“Қўқон-1912” энди бор эътиборини Суперлигада жон сақлаб қолишга қаратади...ми?

Ўзбек футболининг бешиги ҳисобланган Қўқонда футболни қанчалик ардоқлашларини яхши биламиз. Шу боис Суперлигада иштирок этаётган “Қўқон-1912” жамоасининг ҳам мухлислик аудиториясини анча салмоқли дейишимиз мумкин. Эътибор берсак, Қўқонда кечадиган ҳар бир учрашув рақиб жамоа учун бир мунча қийинроқ ўтади. Чунки у ерда мухлисларнинг ҳам ўзига яраша босими бўлиши шубҳасиз. Албатта, шунга яраша “Қўқон-1912” ҳам имкон қадар ўз ишқибозларини хурсанд қилишга ҳаракат қиляпти. Аммо доим ҳам сиз ўйлаган нарса бўлавермайди. Қўқонликлар Ўзбекистон Кубоги ярим финалигача етиб боришгани ҳам эътиборга молик. Аммо ҳал қилувчи паллада Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа ўз уйида “Пахтакор”га қаршилик кўрсатишга қийналишди. Натижада 2:5 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олишди. Шу тариқа “Қўқон-1912” Кубок баҳсларидан ҳам чиқиб кетди. Энди улар асосан қуйи олтиликда Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашни давом эттирадилар. Хўш, “Пахтакор”га бой берилган йирик ҳисобдаги мағлубият жамоа аъзоларининг руҳиятига таъсир кўрсатмайдими? Бу ҳақида Нўъмон Ҳасанов шундай деди:

- Мен футболчиларимга ишонаман. Тўғри, бизда “Пахтакор”га ўхшаб захирадан ўйинни кучайтирадиган ўйинчиларимиз кам. Очиғи, захира ўриндиғимизга қарасам қўрқиб кетаман. Бунинг устига Кубок учрашувда бешта ўйинчи алмаштирилади. Бошида яхши ўйнаётгандик. Ҳамма “Қўқон-1912”ни кучли олтиликка киради деб ишонганди. Менга учта футболчи керак эди. Чунки ҳозирги таркиб билан охиригача бориш қийин эди. Ҳар доим битта таркиб билан ўйнайвермаймиз-ку. Хадеб витамин ёки бошқа нарсалар билан уларни яхши спорт формасида ушлаб тура олмаймиз. Кимдадир ўйин сифати пасайиши мумкин, яна кимдир жароҳат олади. Шуларни билган ҳолда яна учта ўйинчи керак деб айтгандим. Олган бўлсак кимни олдик? Бухоролик Фирдавс Асадов. У деярли ўйнамаётганди. Кейин Беҳруз Саъдуллоев. У захирада ўтирибди.

Умуман олганда, ўтган йилги “Қўқон-1912” бу йилгисига қараганда нисбатан кучлироқ эди. Лекин жорий мавсумда негадир қўқонликларнинг барқарор ўйин кўрсатиши қийинроқ кечмоқда. Бу йилги дастлабки вазифа эса кучли олтиликка кириш эди, аммо бу уддаланмади. Кейин бор эътибор Кубок баҳсларига қаратилди ва жамоа ярим финалдан қайтди. Бу кетишда раҳбариятнинг бош мураббийга бўлган ишончи камайиб бормасмикин? Нўъмон Нурматовичдан шу ҳақида сўраганимизда у қуйидагича жавоб берди.

- Менга ҳужумчи етишмаяпти. Жасур Ҳакимов эса ҳозирча битта гол урди. Ўтган йили жамоангиз кучлироқ эди деяпсиз. Чунки ўша пайтда менда яхши ҳужумчи бор эди – Филип Райевац. У бир қатор голлар урди ва жамоамиз жонига оро кирганди. Мен ҳимоявий ўйинни ёқтирмайман. Агар бундай услубда ўйнаш керак бўлса, бемалол ўйнайвераман. Бироқ бу мухлисларга ёқмайди. “Пахтакор”да ишлаганимда айрим вазиятларда ўйинимиз ёқмасди. Мана, энди ўзим мустақил ишлаётганимдан бери ўйлаган тактик усулларимни амалга татбиқ этишга ҳаракат қиляпман. Мана, Жавоҳир Сидиқовни олайлик. У Қўқонда ўсишга эришяпти. Ҳужумкор ўйин доим ишқибозларга ёқади. “Пахтакор”га қарши чуқур ҳимоядан ўйнасак ҳам бўларди. Аммо барибир ютқазардик-да. Уларга мос келиш учун “Пахтакор” билан тенгма-тенг ўйнаш, улар билан бир хил югуриш керак. Ҳар бир футболчи ўз рақиби билан тенг даражада рақобат қила олиши лозим. Шахсан мен мана шундай кўрсатмаларни бергандим. Жавоҳирга Дилшод Раҳматуллаев билан рақобат қилиш керак эди ва унга ўзингни кўрсат дедим. Ким кучли уми ёки сенми? Бу ўзинг учун имконият дегандим. Аммо Раҳматуллаев иккинчи голни урди. Танаффус пайтида Жавоҳирга сени ўйинчинг гол урди десам, у пенальти ишладим-ку деяпти (кулади). Лекин футболчи барибир охиригача ишлаши керак.

Яна бир гап: “Қўқон-1912”нинг ҳимоя чизиғида чиндан ҳам муаммолар бор. Буни “Пахтакор”га қарши учрашувда кўрдик. Ҳозирги пайтда эса бош мураббийни айнан мудофаа чизиғидаги муаммолар қийнаётган бўлса ажаб эмас. Чемпионат бошида ушбу клубда сербиялик мутахассис иш бошлаганди ва уни Ҳасанов ҳимоячиларга масъул деб айтганди. Тан олиш керакки, ўшанда ҳимоячилар анча тартибли ўйнашаётганди. Аммо кейинчалик ҳимоячилар бетартиб ўйнашни бошлашди. Қолаверса, сербиялик мутахассис ҳам жамоада кўринмай қолди. Мазкур масалага эса бош мураббий шундай муносабат билдирди:

- Ўтган йили сербиялик мураббий бўлмаганида ҳам ҳимоячиларим яхши ўйнашган ва 7-8 та ўйинда 2 та гол ўтказгандик холос. Дукичга келадиган бўлсак, уни икки марта юраги “ушлаб” қолди. Шунда ҳам уни бу ерда қолдирсак нотўғри бўларди. Агар шу ерда унга бирор нарса бўлиб қолганида биз айбдор бўлиб қолардик. Мен унга бу ҳақида уйдагиларингга айт десам айтмади. Қўқонда бир марта ва Тошкентда бир марта юраги хуруж қилиб қолди. Аслида уни қўйиб юбормасдим. Аммо юраги безовта бўлавергач, барибир хорижлик одам, шу боис охири кетказишга мажбур бўлдим.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!