Профессионал боксчиларимиз ҳам “Uzbek Tigers”га жамоаси сафига қўшилишлари мумкин
Ads

Бугун Тошкент шаҳридаги Универсал спорт саройида профессионал бокс кечаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Вьетнам, Чеченистондан чарм қўлқоп усталари рейтинг жангларини ўтказиши режалаштирилган.

Мазкур жанг олдидан ўтказилган матбуот анжуманида турнир ташкилотчилари, спорчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

> Рейтинг жанглари жуфтликлари билан танишинг

– Профессионал бокс ҳаваскор бокс соясида қолиб кетаётгандек назаримизда. Қачондир профессионалнинг даражаси ҳам ҳаваскор каби бўла оладими?

Бу саволга профессионал бокс федерацияси вице-президенти Владимир Шин жавоб берди.
Албатта, ҳозирги кунда ҳаваскор боксимиз жуда яхши натижаларни кайд этмоқда. Профессионал бокс ҳам аслида жаҳонда ўз ўрнига эга. Ҳозир санаб ўтирмайман, чунки барча олдинги боксчиларимиз қандай натижа қайд этганини билади. Ҳозиргилар қандай натижага эришмоқда? Бу ҳам ҳаммага маълум, лекин шуни аниқ айта оламанки, профессионал боксимиз босқичма-босқич юқори чўққиларни забт этиб боради. Бунинг учун барча шароитлар етарли. Ҳукуматимиз, шахсан президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг спортга бераётган жиддий эътибори, яратиб бераётган шарт-шароитлари ҳам келажакда Ўзбекистонда ҳар бир спорт вакиллари юқори чўққиларни забт эта олиш имкониятини яратмокда.

– Профессионал бокс ва ҳаваскор бокс ўртасида алоқа йўлга қўйилганми? Мисол учун профессионал бокс назоратидаги боксчи “Uzbek Tigers” таркибига қўшилиши мумкинми?

Профессионал бокс федерацияси бош директори Набижон Исмонов жавоб берди.

Ҳаваскор бокс федерацияси билан алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Профессионал боксдаги спортчиларимиз албатта, дастлаб ҳаваскорда тобланиб, кейин профессионалга ўтишади. Қолаверса, AIBAнинг ўзига хос қарори мавжуд, яъни профессионал боксчилар ҳам Олимпиадада иштирок этиши мумкин. Шу сабабдан агар профессионал боксда фаолият юритаётган бирор-бир боксчимизнинг ҳаракатлари маъқул тушиб, “Uzbek Tigers”га таклиф қилса бўлади. Лекин биласиз, бу ҳаваскор бокс жамоаси ва ҳаваскор боксда жуда кучли чарм қўлқоп усталари кўплаб топилади.

– Қачондир Шохжахон Эргашевнинг жангларини Ўзбекистонда ташкил қилиш имкони борми?

Албатта, бунинг иложи йўқ эмас. Бу борада ўзимизнинг режаларимизга эгамиз, лекин буларнинг барчаси бизга боғлиқ эмас. Бунинг учун унинг промоушени билан бир ёқадан бош чиқариб ишлашга тўғри келади.

Биламизки, Кореяда жуда кўп спорт турлари яхши ривожланган. Шундан келиб чиқиб айтсак профессионал бокснинг оммавийлиги сизнинг юртингизда қандай ўринларда қайд этилади?

Жанубий Корея профессионал бокс федерацияси президенти жаноб Ху жавоб берди.
Биласизми, профессионал бокс юртимизда жуда яхши ривожланиб бормоқда. инсонларнинг қизиқиши юқори. Насиб қилса, яқин йиллар давомида Корея профессионал боксчилари ҳам юқори натижаларнни қайд этишига ишонаман. Бу борада албатта, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Ўйлайманки биргаликдаги ишларимиз ўз самарасини беради.

Эслатиб ўтамиз, бугунги мусобақада 17 та рейтинг жанглари ўтказилиши режалаштирилган. Кечанинг асосий қарама-қаршилигида Жамшид Нажмиддинов (16-1-0, КО10) фарғоналик Шерхон Машрабжонов (4-1-0) билан куч синашади.