Про-лига. "Динамо" Самарқандга кимлар келди? Кимлар кетди?

Мавсумни Про-лиганинг “А” гуруҳида ўтказаётган Самарқанднинг “Динамо” клуби иккинчи даврага жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев SPORTS.uz муҳбири билан бўлиб ўтган суҳбат давомида давралар оралиғида жамоани тарк этган футболчилар ва клубга янги келган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтди.

"Ҳозирча таркибимизни 11 нафар футболчи тарк этди. Бу ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали хабар бердик. Уларнинг орасида биз учун муҳим бўлган футболчи Амиржон Сафаров “Насаф”га ўтиб кетди. Иккала клуб раҳбарлари гаплашишди ва бош мураббий сифатида ўзим ҳам бу трансферга қаршилик қилмадим. Суперлигада “Насаф”дек клуб қизиқиш билдиряптими, бундй пайтда ҳар қандай футболчини тушуниш мумкин. Чунки ўйинчи албатта ўсиши керак. Ҳозирча уни мавсумнинг охиригача ижарага бердик. Аммо шартнома бандида клуб вакиллари ўзаро келишувга эришишса кейинчалик сотиб олиш таклифи ҳам киритилган. Бундан ташқари, Зоҳир Қўзибоев, Мўйдин Мамазулумов, Рустам Тоштурдиев, Азиз Суюнов, Акмал Бозоров, умуман барчаси билан дўстона равишда хайрлашдик. Клуб уларнинг олдида ҳеч қандай қарздорликка эга эмас. Шунинг учун янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишда муаммога дуч келмаяпмиз. Жамоамизни тарк этган футболчиларга ҳам ўйин амалиёти керак.

Трансфер ойнаси очилганидан кейин аввалига беш нафар футболчини рўйхатдан ўтказгандик. Булар – Акмал Холмуродов, Павел Пуришкин, Суҳроб Иззатов, Аббос Жумақулов ва Дилмурод Каримов эди. Кейинчалик “Шўртан”дан Отабек Нарзуллаев, “Нефтчи”дан Аваз Агалиев, “Зомин”дан Шерзод Жалилов ва ўзимизнинг футбол мактабимизда ёш дарвозабонни олдик. Шу кунларда яна бир ҳужумчи билан келишувга эришишга яқин турибмиз. У Суперлигадан ҳам ёки про-лигадан ҳам бўлиши мумкин. Максимал даражада 10 нафар янги ўйинчини рўйхатдан ўтказмоқчимиз. “Динамо”ни тарк этганларнинг ўрни муносиб ижрочилар билан тўлдириляпти. Бу борада ҳеч қанақа ҳавотирга ўрин йўқ. Жамоамизда яхши ёшлар ҳам бор. Қачондир зўрдан зўри чиқаверади. Вақт эса барибир ўз сўзини айтади. Ўйлайманки, чемпионатнинг навбатдаги қисми янада қизиқарли ўтади. Чунки “Андижон”, “Сурхон” каби жамоалар ҳам ўз таркибларига Суперлигадан ўйинчиларни олишяпти. “Машъал” эса ўз таркибини сақлаб қоляпти. Чемпионат давомида кўпчилик “Машъал” ҳақида турли гап-сўзларни айтишганди. Лекин бундай миш-мишлар бундан олдин ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Қачонки, ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрсангиз, кейин ишонсангиз бўлади. Айтмоқчиманки, ҳар қандай миш-мишга ишониш керак эмас", - дейди тажрибали мутахассис.

Даврон Файзиев билан уюштирилган суҳбатнинг тўлиқ қисмини тез орада сайтимизда ўқишингиз мумкин. Бизни кузатишда давом этинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!