Осиё кубоги – 2019. Танишинг, БАА терма жамоаси

Қитъамизнинг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти Осиё кубогида иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни бошлайди. Таништирувни мезбон мамлакат – БАА терма жамоасидан бошлаймиз.

БАА Федератив давлати 1971 йилда 6 Амирликнинг (Абу-Даби, Ажман, Дубай, Умм-Эл-Кайвайн, Фужайра ва Шаржа) бирлашуви натижасида пайдо бўлган. Орадан бир йил ўтиб эса яна бир амирлик – Расс-Ал-Хайма ҳам мазкур Федерацияга қўшилади.

Футбол бўйича БАА миллий терма жамоаси эса ўзининг илк учрашувини 1972 йилда Қатарга қарши ўтказган ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

“Оқлар” ўз тарихларида илк ва сўнгги марта 1990 йилги ЖЧда иштирок этишган. Италия майдонларида кечган мундиалда Карлос Алберто Паррейра шогирдлари гуруҳ босқичида Колумбия (0:2), ГФР (1:5) ва Югославияга (1:5) мағлуб бўлиб гуруҳда сўнгги ўринни олади.

24 (1)

Осиё кубогида эса ҳозирга қадар 9 бор иштирок этган. 1980, 1984, 1988 йилги мусобақада гуруҳ босқичидаёқ курашни тўхтатган. 1992 йилги қитъа биринчилигида эса 4-поғонани эгаллаган.

Мазкур мусобақадаги энг яхши натижасини эса ўз уйида ўтган, 1996 йилги турнирда 2-поғонани эгаллаган. Ўшанда Томислав Ивич шогирдлари  гуруҳ босқичида Жанубий Корея (1:1), Қувайт (3:2) ва Индонезияни (2:0) ортда қолдириб ярим финалга чиқади. Финал учун курашда эса Қувайтдан (1:0) устун келиб финалга чиқади. Ҳал қилувчи учрашувда пенальтилар сериясига кўра Саудия Арабистонига мағлуб бўлади.

2000 йил Ливан мезбонлик қилган Осиё кубогида эса саралашдан ўта олмагани боис, иштирок этмайди. 2004, 2007 ва 2011 йилги мусобақаларда ҳам БАА терма жамоаси курашни гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлган.

Австралия майдонларида кечган сўнгги қитъа биринчилигида эса Маҳди Али бошқарувидаги БАА терма жамоаси 3-ўринни қўлга киритган эди.

Бугунги кунда эса БАА термасига италиялик Алберто Заккерони бош мураббийлик қилмоқда. 65 ёшли мутахассис 2017 йилнинг 16 октябридан буён “Зайд болалари”ни шуғуллантириб келмоқда. Унинг қўл остида терма жамоа 11 беллашувда майдонга тушди ва бор йўғи 2 та ўйинда ғалаба қозонди холос. Тўғри, БАА терма жамоаси сўнгги вақтларда Лотин Америкаси, Европа ва Африка мамлкатлари жамоаларига қарши баҳс ўтказишмоқда ва бу ҳам натижаларнинг салбий тус олишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир.

Осиё кубоги-2019 нинг мезбони сифатида саралаш босқичида иштирок этмаган БАА термаси қуръа натижасига кўра “А” гуруҳида Таиланд,  Ҳиндистон ҳамда Баҳрайн термаларига қарши кураш олиб боради. Улар айни дамда ФИФА рейтингида 82-ўринни эгаллаб туришибди.

БАА терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар:

Дастлабки ўйин: 1972 йил 17 март Қатарга қарши;

Энг йирик ғалаба: 2001 йил 14 апрель Бруней – БАА  0:12;

Энг йирик мағлубияти: 2005  йил 12 ноябрь БАА – Бразилия 0:8

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Аднан Ал Тальяни – 161 та ўйин;

Энг яхши тўпурар: Аднан Ал Тальяни – 52 та гол;

Энг яхши натижаси: Осиё кубоги-1996 да 2-ўрин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!