Осиё Кубогидаги рақибимиз японияликлар устози мусобақа олдидан нималар деди?

Осиё Кубоги - 2019 мусобақасидаги рақибимиз Япония терма жамоаси бош мураббийи Хажиме Мориясу кенгайтирилган таркибни эълон қилди. Япония терма жамоаси Осиё Кубогини 4 марта қўлга киритган бўлиб, навбатдаги мусобақага ҳам жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

- БААдаги Осиё Кубогида ғалаба қозониб, бош совринни Японияга қайтаришга ҳаракат қиламиз. 2015 йилда буни уддалай олмагандик. Мусобақада ғолиб чиқиш учун 7та ўйин ўтказиш керак. Ўйиндан ўйинга кучайиб боришга интиламиз. Терма жамоанинг асосий таркибини шаклланитириш менга катта қийинчилик туғдирди. Кўплаб футболчиларимизда жароҳат бор эди. Айни пайтда энг яхши спорт формасида бўлиб турган футболчиларни терма жамоага жалб қилишга ҳаракат қилдим. Бир томондан Россиядаги мундиалда қатнашган тажрибали футболчилар хизматидан фойдаланишни истадим, бошқа томондан эса ёш футболчиларга ҳам имкон беришга ҳаракат қилдим. Бизга қарши барча рақибларимиз катта куч билан майдонга тушишади. Шу сабабли биз улардан зўрроқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак, - дея ўз фикрларини билдириб ўтди Япония терма жамоаси бош мураббийи Хажиме Мориясу.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон МТЖ Осиё Кубогида «F» гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистонга қарши баҳс олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!