Устунлик Ҳусанов томонда! Абдуқодирни бутун бир терма жамоага таққослашди
Қозоғистоннинг спортга ихтисослашган нуфузли манбаларидан sportarena.kz арена сайти Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархига эътибор қаратди.
Ушбу нашр ўзбек футболчисининг бир ўзи трансфер суммаси бўйича Қозоғистон миллий терма жамоасининг умумий нархидан икки баравар қимматлигини эътироф этди.
- Ўзбекистон терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европадаги Осиё футболининг энг ёрқин намояндаларидан бирига айланди.
Transfermarkt порталининг сўнгги баҳосига кўра, унинг бозор қиймати 35 миллион еврога етган.
Ҳусановнинг ривожланиш тарихи ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли. 22 ёшли ҳимоячи Франциянинг “Ланс” клубига, кейинроқ эса Англиянинг “Манчестер Сити” жамоасига ўтганида, унинг трансфер бозоридаги қиймати атиги 12 миллион евро, деб баҳоланган эди.
Икки йилдан кам вақт ичида Ҳусанов 23 миллион еврога қимматлашди. Бу унинг жадал ривожланаётганини ва дунёнинг энг кучли клубларидан бири сафида юқори даражада ўйинаётганини тасдиқлайдиган ҳақиқий сакрашдир.
Таққослаш учун, худди шу манба маълумотларига кўра, ҳозирда Қозоғистон миллий терма жамоасининг умумий трансфер қиймати 17,7 миллион еврога тенг.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг энг қиммат футболчиси – Олмаотанинг “Қайрат” клубила ўйнаётган ҳужумчи 17 ёшли Дастан Сатпаевдир. Сатпаев Лондоннинг “Челси” клуби билан шартнома тузган ва 3 миллион еврога баҳоланмоқда.
Жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. У “Манчестер Сити” сафида барча мусобақаларда 29 та ўйин ўтказди ва уларнинг аксариятида асосий таркибда майдонга тушди. Хусанов ҳимоядаги ишончли ўйини, ажойиб техникаси ва ҳужумларни майдон чуқурлигидан бошлаб бериш қобилияти билан танилган, бу эса уни машҳур мураббий Пеп Гвардиола учун ҳақиқий топилмага айлантирмоқда.
Бундан ташқари, Ҳусанов аллақачон Ўзбекистон миллий терма жамоаси асосий таркибида мустаҳкам ўрин эгаллади, у ерда ҳам ҳимоя етакчиларидан бири ҳисобланади ва мунтазам равишда биринчи жамоа сафида майдонга тушмоқда, - деб ёзди sportarena.kz арена сайти.

Фикрлар