Осиё кубоги – 2019. Танишинг, Сурия терма жамоаси

Қитъамизнинг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz интернет ахборот портали Осиё кубогида иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. 

syria logo

Бугун кўҳна тарихга эга бўлган Сурия ҳақида гаплашамиз. Сурия бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган энг қадимий давлатлардан биридир. Пойтахти – Дамашқ. Ушбу шаҳар 4000 йилдан ортиқ тарихга эга. Бу ўлкада 400 йиллик тарихга гувоҳ бўлган қатор мавзелар ҳозирга қадар сақланиб қолган. Дамашқда Қадимги Рим даврига хос биноларни, Византия черковларини ва араб масжидларини учратиш мумкин. Яъни Шарқ ва Ғарб маданияти бирлашган нуқта.

Сурия ҳудудида қадимда Оссурия, хеттлар, Вавилон, Форс подшолиги, Александр Македонский империяси, кейинчалик Рим Империяси, Византия, Араб ҳалифалиги, Салибчилар давлати, Мўғуллар ва Усмонийлар империяси каби давлатлар ҳукм сурган. Кейинчалик эса 1920 йилда француз колонияси томонидан фатҳ этилган.

Сурия 1946 йилда мустақилликка эришган. 20 млн аҳолисига эга ва уларнинг 83 % саводли. Сурияда ҳам аксарият араб мамлакатлари сингари ҳафта якшанба кунидан бошланади.

syria fot

Спорт Суриянинг кучли жиҳатлари сирасига кирмайди. Шу вақтга қадар бу ўлкада олимпия ўйинлари ғолиби бўлган спортчи сони 1 тани ташкил этади. У ҳам Атланта олимпиадасининг етти кураш баҳсларида ғолиб чиққан Гаад Шуадир.

Футболда ҳам вазият деярли шу даражада. Сурия чемпионати ҳеч қачон кучли лигалар қаторида тилга олинмаган. 2004 йил “Ал-Жаиш” ОФК Кубогида ғолиб бўлган. 2008 йилда эса “Ал-Карама” ОЧЛ чорак финал босқичига қадар етиб борган.

Сурия терма жамоаси эса ўзига хос тарихга эга жамоалардан саналсада, қитъамиздаги кучли жамоалар қаторида тилга олинмайди.

“Қизил бургутлар” илк бор 1958 йилги ЖЧ саралашида иштирок этган ва мундиал саралашида иштирок этган илк Осиё жамоаларидан бири бўлган. Шунга қарамай, Сурия ҳар доим ҳам саралаш босқичларида иштирок этмаган. Бунга баъзан ФИФАнинг ЖЧ иштирокчилар сонига нисбатан бойкот, аксарият ҳолларда эса сиёсий муаммолар туфайли шундай бўлган. 2014 йил эса дисквалификация боис терма жамоа ЖЧ саралаш босқичида иштирок этмагани ёдингизда бўлса керак.

Сурияликлар Осиё кубоги финал босқичида 4 бор иштирок этган. Сўнгги бор “қизил бургутлар” 2011 йил Қатарда ўтган қитъа биринчилигида иштирок этишган ва гуруҳда 3-ўринни қўлга киритишган эди. Умуман олганда Сурия ҳозирга қадар Осиё кубогида бирор марта гуруҳдан чиқа олмаган.

shtange1

Бугунги кунда Сурияни германиялик Бернд Штанге бошқариб бормоқда. Салкам 40 йилдан буён мураббийлик соҳасида фаолият олиб бораётган Штанге 20 га яқин жойда иш олиб борган.

Сурия терма жамоаси БААдаги мусобақанинг Б гуруҳида Австралия, Иордания ва Фаластин термалари билан кураш олиб боради.

Бернд Штанге шогирдлари учун тақвим қулай дейиш мумкин. Улар илк турда Фаластинни синовдан ўтказишади. 2-турда эса Иорданияга қарши майдонга тушишади. Сўнгги турда эса Австралия билан ўйин кутиб турибди.

Агарда, Сурия Тошкентда Эктор Купернинг Ўзбекистон бошқарувидаги дебют учрашувида кўрсатган ўйинини Осиё кубогида ҳам намойиш эта олса, жамоа ўз тарихида илк бор плей-оффга чиқиши ҳам прогноз қилинмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!