Сульшернинг МЮси синовдан ўтдими? (Эркин Ғайбуллаев блоги)

Иккала томон ҳам бир таймдан бўлишиб анча хавфли вазиятлар уюштиришди. «Қизил иблислар» биринчи бўлимни яхши ўтказишган бўлса «тақачилар» иккинчи бўлимда жонбозлик кўрсатишди. Хўш, учрашувдан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

  1. Поль Погба – ҳақиқий ўйин қаҳрамони

Погба ҳақида, унинг айни вақтда қанчалик яхши эканлиги ҳақида кўп ва хўп ёзилди, мубоҳасалар уюштирилди. У барча танқидларга муносиб жавоб берди. Франциялик ярим ҳимоячи буни Жозе Моуриньонинг истеъфосидан бери исботлашни канда қилмаяпти.

Погба «Уэмбли»да супер формасини намойиш қилди. Ҳимояланиш билан бирга жамоасининг қарши ҳужумларини ҳам аниқ паслари билан ривожлантириб турди. Ҳужумга кўпроқ қўшилишга рухсат олган ярим ҳимоячи «тақачилар» учун ҳақиқий бошоғриққа айланди. Ўйиндан кейин у Френк Лэмпарддан рухланишини тилга олди. У худди «Челси»нинг собиқ етакчиси каби ўйнамоқда.

Мусса Сиссоко уни биринчи бўлимда тўхтатишга уриниб кўрди. Ўйиннинг кўп қисмида буни уддасидан ҳам чиқа олди. Аммо бу вазифа унга қийинлик қилди ва биринчи бўлим якунига икки дақиқа қолганида жароҳат олиб майдонни тарк этди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас Погбанинг қарши ҳужумга чақмоқдек ўтиши Маркус Рэшфорднинг голи билан тугади.

Погба иккинчи бўлимни биринчисидагидек ўтказа олмади. Камроқ узатмалар берди, аммо ҳамма жойда ҳозир-у нозир бўлди. Ҳуллас, ҳақиқий ўйин қаҳрамони бўлди.

  1. Почеттино жаҳон даражасидаги мураббий!

«Тақачилар» биринчи бўлимда қийналишди. Улар тўпга эгалик қилиш бўйича етакчилик қилди, мақсади ҳам аниқ эди – гол уриш! Аммо меҳмонларнинг ҳар бир ҳужумидан гол ҳиди келиб турди. Сиссоконинг барвақт жароҳат олиши ҳам уларнинг ўйинига таъсир қилди.

Танаффусда эса Маурисио Почеттино ромб шаклида ўйнаган ярим ҳимоясини 4-2-3-1 га ўтказди. Бу уларга жон берди ва кўплаб хавфли вазиятлар яратишни бошлади. Аммо Давид Де Хеанинг супер сейвлари гол бўлишига йўл қўймади.

Кучли олтиликдаги рақибларига нисбатан кучсизроқ таркибга эга «тақачилар» оддий тактик ўзгаришлар эвазига ўйинда бурилиш ясашмоқда. Бу Почеттинонинг жаҳон савиясидаги мураббий эканлигини исботлайди. Шу туфайли ҳам унинг кашфиётлари трансфер бозорида талабгирга айланган.

  1. Ҳужумдаги тезлик - тажовузкор

Оддий тамойил, шундай эмасми? Ҳар қандай ҳимояга қарши тезкор футболчиларни «ташлаш» керак бўлди. Уларга қарши ҳимояланишда тўғри қарор қабул қилсангиз ҳам тезкор футболчилар барибир “тешик”ни топишади ва сизни осонликча таслим қилади.

Оле Гуннар Сульшер қўли остида МЮ ҳужумда тўлиқ тезликни ишга солмоқда. Тезкор футболчилар бошлашмоқда ва тўп чизиқлар орасида юқори даражада айланмоқда. Кўриниб турибдики, норвегиялик мураббий шогирдларидан тўпга камроқ тегинишни талаб қилган.

  1. Де Хеа – яна тенгсиз

Давид Де Хеа ўтган мавсум тугаганидан бери энг яхши ўйинларини ўтказолмай келаётганди. У Жаҳон Чемпионатида кўпроқ голлар ўтказиб юборди. «Олд Траффорд»да ҳам бу ишини давом эттирди. Бу унинг тўсатдан ёмонга айланиб қолганини англатмайди. Шунчаки клуб гол ўтказиб юборадиган жамоага айланиб қолди.

Сульшер қўли остида испаниялик дарвозабон яна чақнай бошлади. Аммо «тақчилар»га қарши учрашувгача у ёрқин ўйинини ўтказмаганди. У рақибнинг кўплаб ҳужумларини ажойиб сейвлари билан йўққа чиқарди.

Иккинчи бўлимда у ҳар қандай бошқа дарвозабондан ҳам кўпроқ сейвларни ижро этди. У яна эски спорт формасига қайтганини кўрсатди.

  1. Суьшер имтихондан ўтди

Сульшернинг тайинланишидан кейин клуб осонгина рақиблар тўсиҳидан ўтиб келаётганди. Унинг дастлабки беш учрашувининг барчасида ғалабага эришилди.

Бу учрашув Сульшерни кўп жиҳатдан имтихондан ўтказди. «Манчестер Юнайтед»да амалга ошираётган ўзгаришлари анча сезиларли ва улар кучли рақибга ҳам муаммо туғдира олишини исботлади. Уларнинг тактик ишланмалари самара берди.

Албатта унга бир тарафдан дарвозабон ҳам ёрдам берди. Агарда у Линделёфга муносиб шерик топа олса рақибларнинг хавфли ҳужумлари якун топади.

Ушбу ўйин норвегиялик мутахассиснинг МЮ да қаторасига олти марта эришган ғалабаси билан якун топди. Сульшер учун барчаси муваффақиятли тарзда бошланди. Эҳтимол у шундай рухда ишлашда давом этса «Олд Траффорд»га бошқа мураббий келмаслиги ҳам мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
16/01/2019 19:03
МЮ уйинида фергюсон почерки куриниб турибди. Сульшер ёмон мураббий эмас, лекин фергюсон борлиги сезилиб турибди
Shavkat Tursunov
16/01/2019 12:50
Pogba haqiqiy o'yin qahramoni ???? O'yindi o'zi ko'rdingmi? DeGea 11 ta seyf qildi, bulmasa hisob 5-1 bulardi Javob. Goli Reshford urdi, asiss Pogba. Yo Gap yoq Pogba zur o'ynadi, ammo o'yin qahromni emas.