Тошкент бокс бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади

 

Жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунларида пойтахтимизда бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати маълум қилди. 

Маълумотларга қараганда, бу қарорни Осиё бокс Конфедерацияси Ижроия қўмитаси қабул қилди. Қитъа боксининг бир қатор юлдузлари иштирок этадиган мазкур мусобақада 1977 йилдан 1998 йилгача туғилган спортчилар қатнашишлари мумкин.

Таъкидлаш керакки, бокс бўйича биринчи Осиё чемпионати 1963 йилда Таиланд пойтахти Бангкокда бўлиб ўтган. Ўша мусобақада Япония терма жамоаси анчагина муваффақиятли иштирок этганлигини эътироф этиш керак. Эътиборлиси сўнгги Осиё чемпионати хам Таиландда ўтказилди. 10 кун давом этган мусобақада Қозоғистон терма жамоаси бешта олтин медаль билан умумжамоа хисобида 1-ўринни эгаллаган. Шунингдек ушбу чемпионатда Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари хам муваффақиятли қатнашишган.

Хабарингиз бор, Тошкент 2015 йилда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатига мезбонлик қилган ва ушбу мусобақа ташкилий жихатдан катта муваффақият билан ўтказилганди. Қолаверса ўтган йилги мавсумда пойтахтимиз бокс оламида энг нуфузли мусобақага айланиб бораётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VI мавсуми учрашувларини қабул қилди ва мазкур турнир ҳам юқори савияда ташкил этилди. Осиё бокс Конфедерациясининг катталар ўртасидаги қитъа чемпионати мезбонлигини бизга ишониб топширишида айнан шу омиллар ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 7 та медалга сазовор бўлиб нафақат Осиёда балки бутун жахонда бу борада энг яхши натижани кўрсатди. Дарвоқе, Олимпия ўйинлари чемпионлари Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳобиддин Зоировлар ҳам Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этишлари кутилмоқда.

Мазкур Осиё чемпионати шунингдек 2017 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш турнири вазифасини ўтаб беради. Жаҳон чемпионатида Осиё учун 60 та ўрин ажратилган бўлиб, ҳар бир вазн тоифасида 6 тадан энг яхши боксчилар унда иштирок этиш хуқуқини қўлга киритишади.

Сўнгги йилларда Осиёда бокс янада ривожланганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу борада жаҳон боксида ҳам ўз нуфуз ва обрўсига эга Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоаларидан ташқари шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Мўғилистон, Таиланд, Япония, Филиппин, Қирғизистон, Эрон, Тожикистон, Хитой Тайпейи, Туркманистон, Иордания, КХДР, Сурия, Малайзия, Вьетнам, Шри-Ланка, Ироқ ва Индонезия каби мамлакат спортчилари ҳам бугунги кунда бемалол совринли ўринларга даъворгарлик қила олишади. Бир сўз билан айтганда Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати ҳар жиҳатдан кескин ва муросасиз руҳда ўтиб, ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлиши турган гап.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)