ПФЛ "Шердор"ни нега огоҳлантирди?

Клублар ёзги трансферлар ойнаси очиқ пайтда бир қатор янги футболчилар билан ўз сафларини тўлдиришга ҳаракат қилишди.

Самарқанднинг “Шердор” клуби ҳам таркибга янги ўйинчиларни жалб этди. Бироқ ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи вазиятни чуқур ўргангач, “Шердор” клуби билан шартнома имзолаган икки футболчи бу жараёнда қоида бузилишига йўл қўйгани маълум бўлди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

Гап шундаки, аслида трансфер ҳуқуқи “Машъал” жамоасига тегишли бўлган Турсунмурод Ҳамдамов йил сўнггига қадар “Зомин” жамоасига ижарага берилган эди. Бироқ ёзги трансферлар вақтида “Шердор” билан келишувга эришган футболчи “Зомин” билан тузилган амалдаги ижара-шартномасини бекор қилиб ўтирмасдан Самарқанд клуби томонидан таклиф қилинган шартномага имзо чеккан.

Шунингдек, “Зомин” жамоаси сафида ўйнаб келаётган Убайдулла Набиевда ҳам “Шердор” сафига ўтиш нияти пайдо бўлади. “Зомин” билан тузилган амалдаги шартномани бекор қилиш учун эса Набиев аслида самарқандлик экани ҳамда уйланиш нияти борлигини важ сифатида кўрсатади. 

Мазкур икки ҳолатни чуқур таҳлил этган ПФЛ ишчи гуруҳи ҳар икки вазиятда ҳам футболчилар айби салмоқли эканини қайд этди. Зеро бир жамоа билан амалда шартномаси бўла туриб, иккинчи клуб таклиф этган шартномага имзо чекиш ҳеч қандай қоидаларга тўғри келмаслигини барча жуда яхши билади. Агар бошқа бир клуб молиявий жиҳатдан яхшироқ шартнома таклиф этадиган бўлса, айни вақтда ўйнаб турган клуб билан тузилган амалдаги шартнома икки томоннинг розилиги билан бекор қилиниши талаб этилади. Шу сабабдан ҳам ҳар икки футболчи жиддий тарзда огоҳлантирилди. Бироқ ҳали уларнинг ёш экани инобатга олиниб, ҳар иккала ўйинчига ҳам бундан буён қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслиги тушинтирилди.

Агар қайсидир футболчи амалда шартномаси бўла туриб, бошқа клуб билан шартнома имзолайдиган бўлса, ПФЛ ўша ўйинчини маълум муддатга футбол фаолиятидан четлатади. 

Шунингдек, ПФЛ “Шердор” футбол клубини ҳам огоҳлантирди. Келгусида ҳам мазкур клуб бошқа жамоага тегишли футболчилар билан ўзбошимча тарздашартнома тузгудек бўлса, “Шердор”га нисбатан жиддий санкциялар қўлланилади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!