Спорт таълими муассасаларида аутсорсинг хизматини ташкил этиш тартиби тасдиқланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 15 октябрдаги буйруғи билан айрим ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида аутсорсинг асосида овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом ва аутсорсинг асосида овқатланишни ташкил этиш бўйича намунавий шартнома тасдиқланди.

Дастлаб синов тариқасида Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, Урганч, Фарғона ҳамда Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида аутсорсинг асосида овқатлантириш жорий этилди.

Бунда хизмат кўрсатиш истагини билдирган корхоналар ўртасида танлов ўтказиш йўли билан таълим муассасаси ошхонаси ижарага берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби (рецептураси)ни белгиловчи намунавий рўйхатга асосан таомлар тайёрланади.

Овқатланишнинг кунлик меню рациони врач-диетолог томонидан ишлаб чиқилиб, мактаб-интернат директори билан келишилади ҳамда аутсорсерга тақдим этилади.

file_1

ovqat

Аутсорсинг бўйича ҳақ тўлаш шартнома тузилиши санасида озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилган нархлардан юқори бўлмаган ҳолда) бир овқатланувчига тегишли контингент учун ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати суткалик озиқ-овқат нормасидан келиб чиқиб ўрнатилади. Бунда умумий овқатланиш корхоналарига ҳақ тўлаш барча харажатларни (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ва бошқалар) ўз ичига оладиган 20 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинади. Мисол учун Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига 1 нафар ўқувчининг бир кунлик овқатланиши учун ўртача 28 минг сўм ажратилган.

Тайёр ва захирадаги озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш, тайёрлаш рецепти ва технологик режимга риоя этилганлигини аниқлаш мақсадида мактаб-интернат ва аутсорсер вакилларидан иборат бўлган маҳсулотларни сифатига қараб саралаш (бракераж) комиссияси тузилади.

Ошхона фаолият кўрсатиш самарадорлиги, хизмат кўрсатиш даражаси ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказиш йўли билан аниқланади. Бундан ташқари ота-оналар йиғилишларида ўқувчилар учун тайёрланаётган сифати ва овқатланишни ташкил этишда кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида тақдимот ва кўргазмалар ўтказилади.

Ушбу муассасаларда тўпланган тажриба ва ўтказилган синовлар натижадорлигидан келиб чиқиб, аутсорсинг хизмати келгусида вазирлик тизимидаги барча таълим муассасаларида жорий этилади.

Маълумот учун: Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ўқувчилар олти ўқув кунида беш маҳал, якшанба (байрам кунлари) куни эса уч маҳал овқатлантирилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!