Суперлига ва Про-лига клублари вакиллари учун семинар ўтказилди

Биласиз, юртимизда янги футбол мавсуми старт олишига оз муддат қолмоқда. Айни пайтда жамоаларнинг футболчи ва мураббийлари қатори клубларнинг барча ишчи-ҳодимлари ҳам Суперлига ва Про-лига янги мавсумига қизғин ҳозирлик олиб бормоқда.

Бугун “Миллий” стадиони мажлислар залида Профессионал Футбол Лигаси Суперлига ва Про-лига клублари маркетинг бўлими ва мухлислар билан ишлаш бўлими ҳодимлари учун семинар ташкил этди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Семинарни ПФЛ Бош директори Омон Ғофуров кириш сўзи билан бошлаб берди ва яқинлашиб  келаётган янги мавсумни юқори даражада ўтказиш, чемпионатнинг ҳар бир учрашувини юқори савияда ташкил этиш, стадионларга мухлисларни янада кўпроқ жалб этиш – айни пайтда ПФЛ ва клублар олдида турган асосий вазифа эканини таъкидлаб ўтди. 

Семинар 3 қисмдан иборат бўлди. Дастлаб клублар маркетинг бўлими вакиллари олдидаги асосий вазифа ва мақсадлар муҳокама этилди. Сўнгра мухлислар билан ишлаш борасида, ишқибозларнинг стадионларга ташрифини ошириш бўйича эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида сўз юритилди. Якунда эса йиғилганлар ўтган мавсумдан хулосалар ва янги мавсум режаларини амалга ошириш борасидаги ўз фикр мулоҳазаларини биргаликда муҳокама этди.

Семинарнинг дастлабки қисмида ПФЛ маркетинг бўлими томонидан 2018 йилги мавсум сарҳисоби тингланди. Хусусан, 2018 йилда миллий чемпионатимиз ташкилий жиҳатдан анча олдинга қадам ташлагани, қўлга киритилган ютуқ ва кўзга ташланган айрим камчиликлар, айниқса, Ўзбекистон миллий чемпионати ўз тарихида илк бора титул ҳомийга эга бўлгани, ортда қолган йилда ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар билан ишлашдаги ўсишга алоҳида тўхтаб ўтилди. 

2018 йилда PEPSI Суперлигаси номи остида ўтган миллий чемпионатимиз ўйинлари ташкилотчилик жиҳатдан аввалги йиллардан анча ўзгача кўриниш олгани, учрашувлар трансляцияси пайти майдон четидаги реклама баннерлари анча кўримли жойлашгани турли компанияларда чемпионатга ҳомийлик қилиш истагини уйғотгани анча қувонарли ҳол экани қайд этилди.

Шунингдек, 2018 йилдаги ютуқларни янада ривожлантириш ва шу билан биргаликда айрим ҳолларда кўзга ташланган камчиликларни бартараф этган ҳолда 2019 йилги мавсумни янада юқорироқ даражада ўтказишда маркетинг бўлими ҳодимлари эътибор бериши лозим бўлган жиҳатлар тушунтириб ўтилди. Айниқса, ўйинга бўлган мухлисларнинг қизиқишини орттира олишда, стадионга ишқибозларни чорлашда яхши маркетинг сиёсати олиб бориш муҳимлигига алоҳида урғу берилди.

2018 йилда чемпионатнинг ҳар бир ўйинига ўртача мухлислар ташрифи анча ўсди. Янада томошабоп чемпионат ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Профессионал Футбол Лигаси 2019 йилда мухлисларнинг стадионга ташрифларини янада ошириш учун бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Бу борада Мухлислар билан ишлаш бўлими вакиллари ўз тақдимотларини намойиш этиб беришди. 

Алоҳида қайд этиш жоизки, мухлисларнинг миллий чемпионатимиз учрашувларига бўлган қизиқишини оширишда Профессионал Футбол Лигаси биринчи галда клубларнинг кўмагига ҳам таянади. Зеро ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга татбиқ этишда клублар томонидан ҳам амалий ишлар бажарилмаса, бу борада кўзланган маррага эришиш қийин. Шу сабабдан ҳар бир клуб маркетинг бўлими ва мухлислар билан ишлаш бўлими ҳодимлари мавсум давомида мунтазам равишда ўйинлар анонслари, афишалари, учрашув рекламаси, клуб брендини янада оммалаштириш, клуб ишқибозлари сонини орттириш бўйича мунтазам иш олиб бориши талаб этилади. Бунда клубларга ПФЛ маркетинг ва мухлислар билан ишлаш бўлимлари томонидан барча зарур амалий ёрдам бериб борилади.

Хусусан, ортда қолган мавсумда талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳияси (ёки шиори)ни ишлаб чиқиш масаласи ҳам янги – 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир клуб (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим бўлади. Бу орқали Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади. Зеро ҳар бир жамоанинг ўз рамзи ва мадҳиясига эга бўлиши – ушбу жамоани қўллаб-қувватловчи мухлисларни янада жипслаштириши жаҳон тажрибасидан маълум.

Европанинг кўплаб жамоалари мухлислари клуб мадҳиясини учрашувлар вақтида ҳам ўз севимли ўйинчиларини руҳлантириш учун жўр бўлиб куйлашади. Ушбу анъанани бизнинг клублар ишқибозлари ўртасида ҳам шакллантириш устида иш олиб борилади. Бу борада ПФЛ томонидан керакли тавсиялар 2018 йил сўнггида клубларга берилди. Бироқ ҳозирча ҳеч бир клуб томонидан бу борада амалий ишлар бажарилгани йўқ. Клублар мавсум старт олгунига қадар бу борада иш олиб бориб, клуб рамзи, шиори ва мадҳиясини яратиш бўйича танловлар ўтказиши белгиланди.

2018 йилда клублар стадионлари ҳудудида ўз расмий дўконларини ташкил этишди. Ушбу амалиёт аксарият клублар учун энди-энди тадбиқ этилаётгани сабаб айрим камчиликлар кузатилди. Жумладан, кўп ҳолларда ишқибозлар ҳарид қилишни истаган клуб атрибутикалари сотиладиган дўконлар фақатгина ўйинлар вақтида фаолият кўрсатди, холос. Янги мавсумдан эътиборан ҳар бир клуб расмий дўкони ўйинлардан ташқари вақтларда ҳам мухлисларга хизмат кўрсатиши таъминланади. Қолаверса, стадионлардаги ўйинлар вақтида сотиладиган егулик ва ичимликлар нарҳи ҳам мақбул тарзда бўлиши назорат қилинади.

Шунингдек, Суперлига учрашувлари учун чиқариладиган чипталар эндиликда фақат стадион кассасидагина эмас, сайёр кассалар орқали одам гавжум жойларда ҳам сотилиши йўлга қўйилади. 

Мухлислар билан ишлашни янада яхшилаш, жамоатчиликнинг миллий чемпионатимизга эътибори ва қизиқишини ошириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маҳалла жамғармаси ва Ёшлар Иттифоқи, турли таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгайтирилиб, етакчи футболчиларнинг жойларга ташриф буюриши ва ёшлар билан турли давра суҳбатлари ўтказиши орқали уларни соғлом-турмуш тарзига тарғиб этиш ишлари янада кўпайтирилади. Шунингдек, ўйинлардан ташқари вақтларда стадионларга ва клублар музейларига ёшлар учун экскурсиялар ташкил этиш ишлари янада кўпроқ амалга оширилади. 

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси 2019 йилда Суперлига учрашувлари вақтида стадионларимизга ишқибозлар ташрифи янада кўпайиши учун амалга оширилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!