўлимиздаги қийинчиликларни бутун жамоа билан ҳамжиҳатликда енгиб ўта олганимиз ажойиб бўлди. Қолаверса, бу йилги чемпионат ҳам яхши ўтди ва айниқса, янгиланган Суперлиганинг савияси ҳам кўтарилгани сезилиб турди. Шу боис мавсумни ўзим учун ҳам қониқарли даражада ўтди деб ҳисоблайман.
- Олег, “Локомотив” билан тузган шартномангиз ҳам тугаб боряпти. Кейинги йили ҳам ушбу клубда тўп суришда давом этасизми?
- Оғир ўтган мавсумдан кейин ҳордиқ чиқармасам бўлмасди. Шунинг учун ҳеч нимани ўйламасдан фақат оилам даврасида бўлишга ҳаракат қилдим. Шундан кейин миллий терма жамоамиз билан Туркия йиғинига кетдик. Олдимизда эса Осиё Кубогидек жиддий мусобақа турибди. Табиийки, бундай пайтда бор эътиборимизни БААдаги турнирга қаратамиз. Агарда у ерда ўзимизни кўрсата олсак, балки хориждан қизиқарли таклифлар тушиши мумкин. Ростини айтсам, агар шундай бўладиган бўлса, кейинги фаолиятимни четда давом эттираман. Мабодо, мен ўйлаган ишлар рўй бермайдиган бўлса, у ҳолда яна “Локомотив”да ўйнашда давом этаман.
- Дарҳақиқат, сиздан айнан хорижда тўп суриш борасидаги қизиқишингиз ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандим. Кўпчилик ўйинингизни кўриб, сизда ҳам бемалол легионерга айланиши имконият катта деб ҳисоблашади...
- “Локомотив” билан шартномам шу йилнинг охиригача амал қилади. Ҳозир айтганимдек, Осиё Кубогидан кейин кўп масалага ойдинлик киритамиз. Аммо айни пайтда ҳам менда хориждан иккита таклиф бор. Эрондан ва Россиянинг биринчи дивизионидаги жамоадан қизиқиш борлигини билдиришди. Лекин ҳозир бир қарорга келганим йўқ.
- Чунки сиз ўзингиз таъкидлаганингиздек, Осиё Кубогини кутяпсиз ва шундан кейингина фаолиятингизни қаерда давом эттириш борасида бир қарорга келасиз. Шу боис олдингизда турган иккала жамоага ушбу мусобақадан сўнг жавоб айтишингизни билдирдингизми?
- Сизга таклиф билан чиқдими, улар бу борада узоқ вақт кута олишмайди. Негаки, ҳамманинг ўз режалари бор. Жавобингизни узоғи билан 10 кунча кутишлари мумкин. Қачон Осиё Кубоги тугаркин деб қараб ўтиришмайди. Сиздан жавоб бўлмадими, дарҳол бошқа вариантларни кўриб чиқишни бошлашади. Мен уларга ҳозирдан аниқ жавоб айта олмаслигимни билдирдим. Қачонки, мусобақа тугаганидан сўнг бир қарорга келишимни айтдим. Унгача эса менинг бутун фикр-у, ҳаёлим миллий терма жамоа билан банд бўлади. Бундай пайтда эса бошқа нарсалар билан чалғимаслигим керак.
“Купер биз футболчиларга ишоняпти”
- Сиз Эктор Купернинг барча йиғинларида иштирок этиб келаётган футболчисиз. Айтинг-чи, мураббийнинг ишончини қозониш қанчалик қийин? Бу борада биринчи навбатда нимага эътибор қаратяпсизлар?
- Купер жуда профессионал. Шу боис биздан ҳам аввало профессионализмни талаб қилади. Купер бошчилигидаги машғулотларда ишлаш эса жуда қизиқарли. Менга у билан ишлаш ёқяпти. Аста-секин терма жамоамиз ўйинига янгиликларни олиб кира оляпти. Умид қиламанки, Осиё Кубогигача биз янада оптимал формага кириб оламиз. Барибир Эктор Купер тажрибали ва кўп нарсани кўрган. Билими юқорилиги сезилиб туради. Асосийси, бизга ишонмоқда. Шунинг учун машғулотларда ҳам астойдил унинг ишончини қозониш учун ишлаяпмиз.
- Лекин Австралиядаги йиғинда Ливан билан Жанубий Кореяга қарши ўйинлар ва натижалар кўпчиликнинг кайфиятини туширди ва танқидлар кўп бўлди...
