“Қизилқум” Тошкентдаги йиғиннинг охирги назорат ўйинида “Бухоро”ни мағлуб этди

Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган “Қизилқум” футболчилари бугун йиғин доирасида учинчи назорат учрашувида майдонга чиқишди. Жамоанинг бу галги рақибиди Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Бухоро” клуби бўлди.

“Чиғатой” спорт базаси сунъий қопламали майдонда ўтказилган беллашувда навоийликлар йиғин давомидаги учинчи ғалабани тантана қилишди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида Бекзод Ғанижонов рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонини ажойиб тарзда доғда қолдиришнинг уддасидан чиқди. Кейинчалик айнан Ғанижоновга нисбатан ишлатилган қўполликдан кейин белгиланган пеналтини Қадамбой Нурматов бехато амалга оширди. Ўйин охирларида бухороликлар бир тўп билан жавоб қайтаришди, холос.

Ушбу беллашувни "Қизилқум" жамоаси қуйидаги таркибда ўтказди: Евгений Черемисин, Эркин Бойдуллаев (с), Суҳроб Ярашев, Алишер Саноев, Файзулла Қамбаров, Муҳсин Убайдуллаев, Шерали Жўраев, Элужа Григалашвили, Миржалол Қосимов, Азизбек Усмонов, Муродбек Бобожонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Бегзод Ғанижонов, Акмал Рустамов, Ҳумоюн Абдуалимов, Қадамбой Нурметов, Тимур Усмонов, Виктор Григорьев.

“Қизилқум” футболчилари ушбу ўйин билан Тошкентдаги илк йиғинга якун ясашди. Йиғин давомида навоийликлар учта назорат учрашувини ўтказишиб, уларнинг барчасида (“Қизилқум” – “Қўқон-1912” 3:2, “Қизилқум” – “Бунёдкор” 3:1, “Қизилқум” – “Бухоро” 2:1) ғолибликка эришишди. Қисқа танаффусдан кейин жамоанинг йиғини Навоий шаҳрида давом эттирилади. Февраль ойида Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!