Тезкор хабар! Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ФИФА талабига кўра 6 очкодан маҳрум қилинади
Халқаро футбол уюшмаси ФИФА Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этаётган Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клубидан 6 очко олиб ташлаш талаби бўйича шу йилнинг сентябрь ойида расмий мурожаат билан чиққанди.
ЎФА мазкур талаб юзасидан Профессионал футбол лигасини хабардор қилди. Бироқ ҳозирги кунга қадар “Бунёдкор” футбол клубидан 6 очко олиб ташланмади. Шунингдек, мазкур муаммонинг асосий сабабчиси бўлган украиналик футболчи Сергей Симоненко олдидаги қарздорлик масаласи расман ёпилгани бўйича маълумот ҳам тақдим этмади.
ФИФА низомига кўра, унинг тасарруфида бўлган футбол ассоциациялари талабни сўзсиз бажариши шарт. Йўқса, ташкилот биринчи навбатда Ўзбекистон футбол ассоциациясига нисбатан ўз санкцияларини қўллайди. Вазият жиддийлашса, ЎФАнинг халқаро майдондаги ўйинларда иштирок этиш масаласи ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, эндиликда ЎФА Ижроия Қўмитаси Профессионал футбол лигасини бугун — 16 ноябрь куни қабул қилинган №17 қарори билан расман огоҳлантирди ҳамда “Бунёдкор” футбол клубидан 6 очко олиб ташлашни талаб қилди. Бу борадаги мактубга ташкилот расмий шахслари имзо чекди. ПФЛ ФИФА томонидан қўйилган ушбу талабни сўзсиз бажариши, унинг матбуот хизмати эса бу ҳақда жамоатчиликни хабардор этиши керак бўлади.
Фикрлар