Санъат Шарипов: Ислоҳотларни болалар футболидан бошлаш керак

 

24 май куни Швециянинг Стокгольм шаҳридаги “Френдс Арена” стадионида Европа лигасининг финал учрашувида “Аякс” ва “Манчестер Юнайтед” ўзаро куч синашади. Ушбу учрашувни ёритиб бориш учун ўзбекистонлик журналист ва юрист Санъат Шариповга УЕФА томонидан аккредитация тақдим этилди.

SPORTS.uz ахборот портали Санъат Шарипов билан суҳбатлашди.

- Санъат, Европа Лигаси финалини бевосита воқеа жойидан кузатиб борасиз. Сизга тақдим қилинган УЕФАнинг эксклюзив аккредитация ҳақида маълумот берсангиз.

- Одатда, УЕФА мутасаддилари Европа футболини кенг ёритадиган ва бунга катта эътибор берадиган, “Кўҳна қитъа”да жойлашган оммавий ахборот воситаларига ёки журналистларга аккредитация беради. Бу жараёнда трансляция ҳуқуқини сотиб олган оммавий ахборот воситалари катта имтиёзга эга бўлади. Шунинг учун ҳам бошқа қитъа вакиллари, жумладан осиёлик журналистларга УЕФАнинг ички мусобақаларини бевосита жойидан ёритиш ҳуқуқи камдан-кам ҳолатларда берилади. Бу гал Европа лигасининг финалида жаҳонга машҳур клублар – “Аякс” ва “Манчестер Юнайтед” ўзаро куч синашади. Дунё эътиборидаги клублар ўйинини бевосита стадиондан ёритишга рухсат олиш учун биз ҳам мурожаат йўллагандик. Мана мурожаатимиз қондирилиб, uff.uz сайтига аккредитация берилди. Бу ўта мураккаб жараён бўлгани сабабли акрредитация биз учун эксклюзив ҳужжатга айланди.

- Сир бўлмаса, финалда қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- Бунинг сир жойи йўқ. Мен Контана ва Канчельскис ўйнаган даврлардан бошлаб “Манчестер Юнайтед”га мухлислик қиламан. Фаолиятим давомида биринчи марта финал учрашувини нохолис журналист сифатида кузатиб бораман. Финал учрашувида “Манчестер Юнайтед” ғалаба қозониб, мухлислари қатори мени ҳам хушнуд этишини ва бу кун мен учун тарихий бўлиб қолишини истайман.

- Сиз ФИФА агенти ҳисобланасиз. Айни пайтда қайси футболчилар манфаатини ҳимоя қиляпсиз?

- Шу саволга аниқлик киритиб ўтсам. ФИФА агенти деган тушунча йўқ бўлганига икки йил бўлди. Ҳозир футбол соҳасини тушунган одам футболчилар билан ишлаш мумкин. Айниқса, юрист соҳасидагиларга имконият кенгроқ бўлади. Мен Цюрих институти халқаро ҳуқуқ факультетининг халқаро спорт ҳуқуқи бўлимида таҳсил олганман ва бу спорт журналистикаси каби менинг яна бир касбим ҳисобланади. Ҳозир футболчилар билан ишлайдиган мутахассисларни фаолияти ФИФАга боғлиқ бўлмайди. Бу соҳада малакаси ҳар қандай шахс футболчилар билан ишлаши мумкин. Албатта бу назарий жиҳатдан. Амалий жиҳатдан эса бу иш жуда мураккаб ва бунинг учун қатор соҳани мукаммал ўзлаштирган мутахассис бўлиш талаб этилади.

Мени асосан ўзбекистонлик футболчиларнинг манфаатини ҳимоя қиламан ва шартнома бандларини ҳурмат қилган ҳолда уларнинг номларини бирма-бир санаб ўтолмайман.

- Хорижлик мижозларингиз ҳам борми?

- Хорижлик мижозларим йўқ. Менга чет эл футболчиларидан бўлган ҳамкорлик таклифларини қабул қилмайман. Бунинг учун хорижлик мижозларнинг учрашувини улар тўп сураётган чемпионатларга бориб бевосита кузатиш керак, улар билан доим юзма-юз алоқада бўлиб туриш лозим. Бу ишларни интернет орқали амалга ошириш ишнинг сифатига путур етказади. Вақт ва имкониятлар танқислиги нуқтаи назаридан хорижлик футболчилар манфаатини ҳимоя қилиш масъулиятини ўз бўйнимга олмайман.

Қолаверса, одам бошлаган ишида собит туриши керак. Мен ўзбек футболчилари билан ишлашни бошладимми, бор эътиборимни уларга қаратишим шарт.

- Ўзбекистон чемпионатига легионер футболчи олиб келишингиз мумкинми? Қайси футболчиларимиз Европа клублари талабларига жавоб беради?

- Легионерлар масаласида жуда мураккаб вазият вужудга келган. Бу кўп жиҳатдан ўзбек футболи савияси тушиб кетгани ва бунинг оқибатида ўзбек футболчиларига бўлган қизиқиш ҳам сусайиб кетгани билан боғлиқ. Ҳатто “Локомотив” ва “Бунёдкор” каби етакчи клубларимиз ҳам Осиё майдонларида кўп мағлубиятга учрамоқда. Ўзини кўрсатаётгани йўқ. Бу албатта, ўзбек футболчиларига бўлган эътиборни пасайиб кетишига олиб келади. Ўзбекистон футболчиларига талаб бўлмаётгани ўз навбатида футбол юристларининг ишига ҳам салбий таъсир ўтказади.

- Сизни футболчилардаги қайси фазилатлар қизиқтиради ва мижозларни қайси критериялар асосида танлайсиз?

- Футболчилар билан ишлайдиган шахс сифатида мен ўзбекистонлик чарм тўп усталарининг одамгарчилиги, маънавий савияси ва саводини алоҳида қадрлайман. Футбол оламида ўзини тута олмайдиган, оёғи ердан узилган футболчилар ҳам кўп. Улар билан ишлаб бўлмайди. Мен футболчилар билан ҳамкорлик қилаётганда уларнинг одамгарчилигини биринчи ўринга қўяман ва шунга қараб улар билан мулоқот қиламан. Юлдузлик касалига учраган футболчилар билан ишлашни ёқтирмайман.

- Касбингиз журналист. Ўзбекистон спорт журналистикасини қандай баҳолайсиз? Қайси нашрлар, каналлар ва сайтларни мунтазам кузатиб борасиз?

- Мана шу савол жуда ҳам қизиқ. Тўғриси, мен ўзбек спорт нашрлари ҳали ҳам юксак профессионал даражага чиққан, деб айта олмайман. Техника ва технология томонидан ўзгаришлар бор, лекин ижодий нуқтаи назардан журналистлар тайёрлаётган мақолаларда, кўрсатувларда, матбуот анжуманларида футболчиларга ва мураббийларга берилаётган саволларда ҳали ҳам профессонал даража етишмаслиги кўриниб қолади. Ижобий ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, спортга ва футбога ихтисослашган янги-янги сайтлар, футбол канали очилди. Бу рақобатни кучайтиради. Истеъдодли журналистлар борилигини ҳам биламан.

Ўзим интернет ёрдами кўп нашрларни кузатиб бораман. Лекин уларни номма ном санашим тўғри бўлмайди. Шу ўринда, футболни ёритадиган интернет сайтларидаги бир хусусиятни ёқтирмаслигимни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Шу сайтлар ўзлари учун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уч-тўрт футболчисини танлаб олишган ва уларни “пиар” қилиш билан банд бўлади. Қолаверса, терма жамоа ютганда уни кўкка кўтариб, ютқазганда ерга урадиган, холисликни четлаб ўтиб, эмоция билан ёзилган мақолалар кўп учрайди. Бу нотўғри. Футболни ёритгандан кейин холис, адолатли ва ҳалол бўлиш керак. Шунда эртага халқ билан юзма-юз келганда чеҳраси ёруғ, виждони тоза бўлади. Футболчилар ва мураббийлар билан дўстона муносабатлар ишдан кейин бўлаверади. Шахсий ва профессионал муносабат ўртасида қатъий чегара бўлиши керак. Шунинг учун мен профессионал спорт журналистлари кам, деб биламан.

- Ўзбекистон миллий чемпионати ўйинларини стадионлардан кузатяпсиз. Ўйинни журналист, юрист сифатида кузатяпсизми ёки оддий мухлислар қаторида ўйиндан завқ оляпсизми?

