Сирдарёда болалар-ўсмирлар футбол академиялари шифокорлари учун семинар бошланди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академиялари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, академиялар тарбияланувчиларидан маҳоратли футболчилар етишиб чиқишини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб, спортчиларнинг фаолиятида тиббиёт ходимларининг тутган ўрни катта аҳамиятга эга бўлиб, доимо ҳамкорликда фаолият юритишлари талаб этилмоқда.
Шу муносабат билан, 30-31 январь ҳамда 1 февраль кунлари Сирдарё вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясида ҳудудий футбол академия директорлари, спорт ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда спорт шифокорлари учун ташкил этилган ўқув-семинари давом этмоқда.
Ўқув-семинарининг икинчи кунида ҳудудий футбол академияларининг спорт шифокорлари учун “Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази”дан спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назорат қилиш бўйича малакали мутахассис Суннатулла Юлчиев ҳамда ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг спорт ишлари бўйича директор ўринбосарларини фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларнинг фаолиятларини назоратга олиш юзасидан “Футболни ривожлантириш департаменти” директори Онгарбай Жалимов томонидан ўқув қўлланмалар тарқатилиб, тегишли кўрсатмалар берилмоқда.
Эртага яъни 1-февраль куни Сирдарё вилоятининг тиббиёт ходимларидан ташкил топган гуруҳ ҳамда “Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази”нинг спорт шифокори Суннатулла Юлчиев бошчилигида ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг спорт шифокорлари, эгаллаган билимлари асосида амалиётда тадбиқ этиб, футбол академия тарбияланувчиларини тиббий кўрикдан ўтказишади.
Фикрлар