Садирин билан самолётдаги суҳбат, ЦСКАдаги ҳаёти, мураббийларнинг тил билмаслиги... Ёхуд Даврон Файзиев билан очиқ суҳбат
Даврон Файзиев – бу футболимиздаги таниқли номлардан бири десак асло муболаға қилмаймиз. Жиззах футболи тарбияланувчиси ҳисобланган Даврон ўз вақтида кучли футболчиларимиздан бири бўлганди. У миллий терма жамоамизнинг ҳам ишончли ҳимоячиси саналарди. Ҳозирги кунда мураббийлик билан шуғулланаётган Файзиев ҳаётда кўп нарсаларни кўрди. Ўз вақтида Россиянинг етакчи клубларидан бири – ЦСКА сафида ҳам тўп сурганини ёши улуғ мухлисларимиз яхши билишади. Ҳозирги кунда мураббийлик билан шуғулланиб, “Динамо”ни бошқариб келаётган мутахассис билан кўплаб қизиқарли мавзуларда суҳбатлашиш мумкин. Чунки юқорида айтганимиздек, у ҳам футболда кўпни кўрган. Шу сабабли куни кеча Даврон Орипович билан учрашдик ва бир қатор қизиқарли мавзуларда суҳбатлашдик. Айтиш мумкинки, Файзиев бир қатор масалалада очиқ ва дангал гапирди ва шу билан бирга ўтмишини ҳам эслаб ўтдик.
“Ҳар бир мураббийнинг асосий фаолияти 40 ёшдан кейин бошланади”
- Футболчи Даврон Файзиев ва мураббий Даврон Файзиев ўртасидаги тафовут қандай?
- Тўғриси, ер билан осмонча фарқи бор. Айтишим мумкинки, футболчилик фаолияти билан мураббийлик фаолияти бошқа-бошқа касб ҳисобланади. Солиштириш учун айтаманки, футболчилик фаолияти анча осон. У ўз клубида яхши ўйин кўрсатиши, етакчилардан бирига айланиши, терма жамоада тўп суриши каби мақсадларига эга бўлади. Мураббийнинг эса омадли бўлиши фақат ўзига боғлиқ. Футболчидаги босим фақат майдонда бўлади. Мураббийлик фаолияти давомида эса у футболчиларни ўзига ишонтира олиши, раҳбарларнинг ишончини қозониши, ўзига яраша руҳшунос ва ўқитувчи бўлиши керак. Муҳими, мураббий футболчиларни ўз сўзига ишонтира олиши лозим. Мураббийнинг йўналиши жуда оғир. Италиялик Паоло Малдини мен мураббий бўлишни хоҳламайман, чунки унинг фаолияти оғир бўлади деб интервью берганди. Қандайдир Малдинининг ўша гаплари миямда сақланиб қолган. Ўз фаолиятимдан келиб чиқадиган бўлсам, чиндан ҳам у тўғри гапирган экан. Лекин бош мураббийлик ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бироқ ўзига ишонган мураббий қаерга бормасин доим масъулиятни ўз бўйнига олишга журъати етади. Масалан, “Динамо”да иш бошлаганимда ҳам масъулиятни зиммамга олишдан қўрққаним йўқ. Чунки мен бу йўлни босиб ўтганман. Агар мендан 20 йил олдин кейинчалик ким бўлишни истардингиз деб савол беришса ҳам қўрқмасдан мураббий бўламан деб айтган бўлардим. Чунки футболсиз ҳаётимни тасаввур қилишим қийин. “Сўғдиёна”даги фаолиятимни тугатганимдан кейин ўзимни бизнес, раҳбарлик ёки тадбикорлик соҳасида тасаввур қила олганим йўқ. Доим футбол оламида яшадим.
