Рашид Ғофуров: "Йигитларимиз ўйиндан олдин оёқлари қалтираб, ютқазиб бўлишди"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Про лиганинг 7-туридаги йирик ҳисоб Нукусда қайд этилди. “Арал” ҳамда “Яйпан” жамоалари иштирокидаги учрашувда майдон эгалари 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Рашид Ғофуров қатнашди ва саволларга жавоб қайтарди.

- Авваламбор, “Арал” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, менимча мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам кўришди. Йигитларимиз ўйиндан олдин қўл кўтаришиб, оёқлари қалтираб, ютқазиб бўлишди. Олдиндан “настрой” бўлмаса жуда ҳам қийин. Боз устига бундай майдонда футбол ўйнашга ҳар қандай жамоа қийналади.”"Арал”, “Жайхун” каби жамоалар бу майдонга жуда ўрганишган. Бу баҳона эмасу, аммо жуда қийин. Боз устига бизнинг футболчилар ёш, ўтган ўйинда бир қатор йигитларни йўқотганмиз. Қизил карточка олинган ёки терма жамоага чақирилган. Майли, ўрнини қоплайдиган футболчиларимиз бор. Шу ҳам камлик қилдими, дейман-да! Асосий таркиб ўйинчиларимиз 100 фоиз бўлган тақдирда ҳам биз қийналган бўлардик.

- Энди Ўзбекистон Кубоги баҳслари бошланади. Жамоангизнинг Кубокдаги мақсади қандай?

- Кубокка алоҳида тайёргарлик кўриб, уни бошимиз устида кўтариш мақсади йўғу, лекин муносиб қатнашиш ниятимиз бор. “Пахтакор”, “Сурхон”, “Каттақўрғон” каби Суперлигани ҳам яхши жамоалари бор. Уларга қарши муносиб ўйин кўрсатмоқчимиз. Бу ўйинлар орқали ёшларимизни ҳам реклама қилиш имконияти бўлади. Агар бугунгидек ўйин бўладиган бўлса, ўйинчиларимизга ҳеч ким қарамайди.

- Иккинчи бўлимда дарвозабоннинг алмашиши ҳақида нима дейсиз?

- Дарвозабонни 100 фоиз хатоси демайман. Аввало, бу жамоавий хато ҳисобланади. Дарвозабонимиз руҳий тарафдан ўзини йўқотди. Келган тўп кириб кетаверди. Сабаби, кутилмаган тўплар ўтказиб юборилгач, бундан буёғига ҳам яна кўплаб голлар кириб кетиши мумкин эди. Шу боис захирадаги посбонимизга ўйнаш имконини бердик.

- “Яйпан” яқин йилларда олдинги “Турон” жамоасининг ўрнини боса оладиган жамоага айланиши мумкинми?

- Мумкин. Агар ўша “Турон”га қўйилган мақсад каби бизга ҳам шундай қилинса бажарса бўлади. Ҳозирча ёшлар биланмиз ва олдимизда ҳеч қанақа мақсад йўқ. Асосан ёшларни ўйнатиб, уларга ўйин амалиётини бериш, тажрибасини ошириш.

- Жамоангиз биринчи голга қадар яхши ўйнаётганди, тўпни ҳам яхши назорат қилаётганди. Лекин голдан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Бу нимадан ёки мухлислар босимиданми ё бошқа сабаби борми?

- Босим мухлислар тарафидан эмас. Тўғри айтяпсиз, бошида комбинацион ўйин кўрсатиб, ҳаммаси яхши кетаётганди. Биринчи голдан кейин ёш болани бу томонига урса, нариги томонига ҳам ур, деб қўйиб беришадию, шунақа бўлиб қолди-да. Аммо кўрсатма беришда тўпни ушлаб ёки бошқа нарса ҳақида айтмагандик. Чунки бу тўпни назорат қиладиган майдон эмас. Фақат олдинга тепиб ўша ерда тўп учун курашиш керак эди. Жамоамиз барибир тўпни назорат қилишга ўргангани учун охирида 5:1 га ютқазиб турибмиз, барибир орқада тўпни ушлашга ҳаракат қилишди. Олдинга теп, иккита ҳужумчига ташлаб бер десак ҳам орқада тўп билан ўйнашди. Биринчи гол майли, лекин иккинчи гол автогол бўлгач, ўйинчилар “синиб” қолишди.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!