- Ҳозиргача бевосита иккита ўйин – “Локомотив“ - “Олмалиқ” ва “Бунёдкор” - “Пахтакор” учрашувларини кузатдим. Кейин “Локомотив”нинг Осиё чемпионлар лигасидаги баҳсини стадиондан кўрдим. Кўпроқ футболчилар билан ишлайдиган  мутахассис сифатида томоша қиламан. Ўйинчиларнинг имкониятларини кузатаман. Янги иқтидорларни кашф этиш илинжида уларнинг ўйинини таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.

Лекин ўйинлардан завқ олаяпман, деб айтолмайман. Айниқса, жамоаларимиз халқаро майдонда кўрсатаётган ўйинлардан қониқаётганим йўқ. Футболчиларимиз ўзини кўрсатиши керак бўлган паллада имкониятни бой беряпти. Бу мағлубиятлар ўзбек футболи мавқеига салбий таъсир қиляпти.

Кўпинча мухлису мутахассислар бизга халқаро майдонда кўп дуч келадиган араб мамлакатлари футболига нотўғри баҳо беришади. Улар кучли легионерлар хизмати эвазига ютуқларга эришаётганини айтишади. Лекин ўзбек футболи ҳали арабларники даражасига етганича йўқ. Бу фарқ айниқса, лигаларни ташкил қилиш, юқори савияли легионерларни олиб келиш борасида кўпроқ кўзга ташланади.

“Ал-Аҳли” ва “Локомотив” ўйинидаги легионер футболчига ҳамюртларимиз ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмади. Албатта бунақа ўйинлардан мен ташвишга тушаман. Чунки ўзбек футболида улкан ютуқлар ёки катта ижобий ўзгаришлар бўлмагунича футболчиларимизга хориждан қизиқиш ва жўяли таклифлар бўлмайди. Халқаро майдондаги натижаларга қараб, бизнинг футболчиларимизга баҳо беришларини тушунишимиз лозим.

- Футболимиздаги ўзгаришлар бошланди...

- Ҳа тўғри, ҳозир футболимизда айрим ўзгаришлар бўляпти. “Бунёдкор” ва “Пахтакор” жамоаларида раҳбарият ўзгарди. Лекин ўзгариш бўлганидан кейин футболимизда ҳам ижобий ўсишлар қайд этилиши керак. Нашрларда қилинадиган ишлар ҳақида ўқияпмиз. Стадионлар қурилиши, янгиланиши айтилмоқда.

Ўзгаришлар, янгиланишлар жараёни болалар футболини ривожлантиришдан бошлаш керак. Стадионлар ким учун қурилади? Мухлислар учун қурилади. Мухлислар нима учун стадионга келади? Футбол кўриш учун келади. Жамоаларда мухлисларни стадионга жалб қиладиган даражада зўр ўйнайдиган футболчилар бўлиши керак. Жамоаларимизда ана шундай футболчилар тўп тепсагина трибуналар тўлади.

Ўша футболчиларни болалар футболини том маънода ривожлантириш орқали тарбиялаш мумкин холос. ЎФФ, ПФЛ, футбол клублари ва болалар футболига ҳам кучли футбол мутахассисларини, ўз ишининг усталарини жалб қилиш керак. Халқаро тажрибалардан амалда фойдаланиш керак. Муносабат ўзгариши керак.

Барпо этилаётган ҳашаматли стадионларимизда ана шу ўзимиздан етишиб чиққан энг истеъдодли футболчилар тўп сурса, мухлислар трибуналарни тўлдириб ўтирса, ана шундай футболни ривожланганини кўришимиз мумкин. Зеро, ҳашаматли стадионлар энг зўр футболчилар тўп суриши, мухлислар уларнинг ўйинидан завқ олиши учун қурилади.

Очиғи, футболимизни ўзимиз ривожлантиришимиз керак. ФИФА, ОФК ёки четдан бошқа ташкилотлар келиб, бизнинг футболни юқори савияга олиб чиқмайди. Ҳаммаси болалар футболини ривожлантириш, унга бўлган эътибор ва муносабатни янги босқич кўтариш, истеъдодларга янада кенгроқ имконият очиб беришдан бошлашга боғлиқ, менимча.

- Келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Режалар ва мақсадлар кўп. Асосан ФИФА, УЕФА ва футбол соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотлар лойиҳаларида ишлашни режалаштирганман. Билим ва тажрибаларимни тўғри йўлда сарфлаш, билимимни, профессионал даражамни янада оширишни хоҳлайман. Шунингдек, футболимиз равнақи йўлида ишлаш ва унга қўлдан келганча ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

- Санъат, самимий суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!