Ўзбекистон от спортини ривожлантиришда Уммон билан яқиндан ҳамкорлик қилади
Кеча, 1 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Уммон Султонлигидаги элчиси Анвар Абдуҳалимов мамлакат от спорти федерацияси президенти Ал Саид Мунзир бин Сайф бин Ҳамад ал Бусаиди билан учрашув ўтказди. Бунгача Ал Саид Мунзир сентябрь ойида юртимизга ташриф буюриб, от спортини ривожлантиришда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича музокара олиб борганди.
Кеча ташкил этилган учрашувда ҳам Ўзбекистонда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш истиқболлари, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака ошириш дастурларида иштирок этиши, уммонлик чавандозларнинг Ўзбекистондаги мусобақаларда қатнашиши масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
2019-2020 йилларда Ўзбекистонда от спорти мактабларининг моддий-техник базасини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Учрашувда элчи Абдуҳалимов мазкур ислоҳотларда уммонлик дўстлар фаол иштирок этишларига умид қилишини айтиб ўтди.
Шунингдек, мактабларда имконияти чекланган болалар учун ҳам шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида отхоналар қурилади, отлар учун махсус инвентарлар харид қилинади.
Фикрлар