Тошкентга ФИФА мутахассиси ташриф буюрди

Маълумки, ФИФАнинг асосий вазифаларидан бири барча миллий ассоциацияларнинг футболдаги салоҳиятини намоён қилиш, турли ёшдаги терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги рақобатбардошлигини оширишдан иборат. Шу мақсадда ФИФА иқтидорларни кашф қилиш, уларнинг иқтидорини янада юксалтириш, академияларни қўллаб-қувватлаш, турли мусобақалар ташкил қилиш ва ўтказиш, ходимларнининг малакасини оширишга қаратилган турли дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда ҳамда амалга татбиқ қиляпти.
 
Мазкур дастур ФИФА аъзоси бўлган Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳам тааллуқли бўлиб, дастурдан ўрин олган масалалар бўйича муҳокама ўтказиш ва ишчи учрашув ташкил қилиш мақсадида ФИФА вакили Ульфа Скотта пойтахтимизга ташриф буюради. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. Унга кўра ушбу ишчи учрашув 29-31 март кунларига мўлжалланган.
 
Учрашув давомида ФИФА вакили дастурнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишади. ЎФА мутасаддилари ва ходимлари билан футболни ривожлантириш, ёш иқтидорларни кашф қилиш, турли ёшдаги терма жамоалар рақобатбардошлигини ошириш мавзусида фикр алмашади.
 
Тадбир сўнггида муҳокамалар бўйича хулосалар қилиниб, дастурдан келиб чиққан ҳолда келгуси режалар тузилади ва уларни амалга ошириш бйўича йўриқномалар берилади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!