- Бу фақат ўртоқлик ўйинлари. Бундай пайтда Купер футболчиларнинг имкониятларини ва ўзининг турли тактикаларини кўриб оляпти. Бундай натижалардан фожеа ясамаслик керак. Биз Осиё Кубогига тайёргарлик кўряпмиз ва бизнинг кучимизга ушбу мусобақа орқали баҳо бериш мумкин. Тўғри, Жанубий Кореяга йирик ҳисобда ютқаздик ва бу ҳеч кимга ёқмаслиги аниқ. Лекин, биласизми, корейслар 2005 йилгача анча кучли ўйин кўрсатишган ва шундан кейин улар қўрқинчлик рақиб бўлмай қолишган. Шунчаки, ўша ўртоқлик учрашувида Купер бизнинг камчиликларимизни кўриб олди ва энди шунга қараб яна хулосалар чиқаради.
- Аммо сиз қўркчинлик бўлмай қолган дея атаётган Жанубий Кореяни доим юта олмаяпмиз. Бунга нима дейсиз?
- Очиғи, билмадим. Балки бизга қандайдир омадлар етишмаётгандир. Айниқса, Жанубий Кореяга қарши ўтган йилги иккита ўйинни эслайдиган бўлсак, ўшанда мен терма жамоамиз таркибида эмасдим ва ўйинларни асосан телевизор қаршисида томоша қилганман. Кореяда биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётиб, якунда иккита аламли гол ўтказиб ютқазгандик. Бироқ ўша баҳсда кореяликлар биздан кучли ўйин кўрсатишмаганди. Ўйин бўйича умуман ютқазмагандик. Шунчаки, уларга ўзимиз голлар уришга имконият яратиб бергандик, яъни, ўз хатоларимиз қурбонига айлангандик. Ваҳоланки, ўша учрашувда камида дуранг ўйнашимиз керак эди. Тошкентда эса 0:0 ҳисобида дуранг қайд этдик. Ўшанда ҳам ютишимиз керак эди. Айниқса, Сардор Рашидов захирадан майдонга тушиб яратилган имкониятдан фойдаланганида биз ютган бўлардик. Барибир Кореяда ютқазган ўйинимиз кўпроқ аламли бўлганди. Аммо ҳозирги Жанубий Корея борасида салбий фикр билдира олмайман. Уларни Австралия термасига қарши ўтказган ўртоқлик ўйинини кўриб ҳайрон қолдим. Чунки Жанубий Корея эндиликда чиндан ҳам кучли жамоага айланяпти. Паулу Бенту бош мураббий сифатида ишга киришгач, жамоа ўйинида ўзгаришлар билиниб турибди. Энди улар олдинги Корея эмас.
“Финалгача бора олишимизга ишонаман”
- Эктор Куперни одатда жиддий қиёфада кўрамиз. Мураббий билан кўп бор бирга бўласизлар ва чиндан ҳам у жиддийми?
- Йўқ, ҳар доим ҳам эмас. У вақти-вақти билан ҳазиллашишни ҳам унутмайди. Керак пайтда кулади ва футболчиларга хазил қилиб туради. Шунчаки, сизлар матбуот анжуманларида ёки ўйин пайтларида уни жиддий қиёфада кўргандирсизлар. Ҳамма мураббий қатори Эктор Купер ҳам ҳазиллашиб туради. Масалан, “Локомотив”да Андрей Фёдоров ҳам машғулотлар чоғида биз билан ҳазиллашишни ёқтиради.
- Осиё Кубогида терма жамоамиз қаергача бора олади деб ўйлайсиз?
- Бизнинг мақсадларимиз катта. Осиё Кубогида камида финалга бора олишимизга ишонаман. Мухлисларимиз ҳам биздан кўп нарсаларни кутаётганини биламиз. Улар миллий терма жамоамизнинг муваффақиятларини соғиниб қолишган. Биз ҳаммасини тушуниб турибмиз. Шунинг учун бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Осиё Кубогида бошқача терма жамоани кўрасизлар. Бош мураббийнинг қўллаётган услублари албатта иш беради. Қолаверса, Эктор Купер ажойиб муҳитни ҳам ярата олган. Ишқибозларимиздан эса сабр қилишларини истаган бўлардим. БАА майдонларида муваффақият қозонишимиз учун бизда ҳамма имконият бор.
- Лекин Купернинг ҳимоявий тактикасига эътирозлар ҳам кўп бўляпти...
