Осиё кубоги-2019.Терма жамоамиз шифокорини нима ташвишга солмоқда?

Хабарингиз бор, шу кунларда БААда футбол бўйича қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё кубоги ўтказилмоқда. Мазкур чемпионатда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биринчи турда уммонлик рақибларга қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Мусобақанинг дастлабки учрашуви жамоамиз учун осон бўлгани йўқ. Ана шундай ўйиндан сўнг футболчиларимизнинг тезда тикланиб олишлари катта аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда, албатта, терма жамоамиз шифокорларининг ўрни катта. Шу мақсадда биз Ўзбекистон терма жамоаси шифокори Аброр Пирриевдан бир қанча саволларимизга жавоб олдик.

- Оғир ўйиндан кейинги тикланиш жараёни ҳақида

- Бизда барчаси олдиндан режалаштириб қўйилган. Ҳар бир машғулот, ўйиндан сўнг тикланиш бўйича чора-тадбирлар қўлланилади. Шунга кўра, бу ўйиндан кейин ҳам тикланиш жараёнлари ўша жойнинг ўзидаёқ амалга оширилди. Бу жараён эртасига ҳам давом эттирилди.

- Терма жамоамизнинг бугунги кундаги умумий ҳолати қай даражада?

- Тиббий ҳолат томонлама гапирадиган бўлсам, шукр футболчиларимизнинг барчаси соғ-саломат. Хеч қандай жароҳатлар йўқ. Уларнинг машғулот ўтказишига тўсқин бўладиган жиддий сабаблар йўқ. Улар режа асосида машғулотларни давом эттирмоқдалар.

- Игнатий Нестеровнинг ҳолати

- У ўйинда жиддийроқ жароҳат олгандек кўринди. Аммо, учрашувдан кейинги текширувларда маълум бўлдики, посбонимизнинг жароҳати жиддий эмас. У одатдагидек машғулотларда ишламоқда. Тиббий томонлама олиб гапирадиган бўлсам, у майдонга тушишга тайёр. Саломатлиги ўз жойида.

- Иқлим, мослашиш ва ташвишга солаётган жиҳат

- Мослашиш ҳақида гапирадиган бўлсам, биз бу ерга ўйиндан бир ҳафта олдин келдик ва футболчилар иқлимга мослашиб олишди. Аммо, араб давлатларига ҳос бўлган бир жиҳат бор. Биласиз, бу ерда кундуз куни иссиқ. Хоналарда, автобусларда эса доимо кондиционер ишлайди. Яъни, футболчи жонажон Ўзбекистонимизда бўлганидек, деразани очиб қўйиб тоза ҳаводан баҳраманд бўла олмайди. Мени ҳавотирга солиши мумкин бўлган нарса шуки, жисмоний юкламалар қанча ошса инсоннинг иммунитети пасайиб боради. Қолаверса, иссиқ ҳавода, машғулотларда терлайсиз. Шундан сўнг автобусга чиқилади – кондиционер. Меҳмонхонага кирилади – кондиционер. Бу футболчида шамоллаш, яллиғланиш ва бошқа вирусли инфекцияни юқтириб олиш каби муаммоларни пайдо қилади. Биз буни, албатта, олдиндан билганмиз, ўрганганмиз. Бу мамлакатга биринчи маротаба келганимиз йўқ. Шунинг учун, иммунитетни кўтарувчи витаминларни ўзимиз билан олиб келганмиз. Албатта, улар ёрдамида, шунингдек футболчилар билан тушунтириш ишлари олиб бориш асносида бизга бошоғриқ бўлиши мумкин бўлган турли муаммолардан ҳоли бўлишга ҳаракат қиляпмиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
sardor Ollazov
12/01/2019 14:03
Kimdur jaroxat olganmi
Sag'indiq Kenjebaev
13/01/2019 01:54
Хеч ким олмаган