Тошкентда Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерацияси I Очиқ чемпионати старт олди
Бугун, 15 февраль куни Гимнастика бўйича Республика болалар-ўсмирлар спорт мактаби мажмуасида Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясининг кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги I Очиқ чемпионати бошланди. Мусобақада Конфедерацияга аъзо мамлакат қиличбозлари – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон вакиллари иштирок этишмоқда. Беллашувлар олдидан турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Тадбирда Конфедерацияга аъзо мамлакатларнинг қиличбозлик федерациялари раҳбарлари, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари, Тошкент шаҳри ҳокимияти вакиллари иштирок этишди.
Маросимга ташриф буюрган бошқа мартабали меҳмонлар ҳам ўзларининг самимий тилакларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг Ватанимиз мадҳияси янгради ва мусобақа расман очиқ деб эълон қилинди.
Маълумот учун, мусобақа қиличбозликнинг ҳар уччала йўналишида ташкил этилмоқда. Турнир 17 февраль куни якунланади. Баҳслар соат 10:00 да старт олади.
Фикрлар