- Купер нима қилаётганини яхши билади. Унга ниманидир ўргатиш шарт эмас. Унинг ҳимоявий тактика қўллаётганида бизни фақат орқа чизиқда ўйнашимизни билдирмайди-ку. Бу шунчаки услуб ва режа. Фақатгина мураббийнинг тактикасига мослашиш учун вақт керак эди ва бу жараённи босиб ўтяпмиз. Бир жиҳатни тўғри тушуниш керак, биз “Локомотив”да асосан ҳужумкор ўйин кўрсатамиз. Бундай пайтда эса бирданига ҳимоявий тактикага кўникиш осон эмас. Аммо Купернинг нимани хоҳлаётганини тушуниб турибмиз. Биз керак пайтда тактикани ўзгартиришимиз ҳам мумкин. Футболда эса натижа устивор вазифа ҳисобланишини унутмаслик керак.
“Миллий” стадион майдонининг қуми кўп”
- Сиз дастлаб ярим ҳимояда ўйнагансиз ва кейинчалик ҳимоячига айлангансиз. Бунинг тарихи қандай юз берган?
- Ҳа, мен аслида ярим ҳимоячи бўлганман. Ҳимоячи бўлиб қолганимга келсак, бунга Мирко Йеличич сабабчи. У “Локомотив” бош мураббийи этиб тайинлангач, жамоа ўйинини ўзгартиришга қарор қилди ва менинг имкониятларимни кўргач, сен кўпроқ ҳимояда фойдалироқсан, дея чап қанот чизиғига қўйди. Натижада мени ҳужумкор ҳимоячига айлантирди. Айнан ушбу услубни “Локо”да илк бор Мирко қўллаган. Иккала қанот ҳимоячилари тезкорлик билан ҳужумларга ҳам қўшилишлари талаб этилади. Тўғри, бошида ҳимоячи сифатида ўйнашга кўникишим осон бўлмаган. Қолаверса, ҳужумдан ҳимояга қайтишга ҳам қийналганман. Аммо кейинчалик бу услубга жуда яхши мослашиб кетдим. Эндиликда ўз позициямда бемалол ўйнай оламан. Масалан, Шуҳрат Муҳаммадиев “Насаф”дан “Локомотив”га ўтганида бизнинг ўйин услубга мослашиши қийин кечганди. Фараз қилайлик, мен “Навбаҳор”га ўтсам, уларнинг ўйинига кўникишим осон кечмайди. Чунки ҳамма жамоанинг ўйин услуби турлича бўлади.
- Дарвоқе, терма жамоамизнинг “Миллий” стадионда ўтказган ўйинларида футболчиларимиз майдоннинг ҳолатида норози бўлишганини билдиришганди. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?
- Ҳа. Азиз Ҳайдаров ҳам майдоннинг ҳолати ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтганди. “Миллий” стадионнинг майдонида қум кўп аралашган. Бу эса футболчиларнинг жароҳат олишини осонлаштиради. Агарда микрожароҳати бор ўйинчилар бу ерда ўйнашса, 40-50 дақиқадан сўнг ўша жароҳатларини қайталатиб олишлари осон бўлиб қолади. Шунинг учун “Миллий” стадион майдонида ўйнаш бизга жуда оғир. “Локомотив” стадиони майдони жуда сифатли ва унда тўп суриш футболчиларга ниҳоятда қулай. Эътибор берсангиз, у ерда ўйнасак, айтарли жароҳат олмаймиз. Мен ҳам оёғимдаги жароҳатни “Миллий” стадионда ўйнаб орттириб олгандим.
- Позициянгизда ўйнайдиган қайси футболчиларнинг ўйини сизга ёқади?
- Мен бу масалада кимнидир алоҳида кўрсатиб ўтирмоқчи эмасман. Бундай ўйинчилар кўп ва уларнинг ўйинларини ҳурмат қиламан. Аммо хорижда менинг позициямда ўйнайдиганлардан ўзимга ёқадигани – бу “Реал” ҳимоячиси Марсело.
- Олег, шу ўринда қаерда туғилиб ўсганингизга ҳам ойдинлик киритсангиз. Баъзи манбаларда Олмалиқ кўрсатилган, яна айримларида Самарқанд. Шунингдек, сизни андижонлик дейдиганлар ҳам бор.
- Самарқандда туғилганман. Кейин Андижонга кетганмиз. Чунки дадам ҳам футболчи бўлган ва Андижонда ўйнаган. У ерда 43-мактабда ўқиганман. Кейинчалик Андижон давлат университетининг жисмоний маданият факультетини битирганман.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар