“Манчестер Сити” Ҳусанов билан Қозоғистонга келмоқчи!
УЕФА Ижроия қўмитаси 2028 йилги УЕФА Суперкубоги учун учрашувни Қозоғистондаги “Астана Арена” стадионида ўтказишга қарор қилди.
Шу тариқа, 2028 йил август ойида қозоғистонлик мухлислар мамлакат пойтахтида Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари ўртасидаги учрашувни томоша қилиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, бу ўйин УЕФА шафъелигида нуфузли соврин учун ўтказиладиган энг шарқий ҳудуддаги учрашув сифатида рекорд ўрнатади.
Астанага УЕФА Суперкубоги учрашуви учун келадиган жамоалар қайси стадионларда аниқланиши ҳам маълум бўлди. 2028 йилги Чемпионлар лигаси финали Мюнхендаги “Альянц Арена”да, Европа лигасининг ўша йилги ҳал қилувчи баҳси эса Бухарестдаги Миллий стадионда бўлиб ўтади.
2009 йилда қурилган “Астана Арена” учун қитъанинг Суперкубоги баҳси тарихдаги энг нуфузли учрашув бўлади. Қозоғистон Суперкубок учрашувини қабул қиладиган 16-мамлакатга айланади.
Суперкубок учрашувнинг Қозоғистонда ўтказилишига “Манчестер Сити” мухлислари алоҳида эътибор қаратди. Бу бевосита “шаҳарликлар” таркибида ўйнаётган Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ.
“Манчестер Сити” мухлислари Суперкубокнинг ҳал қилувчи ўйини Ҳусановнинг юрти – Ўзбекистон билан қўшни бўлган Қозоғистонда бўлишини мамният билан қабул қилди ва жамоа айнан ана шу баҳсда қатнашишини истамоқда.
2023 йилги Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган Манчестер жамоаси ишқибозлари Астанада УЕФА Суперкубогини қўлга киритиш ўзбекистонлик ҳимоячи учун алоҳида аҳамиятга эга бўлишини таъкидлашяпти.
Фанатлар ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда қуйидаги фикрларни билдирди:
“Биз Ҳусанов учун бу совринни қўлга киритишимиз керак”.
“Биз Ҳусанов учун Суперкубокни унинг ватанига олиб борамиз (биламан, бу қўшни давлат)”.
“Футболчиларимиз ўша учрашувда майдонга тушиши керак”.
“Аввал Амстердам, кейин Астана. УЕФА ҳақиқатан ҳам битта орзу қилинган финал ва битта “парвозларингизга омад”, деган финални ташкил қилибди”.
Демак, “Манчестер Сити” мухлислари истаётганидек Абдуқодир Ҳусанов жамоадошлари билан Қозоғистон пойтахтига келиши учун 2027/2028 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси ёки Европа лигаси бош совринини қўлга киритиши талаб этилади.

Фикрлар