- Сизнинг футболчилик ва мураббийлик фаолиятингиз ўртасидаги яна бир фарқ бор. Яъни, футболчи Даврон Файзиев мураббий Даврон Файзиевдан кўра машҳурроқ эди. Чунки сиз футболчи сифатида кўпроқ натижаларга эришгансиз, ютуқларингиз кўп бўлган. Мураббийликда эса ҳозирча камтарона бўлиб кўриняпсиз.
- Ҳар бир футболчи миллий терма жамоанинг либосини кийишни орзу қилади. Қисқа қилиб айтганда, оддий аскар ҳам генерал бўлишни орзу қилади. Футболчиликда терма жамоада ва легионер бўлиб ўйнасам деган, мақсадларим бор эди ва буларга эришганман. Мураббийликда ҳам мақсадларим катта. Аммо бунинг учун сабр керак. Тан оламан, ҳозирча менда мураббий сифатида қўлга киритилган тузукроқ натижалар йўқ. “Сўғдиёна”да олти йил ишладим. У ерда қийин шароитда ишлаганимни ҳамма билади. Лекин Жиззахда футбол бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Бу ердан етишиб чиққан футболчиларга қаранг. Даврон Файзиев, Жасур Ҳасанов, Сардор Рашидов...демоқчиманки, ўзига хос анъана давом этяпти. Ҳозирги кунда Азиз Ғаниев, Шароф Муҳитдинов каби футболчиларни ҳам айтишим мумкин. Улар ҳам Жиззах футболи тарбияланувчиларидир. “Сўғдиёна”да анча вақт тўп сурганимдан кейин биринчи марта бошқа жамоа сифатида Самарқанднинг “Динамо” клубига ўтгандим. Самарқанд ҳаётимда ўчмас из қолдирган. Россияда ўйнаган вақтимда “Спорт Экспресс”, “Советский спорт” газеталарига интервю берганимда ҳам Самарқанд клубидан дунёга танилдим деб айтгандим. Мураббийлик фаолиятим ҳам шунга тўғри келгани учун “Сўғдиёна”дан кейин айнан Самарқандни танладим. Футболчи сифатида “Динамо” орқали танилган бўлсам, энди “Динамо”да мураббий бўлиб танилиш ниятим бор. Бу орзуим қанчалик амалга ошишини Худо билади. Аммо шунга яраша меҳнат қилсак, мукофотини беради. Ҳар бир мураббийнинг асосий фаолияти 40 ёшдан кейин бошланади. Бешикдан то қабргача илм изла деган гап бекорга айтилмаган. Мураббий ҳам ҳар қачон ўқиб ўрганишдан тўхтамаслиги керак. Чунки ҳар доим замон талаби билан яшашишимиз керак. Масалан, мен таниқли футболчи бўлганман, МҲСК ёки бошқа клубларда ўйнаганман деб ўтмишим билан яшасам, бу менинг хатоим. Лекин ишлаётган жойингизда ўша ердаги шароитга кўникишингизга мажбурсиз. Шунга яраша жамоа йиғасиз. Аммо ҳозирда замон билан ҳамнафас бўлишимиз даркор.
“Садириннинг таклифини қабул қилмаслик катта хато бўларди”
- Россиянинг ЦСКА клубида ўйнаган пайтингизда сизга адашмасам ўтиб бўлмас девор деб ном беришганди. Умуман, ўша пайтдаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- У пайтларда интернет ёки ижтимоий тармоқлар урф бўлмаганди. Асосан газета ва журналларни ўқирдик. Тўғри, ЦСКАда ўйнаганимда менга ўтиб бўлмас девор ва Осиё йўлбарси деб таъриф беришганди. Миржалол Қосимов ўйнаганида ҳам унга нисбатан стандартлар қироли деб ном беришган. Менга ишонган одамларнинг ишончини қозониш мақсадим бўлган. ЦСКА билан шартнома тузишдан олдин унинг “Уралан”га қарши ўйинини стадионда кўргандим. Ўйиндан кейин атрофдаги одамлар менга ўйинни кўрдинг, қандай таассуротдасан деб савол беришганида, майдонда ўйнаган футболчилардан иқтидорим кўп бўлса кўпки, аммо асло кам бўлмайди деб жавоб бергандим. Ўша гапимни исботлаш учун эса машғулотларда кўпроқ ишлашим керак эди. Аммо Россияда легионерларни танлаш борасида доим танлов катта бўлган. Чунки у ерда дунёнинг исталган мамлакатидан футболчилар бўлади. Уларга қараганда эса ҳар доим осиёликларнинг рейтинги пастроқ юради. Аммо кўплаб легионерларнинг орасида айнан сизга ишонч билдиришяптими, демак, уларнинг ишончини қозонишга мажбурсиз ва бу шарт. Шунчаки, мураббийнинг эътибори менга тушиб қолган ва бу худди бахтли воқеадек эди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига россиялик марҳум мутахассис Павел Садиринни бош мураббийликка таклиф қилишганди. Ўша пайтда Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти Зокиржон Алматов эди. Раҳматли Маҳмуд Раҳимов эса футболимизнинг ривожи учун ажойиб ғоялари бор эди ва Садирин ҳам унинг ғояларидан бири эди. Масалан, мени 1999 йилгача аксарият мухлислар яхши билишмасди. У пайтда таркиб кучли эди. Миржалол Қосимов, Максим Шацких, Сергей Лушан, Андрей Фёдоров, Бахтиёр Қамбаралиев, Бахтиёр Ашурматов, Рустам Шоймардонов, Отабек Пирматов, Жаъфар Ирисметов, умуман бундай футболчилар кўп. Бизга берилган имкониятдан фойдаланиб қолганмиз. Садирин келганидан сўнг Самарқандда Озарбайжон ва Малайзияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказгандик. Ўша ўйинлардан сўнг Таиландга учиб кетдик. У ерда тўрт кун ичида иккита ўйин ўтказишимиз керак эди. Хуллас, у ердан қайтаётганимизда самолётда Садирин билан суҳбатимиз бўлди. У менга Россияда ўйнашни хоҳлайсанми, бунга тайёрмисан деб сўради. Бунгача Россиянинг бирор-бир клубида кўрикдан ўтмаганман дедим. Мураббийга эса агар имкон бўлса бориб кучимни синаб кўришга тайёрман дедим. Таиланддан учиб келганимиздан кейин Павел Садирин бир ҳафта ўтиб ЦСКАнинг бош мураббийи этиб тайинланди ва мени ўз жамоасига чақирди, аммо бу таклифни кутмаганди. Аммо самолётдаги суҳбатимизнинг асл негизи бошқа бўлган экан. Ўша пайтда “Торпедо-ЗИЛ” жамоасини бошқараётган Борис Игнатьев Садирининг яқин дўсти бўлган. Шу боис Садирин мени аслида ушбу клубга кўрикка юборишни мўлжаллаган экан. Лекин кейинчалик воқеалар ривожи ўзгариб кетгач, ўша пайтда “Самарқанд” жамоаси бош мураббийи Ҳаким Фузайловга Садирин қўнғироқ қилиб, Давронни бизга тезда юборишингни илтимос қиламан деган. Шундан кейин Москвага дарҳол жўнаб кетганман. Шу билан менинг фаолиятимда янги саҳифа очилган. У пайтда Ширшов, Акопянц, Қосимов, Бугало, Лушан, Фёдоров каби футболчиларимиз Россияда тўп суришарди.
- Ўша пайтда ЦСКАдаги яқин дўстларингиз кимлар эди?
- Хоҳлайсизми-йўқми, рус футболида таниш-билишчилик ҳеч қачон роль ўйнамайди. У ерда рейтингизга, ўйинингизга қараб иш ҳақи белгиланади. Мен у ерга шахсан бош мураббийнинг таклифига биноан боргандим. Шу боис жамоа мени яхши кутиб олган. Ҳозирда “Зенит” жамоасини бошқараётган Сергей Семак билан бирга ўйнаганман. Қолаверса, Дмитрий Хомуха, Валерий Минько, Олег Корноухов, Владимир Кулик, Максим Боков ва яна бошқа футболчиларни айтишим мумкин. Аксариятимиз тенгқурлар эдик. Хомуха билан Минько бироз каттароқ эди. Биласизми, ўша пайтда Семакнинг қилаётган меҳати ва машғулотлардаги ҳаракатларидан ҳайратда қолганман. У шунчалик профессионал эдики, Россияга бориб биринчи марта ҳақиқий профессионалликни кўрганман. Кейинчалик ЦСКАга Игнашевич, Ранджелович, ака-ука Березуцикйлар келиб қўшилишганди. Барибир ўшанда ҳам Осиё ва Европа футболи ўртасида яхшигина тафовут сезиларди. Тўғриси, у ерда машғулотлар пайтида майдон четида қатор африкалик футболчилар ўз агентлари билан кутиб туришади. Бундай пайтда бош мураббийнинг ўзига сизга ишонч билдириб, қўлингизга шартнома таклиф қиляптими, бундай имкониятдан фойдаланмаслик катта хато бўларди.
“Қосимов, Шквирин, Абдураимов кабилар бошқа дунё”
- Ўзингиз айтганингиздек, ҳақиқий профессионалликни Россияда кўргансиз. Хўш, ҳозирги пайтда ўзимиздаги ўйинчиларни ҳам чинакам профессионал дея оласизми?
- Ким легионер мақомида ўйнаган бўлса, ўшаларда профессионалик кўпроқ кўринади. Масалан, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидов, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец кабиларда профессионаллик даражаси ҳозирги кунда ҳам кўпроқ сезилади. Лекин биз буни ёшларимизга ҳозирдан ўргатишимиз керак. Ҳаётда ҳар доим ҳам пул муаммони ҳал қилавермайди. Қаердадир ширин сўз ёки эътибор муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Профессионал деганда, аввало сиз ўша юқори даражага чиқдингизми, ундан пастламаслигингиз керак. Олдин ўйнаб ном қозонган Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов каби футболчиларни олайлик, улар билан гаплашсангиз худди бошқа дунё! Улар биздан ҳам олдин кўришган. Легионер – бу мусофир дегани ҳамдир. Актёр саҳнага чиққанда ўз ролини яхши ўйнаши керак бўлганидек, футболчилар ҳам худди актёрлар кабидир. Майдонга тушганда мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатиш лозим. Аммо ҳозирда барча футболчиларимизда профессионаллик камдан-кам кузатиляпти. Мана, миллий терма жамоамизга Эктор Купер бош мураббий бўлиб келди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси профессионал даражада ишлаётганини шундан ҳам билиш мумкин. Лекин бирданига мураббийдан натижа кутиш нотўғри. Дунёнинг энг олди мураббийини, масалан Гвардиолани олиб келсангиз у ҳам бирданига жамоа тузиб бера олмайди. Чунки мураббий ҳар бир футболчини оддий майда деталларигача ўрганиб чиқиши даркор. Характери, югуриши, нимага қизиқиши, юриш-туриши, умуман ҳаммасини ўрганиши керак ва шунга яраша ўзи учун ўйинчи танлайди. Ҳаммамиз – мухлислар, журналистлар ҳам мураббийни қўллаб-қувватлашимиз шарт. Асосий мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш. Айнан шу муддатгача миллий терма жамоани юқори савияга олиб чиқа олиши лозим. Аммо ҳар бир ўйин учун натижа талаб қилинаётган бўлса, у ҳолда бу нотўғри бўлади. Агар уй қурсангиз унинг пойдеворини ўрнатмай туриб дарҳол томини ёпиб олмайсиз-ку! Биз мураббийлар Купернинг тажрибасидан, илмидан “ўғирлашимиз” керак. Ҳозирги пайтда ёш футболчилар катта жамоаларга кириб келганда оқсоқланиб қолишмоқда. Улар мураббий талаб қилаётган нарсани ёшлигида кўришмаган, ўрганишмаган. Эътибор беринг, ўсмирларимиз ва ёшларимиз мундиалларда қатнашишди-ю, бироқ миллий терма жамоага келганда ўша болалар футболчи сифатида ўсмай қолишди. Шунинг учун Купердан ўрганиб ёшларимизга ўргатишимиз лозим.
“Мураббийларни ҳам агенти бўлиши керак”
- Сиз учун Ўзбекистонда ишлаётган қайси мураббий кучли ва уни ўзингиз учун намуна сифатида кўрсата оласиз?
- Ҳозирги кунда Миржалол Қосимов билан Рўзиқул Бердиевнинг олиб бораётган ишларига юқори баҳо бераман. Чунки уларнинг жамоалари бир хил ўйин кўрсатяпти. Тўғри, кимдадир ўсиш ёки пасайиш бўлади. Аммо умумий маънода қараганда, иккала мураббий ажойиб тарзда ишлашмоқда. Масалан, Рўзиқул ака Демьяненкодан қолган қандайдир сир-асрорларини ўзида сақлаб қолган ва уни ўз жамоасида мужассамлаштирган. “Насаф” ОФК Кубогини ўзидан-ўзи қўлга киритгани йўқ. Охирги пайтларда “Насаф”дан нечта футболчи кетди? Аммо ҳали ҳам ўйин сифати, тактикаси ўзгармаган ва барибир барқарорлик бор. Майли, ҳозирда натижа йўқдир, бироқ ўйин борасида таҳлил қилсангиз, “Насаф”да барқарорлик бор. Миржалол ака ҳам ўзи учун Сколари ва Зикодан нималарнидир “ўғирлаган”. Шунингдек, туркманистонлик Тачмурод Агамуродовга ҳам ҳурматим баланд. Ўз вақтида бирга ишлаганман, устоз деб ҳисоблайман. У ўзбек футболига янгилик олиб кирган. “Милан”да амалака ошириб, буни “Пахтакор”да қўллаган. Барибир мураббий дегани йўқдан бор қила олиши керак.
- Нима учун хорижда ўзбек мураббийларига талаб йўқ? Сиз бу масалага нима деб жавоб берган бўлардингиз?
- Фақат бизда деб гапирманг, чунки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мураббийлари ҳам хорижда ишлашмаяпти. Фақат мен билганлардан Қурбон Бердиев Россияда ишлаб келяпти. Дарвоқе, Рашид Раҳимов ҳам бор. Улар собиқ Иттифоқ даврида Россияга кўчиб кетишган. Биз мураббийлар учун ҳам агент ва скаутлар тизими керак. Футболчилар доимий равишда агентлар билан ишлашади. Қайсидир ўйинчи клубга керак бўлса, фақат агенти билан гаплашишади. Бизда ҳам мураббийларга агент зарур ва буни ташкил қилиш лозим. Буни оддий қилиб реклама десак ҳам бўлаверади. Шунингдек, Марказий Осиёда мураббийларнинг энг катта хатоларидан бири – бу тил билмаслик. Ўзбек, рус ва керак бўлса тожик тилини биламиз. Қозоқчани ҳам тушунармиз. Бироқ инглиз тилини ўрганишда муаммоимиз бор. Лекин сизга таржимон ёллаб иш беришса, бемалол ишлай оламиз. Мураббий учун биринчи ўринда шароит бўлиши керак. Лекин ҳар доим бизнинг мураббийларда шароит зўр бўлган деб айта олмайман. Доим имкониятдан келиб чиққан ҳолда ишлашади. Ҳар бир вилоятнинг ўзига яраша ички имкониятлари бўлади.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Фикрлар