Сардор Рашидов: Купер менга майдонда эркинлик яратиб беряпти
Миллий терма жамоамиз айни пайтда Эктор Купер бошчилигида қизғин иш жараёнида десак адашмаймиз. Сурияга қарши беллашувда йигитларимизнинг ҳатти-ҳаракатлари ёмон кўринмади. Масалан, Сардор Рашидовнинг шу куни кўрсатган ўйини кўпчиликка манзур бўлди. Бунгача терма жамоадаги ўйинлари орқали танқидларга учраган иқтидорли футболчи эндиликда Купер бошчилигида ўзининг янги қирраларини очадиганга ўхшаяпти. Биз Сурияга қарши учрашувдан кейин Рашидов билан суҳбатда бўлдик.
- Миллий терма жамоамиз Эктор Купер бош мураббийлиги остидаги биринчи ўйинини ўтказди. Мазкур беллашув сизда қандай таассурот қолдирди?
- Сурияга қарши осон ўйин бўлгани йўқ. Ўйлайманки, янги мураббий бошчилигидаги биринчи ўйинимизни яхши ўтказдик. Лекин ҳозирча Купернинг тактикаларига ҳамма 100 фоиз мослашиб кета олмади. Аммо кейинги учрашувларда биз унинг услубларини янада яхшироқ тушуна бошлаймиз ва ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз. Ишонаманки, вақт ўтгани сари терма жамоамизнинг ўйинини шакллантириб борамиз. Бунинг устига Сурияга қарши Эктор Купер яхши тактикани қўллади ва майдонда уни бажаришга ҳаракат қилдик. Насиб қилса, Эронга қарши учрашувда ҳам яхши ўйин кўрсатиб мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
- Биринчи бўлим ўрталарида ташаббус сурияликлар томонига ўтди. Иккинчи бўлимни эса вакилларимиз ажойиб ҳужумлар билан бошлади. Бизни қизиқтирган нарса шуки, танаффус пайтида бош мураббий томонидан сизларга ўйинни кучайтириш учун қайда гаплар айтилди?
- Ўйинни ўз қўлимизга олишимизни ва очилиб ўйнашимиз кераклигини, қисқаси, машғулотларда қўллаган усулларимизни майдонда бажаришимиз зарурлигини талаб қилди.
- Умуман айтганда, 1:1 ҳисоби ўйинга мос тушдими?
- Ўйлашимча, ҳозирги пайтда бу натижа 100 фоизлик муҳим аҳамиятга эга эмас. Бу ҳали янги мураббий бошчилигидаги биринчи ўйин...қолаверса, ушбу беллашув ўртоқлик мақоми остида ўтди. Шу ўринда стадионга келиб жамоамизни қўлдан келганича қўллаб-қувватлаб турганлари учун мухлисларимизга ҳам раҳмат.
- Сурияга қарши беллашувда сиз энг яхши ўйинчилардан бири бўлдингиз. Эктор Купер келгач, ўйинингизда бироз ўзгаришлар кузатиляпти. Тан олиш керак, бунгача терма жамоамиз сафидаги ўйинларингизда сизда нисбатан “димланиш” пайдо бўлганди. Лекин эндиликда кўриб турибмизки, майдонда бемалол “очилиб” ўйнаяпсиз. Кўпчилик эса Купер Сардор Рашидовнинг қирраларини “очиб” юборади, яъни, уни ўйнатиб юборади дейишмоқда...
- Тўғрисини айтсам, Купернинг талаби ва нимани хоҳлаётгани менга жуда маъқул келди. У майдонда менга эркинлик берди. Қўлингдан нима келса шуни қил, фақат мен талаб қилган ишни бажарсанг бўлди, қолгани эса ўзингни хоҳишинг деб айтди. Яъни, қандай ўйнасам ҳам жамоага фойда келтиришимни уқтириб келмоқда. Натижада Сурияга қарши баҳсда ўзимни жуда эркин ҳис қилиб ўйнадим.
- Купер билан 22 августдан бери бирга ишлаб келяпсизлар, биринчи ўйинни ҳам ўтказдинглар. Одатда, ҳар бир мураббийнинг иш услуби ва тактикалари бўлади. Сиз ҳам бунгача бир қатор мураббийлар билан бирга ишлагансиз. Уларнинг орасида Эктор Купер сизга қандай кўриняпти. Яъни, олдинги мураббийларда кўрмаган қайси жиҳатларни бу мураббийда кўряпсиз?
