Ўзбекистон ва Беларусь спорт вазирлари ЎзДЖТСУнинг янги биносини очди

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси буткул янгиланган ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, соҳа мутахассисларини тайёрлашнинг долзарб масалалари ва университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Михайлович Ковальчук ҳам иштирок этди. Вазир Дилмурод Набиев Беларусь Республикаси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилгани, хусусан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қишки спорт турлари ва гимнастика бўйича тренерлар тайёрлаб берадиган қўшма факультетини ташкил этилиши ва битирувчиларга қўшма диплом берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “Университет” мақоми берилди.

Шу асосда Университетнинг ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланди. Университет ҳудудидаги бинолар ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун 2018 - 2021 йиллар давомида маблағлар босқичма-босқич ажратилиши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда университетда истеъдодли ёшларни саралаб олиш, республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ва жамоаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетда 5 та факультет мавжуд бўлиб, бакалавр босқичида 3335 нафар, магистратура босқичида 50 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, 18 та кафедра, 9 бўлим мавжуд. Таълим-тарбия ва ўқув жараёни 333 нафар юқори малакали мутахассислар, жумладан, 21 нафар фан доктори, профессор, 56 нафар фан номзоди, доцент томонидан олиб борилмоқда.

Айни пайтда университетнинг 5 та ўқув биноси, 2 та талабалар турар жойи, 2 та ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, оғир атлетика, гимнастика ва спорт гимнастика заллари, теннис, найза улоқтириш майдонлари, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, футбол ўйингоҳи фаолият кўрсатмоқда.

Университетда бугунги кунга қадар 30 мингга яқин олий маълумотли мутахассислар тайёрланган. Талабаларнинг аксарият қисми спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари, хизмат кўрсатган спорт усталари унвонларига сазовор бўлишган. Улар мамлакатимиз терма жамоалари аъзолари таркибида Олимпиада, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келишмоқда.

Келажакда университет ҳудудида 1600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 600 ўринли ўқув биносига эга бўлган гимнастика зали, 3 та спорт иншооти қуриб битказиш ҳамда футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!