Сурия термаси бош мураббийи: Ривожланиш борасида Ўзбекистон Қирғизистондан устунроқ
Бугун мазкур ўйин олдидан Бишкекда ҳар иккала жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Сурия терма жамоаси бош мураббий Бернд Штанге журналистлар томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг қандай умумий жиҳатлари борлиги борасида берилган саволга жавоб қайтарди.
"Жавоб бериш қийин. Муҳими, биз ҳар бир рақиб жамоани ҳурмат қиламиз. Рақибни менсимаслик деган нарса йўқ. Биз биламизки, сизларда яхши жамоа бор ва эртага бизга осон бўлмайди.
Ўйлашимча, Ўзбекистон ривожланиш борасида устунроқ. Инфратузилма, профессионал футболнинг ривожланиши - бу бошқа стандарт. Мен буни Тошкент ва Бишкекдаги икки куни ичида ҳис қилдим. Бу борадаги фарққа қарамасдан, мен сизларнинг федерациянгиз ва мураббийлар штаби профессионал эканлигини сезяпман", - деди Штанге.
Эслатиб ўтамиз, 6 сентябр куни Сурия терма жамоаси Тошкентда Эктор Купер бошқарувидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ўтказган ўртоқлик ўйинида 1:1 ҳисоби қайт этилган эди.
Фикрлар