- Эктор Куперда биринчи кўраётган нарсам – бу профессионаллик. У жуда кўп нарсани кўрган. Европада яхши ишлаган. Миср терма жамоасини эса жаҳон чемпионатига олиб чиқа олди. Бизнинг ушбу мураббийдан ўрганадиган томонларимиз жуда кўп. Купер биринчи йиғиннинг ўзидаёқ бизга шунча нарсани беришга улгурди. Бемалол айтаманки, ҳаммамизга унинг иш услуби, тактикалари ёқди. Худо хоҳласа, ҳали жаҳон чемпионатигача у бизга яна кўп нарсаларни ўргата олади.
- Шунингдек, ушбу мураббий биринчи навбатда ҳимоявий тактика устида ишлаши сезилиб турибди. Бизнингча, у жамоамизда аввало ҳимояни тартибга солиб, кейин ҳужумдаги ранг-барангликни кучайтирмоқчи. Мана шу жараёнга сиз нима дейсиз?
- Биласизми, бу мураббий жуда тўғри иш олиб боряпти. Чунки сиз уй қурмоқчи бўлсангиз ҳам биринчи навбатда унинг пойдеворини мустаҳкам қилишингиз керак. Бизда эса биринчи навбатда ҳимоя мустаҳкам бўлса, олдинги чизиқда албатта гол уриш учун имкониятлар бўлади. Агар имкониятлардан фойдалана олмаган тақдиримизда ҳам ҳеч бўлмаганда камида дуранг учун имконимиз бўлади. Бу эса бизни мағлубиятдан қутқариб қолади.
- Купер билан таржимон орқали гаплашяпсизлар. Унинг тушунчаларини ўрганиш сизларга қийинчилик туғдирмаяптими?
- Йўқ. Таржимон ҳам бизга ҳаммасини жуда яхши таржима қилиб беряпти.
- Энди айтинг-чи, Эрон билан ўйиндан нимани кутишимиз мумкин?
- Эрон ҳам кучли рақиб. Бу термага қарши тайёргарлик қизғин давом этяпти ва янги тактик услублар устида ишлаяпмиз.
- Терма жамоамизда янги чақирилаётган футболчилар ҳам бор. Умуман айтганда, бош мураббий ҳаммани бир мақсад йўлида бирлаштиряпти ва шу билан бирга футболчиларни яқиндан билиб оляпти. Шуни ҳисобга олганда, терма жамоа ихтиёрида бўлиб турган ҳар бир футболчида янги мураббийга ўзини кўрсатишга бўлган иштиёқ каттадек кўриняпти.
- Купер терма жамоамизда тўғри иш олиб боряпти. У чақирган футболчи биринчи ёки иккинчи лигада ўйнаса ҳам, муҳими, миллий термага ёрдам бўрса унга шунинг ўзи етади. Масалан, Купер таклиф қилган футболчилар орасида “Реал” Мадрид ва ўзимизнинг “Норин” жамоасидан вакиллар бор. Аммо уларнинг орасида “Норин”дан келган ўйинчининг ҳатти-ҳаракатлари маъқул келиб, жамоага ёрдам бера олса, “Реал”дан келган футболчидан кўра уни майдонга туширади. Айнан шу жиҳатидан ҳам янги мураббий ҳаммага маъқул келди. Демоқчиманки, аргентиналик мутахассис ҳаммага бир хил муносабатда бўляпти. Насиб қилса, Купер билан кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз.
- Дарвоқе, ёзда сиз ўз клубингизни ўзгартириб хорижга кетмоқчи эдингиз. Аммо “Локомотив”даги фаолиятингизни давом эттиряпсиз. Воқеалар ривожи нима бўлганди?
- Мақсадим Францияга кетиш эди. Бунинг учун у ерда ишлаётган мураббий билан ҳам гаплашдим. Аммо Сабри Лямушининг айтишича, “Ренн” клубида молиявий томондан муаммолар борлигини айтди ва ўзи ҳам кетиши мумкинлигини билдирди. Шунинг учун декабрь ойигача “Локомотив”да қолиб, Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритмоқчиман.
Шуҳрабек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар