Пойтахтимиздаги спорт иншоотларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича масъуллар қатъий огоҳлантирилди

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ўртасида спортни оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, мавжуд спорт иншоотларининг қурилиш ва моддий-техник аҳволини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Куни кеча вазир Тошкент шаҳридаги спорт иншоотларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини ва ўз муддатида бажарилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан жорий йилда пойтахтимизда 2 та ёпиқ сузиш ҳавзаси, 2 та спорт мажмуасининг янги қурилиши, 2 та мавжуд спорт иншоотларининг капитал таъмирланиши белгиланган эди.

Вазир Дилмурод Набиев томонидан ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманларидаги спорт иншоотларининг қурилиши, капитал таъмирланиши борасида олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаётганлиги аниқланди. 

Хусусан, Миробод тумани Қўйлиқ-3 мавзесида жойлашган Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг сунъий қопламали стадионидаги ишлар ўз ниҳоясига етказилмаганлиги аниқланди. 

Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани 1-болалар-ўсмирлар спорт мактабигақарашли “Катта қорасу” маҳалласи ҳудудида жойлашган ёпиқ сузиш ҳавзаси ва Учтепа тумани “Кўҳна Чўпонота” маҳалласида жойлашган 2-болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ёпиқ сузиш ҳавзалари жорий йил фойдаланишга топширилиши белгиланган. Аммо айрим масъулларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли, қурилиш ишлари орқада қолган. 

Вазир масъулларга ушбу ҳолат ва мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ кўрсатмалар ва қатъий огоҳлантириш берди ҳамда кунига навбати билан 2 сменада иш ташкил этиб, 2018 йил 25 декабрь санасига қадар объектни топшириш вазифаларини юклади. Шунингдек, вазир қурувчиларга аввало, сифатга эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди. 

Дилмурод Набиев муассаса раҳбарларига замонавий маркетинг усулларидан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилиги кўринишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, олинган даромад ҳисобидан бассейнлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фидойи мураббийларни тақдирлаш лозимлигини таъкидлади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолаётган иншоотлар бўйича топшириқлар берилган эди. 
 

photo5404506268414093695.jpg

 

photo5404506268414093696.jpg

 

photo5404506268414093699.jpg

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!