Солари – «Реал» учун керакли вақтда керакли мураббийми?

Барча Антонио Контени Хулен Лопетеги ўрнига бош мураббий бўлишини кутиб турган бир паллада Сантьяго Солари вақтинчалик вазифасини бажариб турган пайтда эришган натижалари билан клуб президенти ва футболчиларнинг ишончини оқлади «Сантьяго Бернабеу»даги фаолиятини расман давом эттирадиган бўлди. Испаниялик таниқли журналист Гильем Балаге аргентиналик мутахассисни айни вақтдаги энг керакли мураббий деб ҳисобламоқда, ростан ҳам шундайдир. Ҳаммасини вақт кўрсатади, албатта.

Сантьяго Соларининг «Реал Мадрид» бош мураббий этиб тайинланиши Европанинг амалдаги чемпионлари учун хайрли тугар.

Бироқ у клубни вақтинчалик бошқарувчи этиб тайинланганида ҳамма уни иссиқ ўринни Конте учун бўшатиб беради, деган фикрда эди.

Бироқ барча мусобақаларда 4  учрашув ўтказган мадридликлар 15 гол уришга эришди ва Солари масъулиятли вазифа учун муносиб эканлигини кўрсатиб қўйди.

Шунингдек, Серхио Рамоснинг ҳиссаси ҳам якуний қарорга таъсир қилмасдан қўймади. «Темир одам»нинг келиши ҳақидаги саволга Рамос «ҳурмат қозонилади, мажбурлаб олинмайди» – деганди Рамос, қўшимча қиларкан «баъзан кийиниш хонасини қандай бошқаришни билиш техник билимдан ҳам муҳимроқ ҳисобланади» дея Контега шаъма қилганди.

Шу тариқа Конте учун кириш эшиклари ёпилди.

Оқибатда Солари 2021-йил июнигача амал қиладиган шартномага эга бўлиб олди. Солари ва Зиданни таққослашлар эса борган сари ортиб бормоқда. Айниқса уларнинг бош жамоагача босиб ўтган йўли жуда ўхшаш.

Зидан, Солари, Анчелотти ва Дел Боскеларнинг характерлари клуб учун анча мос тушади. Бенитес, Лопетеги ва Моуриньолар эса аксинча.

Соларини яхши мураббий эмас дейиш хато бўлади, «Кастилья»даги икки ярим йиллик фаолияти бунинг аксини ифодалайди.

Солари 2000-2005-йилларда ўша вақтдаги «Галактика»да ўз ўрнига эга эди, 2013-йилда клуб структурасига қайтган собиқ футболчи ёшларни тарбиялашга киришди.

У «Кастилья»га бош мураббий этиб тайинланганида унинг жамоаси турнир поғонасининг ўрталарида юргани сабаб ОАВ уни тез-тез танқид қилиб турди. Бироқ ОАВ бир жиҳатни унутиб қўйди. Мақсад юқори лигага чиқиш эмас, бунинг иложи ҳам йўқ. Мақсад буюк футболчиларга муносиб ўринбосарлар етказиб бериш.

Унинг қўли остида Марио Эрмосо (ҳозир «Эспаньол»да, термага чақирув олган), Ашраф Ҳакими («Боруссия Д»да ижарада), Оскар («Леганес»да ижарада), Филипп Лайнхар («Фрайбург»)  каби ёш иқтидор эгалари етишиб чиқди. Шунингдек, Хави Санчес, Федерико Вальверде, Алекс, Регилон, де ла Фуэнте, Фран Гарсия, Серхио Лопес ва Винисиус Жуниорлар эса асосий жамоа чақирувини кутмоқда.

Унинг «Кастилья»даги фаолияти шуни кўрсатдики, Солари ёшлар билан ишлашнинг ҳадисини олган ва муҳими уларни қандай қилиб рухлантиришни билади, боиси у уларни тушунади.

Унинг оиласида футбол ДНК си бор, қон-қонигача сингиб кетган. Отаси, амакиси ва икки акаси профессионал футболчилар бўлишган.

У «Реал»нинг асосий жамоасида тўрт ўйин ичида тактик мослашувларни кўрсатиб берди. Жароҳатланган Каземирони Себальос билан алмаштириш, ёш истеъдод эгалари Хави Санчес ва Регилонларга имконият берилиши ўйин натижаларига таъсир қилди. Операция қилинган Искони қаторасига уч ўйин захирада қолдирди, Марко Асенсиога икки сабабга кўра дам берди. Биринчиси вингер ўзининг яхши спорт формасида эмаслиги бўлса, иккинчиси Солари Асенсиога бироз босим уюштирмоқчи.

Солари шунингдек матбуот анжуманларида Гарет Бейлдан янада кўпроғини кутаётганини эътироф этишдан чарчамаяпти.

18 ёшли Винисиусга ҳам ўйин амалиёти берилмоқда. Ёш футболчиларни ривожлантиришнинг энг яхши йўли бу кўпроқ ўйин амалиёти берилиши кераклигини аргентиналик мураббий жуда яхши тушунади. Клуб хўжайинлари ҳам 60 миллион долларлик трансфер эгасини «Сантьяго Бернабеу» захирасини иситиб ўтиришидан манфаатдор эмас.

Қисқа қилиб айтганда Солари «Реал»да барчаси қандай ишлашини билади, клуб унинг қўлис остида яхши ишлаши турган гап. Буни каталонияликлар билан орадаги масофани тўрт очкогача қисқартиришга эришганлари ҳам айтиб турибди. Хуллас клуб уни танлаб адашмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!