Осиё кубоги – 2019. Танишинг, Баҳрайн терма жамоаси

Қитъамизнинг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz интернет ахборот портали Осиё кубогида иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бугун навбат А квартетининг сўнгги жамоаси - Баҳрайнга етиб келди.

Bahrain logo

Баҳрайн Қироллиги араб мамлакатлари ичида энг кичиги саналади. Унинг умумий номи 766 кв километрни ташкил этади. Бу дегани бутун мамлакат майдони Москва шаҳридан уч баробар, Дубай шаҳридан эса беш марта кичикдир. Баҳрайнни қўшни Саудия Арабистонидан 25 километрлик кўприк ажратиб туради. Давлатни эса чекланган ҳуқуққа эга бўлган Қирол бошқаради. Баҳрайннинг иқтисодини ҳам бошқа араб мамлакатлари сингари нефть ташкил этади.

Энг қизиғи, Баҳрайн араб давлати бўлсада, мамлакатдаги ўртача ҳар ўнинчи одам христиан динига эътиқод қилади. Бунданда қизиғи эса, ушбу давлатда дам олиш куни шанба ва якшанба эмас, балки, жума ҳамда шанба кунларидир.

Баҳрайн Қироллиги ҳақида бироз бўлсада, маълумотга эга бўлган бўлсангиз, энди мамлакат футболи билан таништирувимизни давом эттирсак.

Футбол Баҳрайнда у қадар оммалашган спорт тури эмас. Аҳоли орасида енгил атлетикага қизиқиш юқори ва айнан ушбу спорт тури вакиллари энг катта маошга эга спортчилар саналишади.

Бундан ташқари авто ва мотопойгалар ҳам маҳаллий аҳолида катта қизиқиш уйғотган. Бироқ футбол борасида бундай дея олмаймиз. Қиролликда қўшни араб мамлакатлари Қатар ва БАА сингари футболчиларга катта маош бериш ва кучли легионерларни жалб этилмайди одатда ва шу боис Баҳрайн чемпионати Ғарбий Осиёдаги энг кучсиз лигалардан бири саналади. Айтайлик биргина мамлакат чемпионигина ОЧЛда иштирок этади, унда ҳам илк саралаш босқичидан.

Клуб футболидан терма жамоа футболига ўтамиз. Баҳрайн терма жамоаси эса ўзининг илк учрашувини 1966 йилда Қувайтга қарши ўтказади. Бағдодда кечган ўйинда жанговар дуранг қайд этилади – 4:4.

БАА майдонларида кечадиган Осиё кубоги “қизиллар” учун тарихдаги олтинчи қитъа биринчилиги бўлади. Жамоа ўзининг энг яхши натижасини 2004 йил Хитойда бўлиб ўтган мусобақада қайд этган. Ўшанда Сречко Юричич шогирдлари 4-ўринни қўлга киритишган.

Баҳрайн терма жамоаси яқин йилларга қадар Ўзбекистон термаси учун ноқулай рақиб саналиб келинар эди. Айниқса, 2005 йил япониялик ҳакам Тошимицу Ёшида бошқарган учрашув барчанинг эсида бўлса керак.

Аммо 2010 йилдан сўнг “қизиллар” тобора “ўйиндан чиқа бошлашди” ва қитъа биринчиликларида ҳам, ЖЧ салаш босқичларида ҳам қийинчиликларга учрай бошлади. Жумладан, Самвел Бабаян бошқарувидаги терма жамоамиз ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Баҳрайнга қарши кечган ҳар иккала учрашувда ғалабага эришишган эди.

soukup

Ҳозирда Баҳрайн термасини чехиялик Мирослав Соукуп бошқармоқда. 53 ёшли мутахассис фаоияти давомида асосан ёшлар жамоалари билан иш олиб борган. Жумладан Чехия ва Миср терма жамоасининг турли ёшдаги жамоаларини бошқарган ва 2016 йилдан буён “қизиллар”га устозлик қилиб келади. Ҳозирда маҳаллий Федерация терма жамоа асосини ёшартиришга катта эътибор қаратмоқда ва Соукупнинг таклиф этилиши ҳам бежиз эмас назаримизда.

Баҳрайн терма жамоаси Осиё кубогининг илк турида мезбон мамлакат – БААга қарши очилиш учрашувида иштирок этади. Мезбонларга қарши ўйинлар ҳеч қачон осон ўтмаган, айниқса, бу очилиш баҳси бўлса.

Бугунги Баҳрайн асосан 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланади. Жамоа ҳимояда у қадар кучли эмас ва шу боис майдонда биринчи рақам бўлиб ўйнашгина уларни узоққа олиб бориши мумкинлиги борасида маҳаллий матбуот бонг уриб келмоқда.

Баҳрайн миллий терма жамоаси

ФИФА рейтингидаги ўрни – 113

Илк учрашуви: Баҳрайн – Қувайт 4:4 (1966 йил 2 апрел, Бағдод)

Энг йирик ғалабаси: Баҳрайн – Индонезия 12:0 (29 февраль 2012, Риффа)

Энг йирик мағлубияти: Ироқ – Баҳрайн 10:1 (5 апрел 1966 йил, Бағдод)

Осиё кубогидаги иштироки: 5 марта (1988, 2004, 2007, 2011, 2015)

Энг яхши натижаси: 4-ўрин (2004)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Салмон Иса (156 ўйин)

Энг кўп гол киритган футболчи: Исмоил Абдулатиф (40 гол).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!